ЗОМИН ХАЛҚ БОҒИ: КЕЛГУСИ АВЛОДГА НИМА ҚОЛАДИ?

Жаннатмакон Ўзбекистоннинг бетакрор гўзалликка эга гўшалари жуда ҳам кўп. Баҳорда чўл, ярим чўл ва даштлар баҳорий чечакларга бурканиб, инсонни ўзига жалб этса, ёзнинг жазирама иссиғида барча тоғларнинг салқин бағрига ошиқади. Ҳудуднинг тоза ҳавоси, салқин сувларидан баҳраманд бўлишни истайди. Юртимизнинг ажойиб, баҳаво масканларидан бири бўлган Зомин халқ боғи Жиззах вилоятининг Зомин тумани марказидан   25 км. узоқликда жойлашган. Халқ боғи шимолдан жанубга — 30 км, шарқдан ғарбга эса 17 км. гача чўзилган. Халқ боғи  1976 йили 8 сентябрда ташкил этилган бўлиб,  майдони  24110 гектар, шундан ўрмонлар — 12130 га,  ўрмон олди ерлари — 16783 га, ўрмондан узоқ ҳудудлар-7327гани ташкил этади. Боғнинг  энг юқори нуқтаси Шаукартау тоғидир. У денгиз сатҳидан 4030 метр баландликда жойлашган. Зомин халқ боғи ноёб тоғ арча эко тизимини сақлаб қолиш ва соғломлаштириш мақсадида ташкил қилинган эди. У икки ҳудудга: соғломлаштириш ва ҳимоя ҳудудларига ажратилган.

Туркистон тизмасининг жануби ва жанубий-шарқидаги мустаҳкам тоғ тўсиқларининг борлиги ва шимолий тарафдан ҳудуднинг анча очиқлиги боғнинг микро иқлимига сезиларли таъсирини кўрсатади. Геоботаник ҳудудлаштириш бўйича арча ўрмонларининг икки хил:  термофил ва микротермофил арча тизмалари мавжуд. Халқ боғи ҳудуди табиий шифохона саналиб, мазкур ўлка аҳолисининг севимли дам олиш масканига айланган. Боғда эко саёҳатчилар учун етарлича шароит ва қулайликлар яратилмоқда. Ушбу боғнинг ҳудудида 50 дан ортиқ шифобаҳш гиёҳлар ва озиқ ўсимликлари ўсади.

Зомин тоғлари  Туркистон тоғларининг шимолий тизмаларида жойлашган бўлиб, унда  бир-бири билан чегарадош Зомин давлат қўриқхонаси ва Зомин халқ боғи жойлашган. Зомин давлат қўриқхонаси Зомин ва Бахмал туманлари ҳудудида 26840 га майдонга эга бўлиб, 1960 йил ташкил қилинган. Қарағай ўрмонлари ҳудуддаги энг йирик ўрмонлардан ҳисобланади.  Қўриқхонада Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 14 та ноёб ҳайвонот турлари  ва 18 та ўсимликлар мавжуд. Ҳудуд 1913 йилдан буён турли даражада муҳофаза остига олингани сабабли, ноёб табиий ресурслар сақланиб қолган.

Зоминда 700 турдаги ўсимликлар ўсади ва улардан 2 таси Қизил Китобга киритилган. Табиий гиёҳлардан бўзноч, пуштирадиола,  қизилпойча, қизилқон ва ҳк. ларни топиш мумкин бўлса, манзарали ўсимликлардан  чиннигул, ёронгул, заъфар, заъфарон кабилар ўсади. Дарахтлардан четан, шилви (учқат) ёввойи олма ва ноклар ҳамда бошқаларни учратиш мумкин.

Ўсимлик дунёси тез-тез алмашиниб туриши боис ўрмон минтақаларидаги бутазорлар ва адир ҳудудлари ўзгариб туради.  Бевосита қўшни жойларда эса ўрмон, адир, юқори тоғ ва қояларининг ҳайвонлари истиқомат қилади. Бўрилар, тулкилар, бургутлар, лочинлар, қорбарслари ва Сибир эчкилари шулар жумласидандир.

Арча ўрмонлари ичида камёб қушлардан саналган говкаптар, деҳқон чумчуқ, қумри, қораялоқ,  Туркистон уккиси ва Туркистон чуғурчиқларини кўриш мумкин. Шунингдек бу ерда жуда ғалати қуш саналган, патлари қора, сариқ ва яшил бўлган, фақат арча уруғлари билан озиқланадиган  арча болта тумшуғи яшайди. Зомин баланд тоғларининг доимий ҳайвонлари қаторига Туркистон силовсини, қоралайлак, Марказий Осиё эчкиси ва оқтирноқли айиқларни киритиш мумкин.

1983 йилда қўриқхона ҳудуди бир ярим марта кенгайтирилиб, уни кейинчалик яна катталаштириш масаласи кўриб чиқилган. Ҳозирда Зомин қўриқхонасига биосфера қўриқхонаси мақоми берилган.

Зомин Халқ боғида табиат ёдгорликлари бисёр. Анашулардан бири қадимги “Бобоёнғоқ” дарахтидир. У  Зомин халқ боғида ўсиб, дарахтнинг тахминий ёши 350 йилни ташкил этади. Баландлиги 20 метр, шохларининг эни 28 м, асосининг диаметри эса 2,7 метрга тенг. Яна бир сайёҳларни доимо ўзига жалб этадиган табиат мўъжизаларидан бири Пешағор ғоридир. Ушбу ғор Пешағор қишлоғидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган.

Пешағор ғоридан топилган буюмлар муҳим археологик аҳамиятга эга эканлиги билан олимлар эътиборини тортган.  Булар эса, буғорнинг ибтидоий одамларга бошпана бўлиб хизмат қилганидан далолат беради. Ундан суяклар, уй-рўзғор анжомлари, сополдан ясалган бош ҳайкалчалар топилган. Ғордеворларида ибтидоий одамлар  чизган расмлар аниқланган.

Зоминтоғларида жуда ҳам булоқлар кўп. Уларнинг энг машҳури “Шербулоқ” бўлиб, у кичик ғор шаклида қурилган. Атрофи тошдан ясалган зиналар ва йўлакчалардан иборат. Унинг муздек суви шер боши шаклида ясалган тошдан оқиб туради ва булоқ номланишининг асоси бўлиб хизмат қилади. Сув таркибида калций моддасининг кўплиги сабабли ундан совутилган сутнинг таъми келади.

Зоминга ҳар йили минглаб фуқаролар дам олишга келади. Аммо аксарият юртдошларимизда экологик маданиятнинг етишмаслиги, фақатгина бир кун билан яшаш ҳисси афсуски Зомин халқ боғининг ноёб экотизимини аста-секинлик билан йўқолишига сабаб бўлмоқда. Зомин Халқ боғига қадам қўяр эканмиз, унга кираверишда қўриқлаш пости қўйилган бўлсада, на кираётган, на чиқаётган автоуловлар текширилмаслиги эътиборимизни тортди. Бемалол бита арчани кесиб, авттоулов юкхонага босиб олиб чиқилсада, постда турганлар буни сезмаслиги аниқ. Билишимизча, уларнинг асосий вазифаси Халқ боққа кираётган дам олувчилар сонига қараб 10 минг сўмдан пул йиғишдир. Аммо  олинган пулга на чипта берилади, на у бирор жойда қайдқилинади. Халқ боғнинг дам олиш ҳудудида йилдан йилга кўпайиб бораётган чойхоналар, дам олиш масканларида оддийгина чиқиндиларни йиғиш кўзда тутилмаган. Барча чиқиндилар дам олиш масканларининг ходимлари томонидан тоғлардан тушаётган сойга ташланади. Сой бўйлаб сайрга чиқсангиз бир зумда таъбингиз хира бўлади. Зеро, унинг қирғоқлари турли хил целофан пакетлар, ароқ ва ичимлик шишалари, баклашкаларга тўлиб кетган. Чойхоналар томонидан ўтин сифатида арчаларнинг кесиб ёқилиши, маҳаллий аҳоли томонидан тоғларда қорамолларнинг боқилиши, дам олувчилар томонидан шифобаҳшгиёҳлар, гулларнинг юлиб кетилиши,  арча шохларининг синдириб олиниши эса инсоннинг Зомин табиатига салбий таъсирини кучайтирмоқда.

Зоминнинг Ўриклисой дам олиш маскани энг гавжум жойлардан биридир. Масканни кесиб ўтгансой  озиқ-овқат қолдиқлари ва бошқа чиқиндиларга тўлиб-тошган. Йўлаклар узра экилган теракларнинг таналари пичоқ билан ўйиб ёзилган  турли хил севги изҳорлари-ю, дам олишга келганларнинг исмлари билан безатилган. Агарда аҳвол шу йўсинда давом этадиган бўлса, бирнеча йиллардан сўнг Зомин халқ боғи улкан, табиий бойлиги талон-тарож қилинган ахлатхонага айланиши мумкин. Бунинг олдини олиш, ҳудуднинг биохилмахиллигини асраш, дам олувчилар  ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи турли хил дам олиш масканлари фаолиятини зудлик билан қаттиқ назоратга олиш, халқ боғида фаолият юритиш қоидаларни бузган фуқароларга тегишли жазо чораларини кўриш зарур. Зеро, Зомин халқ боғи келгусида ўсиб келаётган  авлоднинг ҳам кўзини қувонтирсин.

Наргис ҚОСИМОВА