Қуйи Амударё биосфера резервати: борини сақлаб қола оламизми?

narg1-мақола

Қуйи Амударё биосфера резервати бугунги кунда Ўзбекистонда ўзига хос, бетакрор табиатга эга бўлган ҳудуд. Айнан ана шу ерда юртиммизда тобора ҳудуди қисқариб бораётган тўқайзорлар мавжуд. Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Амударё туманларида жойлашган Қуйи Амударё давлат биосфера резерватдаги ОАВ вакиллари учун Германия ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ)нинг  Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида “Экотизимларни сақлаш мақсадида жамиятнинг экологик маданиятини оширишда ОАВнинг роли” лойиҳаси доирасида ташкил этилган медиатурда журналистлар биосфера резервати ландшафтлари, тўқайлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг кам учрайдиган ва йўқ бўлиш хавфи остидаги турлари, ҳудуддаги бошқа табиий объектларни сақлаб қолиш, қайта тиклаш ва экологик ҳолатини яхшилаш, шунингдек, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.

Биосфера резерватининг умумий майдони 68717,8 гектардан иборат. Бу ердаги ўсимликларнинг 419 туридан 2 тури, ҳайвонларнинг 36 туридан 1 тури, балиқларнинг 43 туридан 12 тури, қушларнинг 246 туридан 23 тури Қизил Китобга киритилган. Бундан ташқари, ҳашаротларнинг 1124 тури учрайди.

Бадай-Тўқай қўриқхонасининг резерватга айлантирилишнинг сабаби шундаки, қўриқхонада фақат мониторинг, илмий ишлар олиб борилади. Биорезерватда эса муҳофаза этиладиган учта ҳудуд, яъни Бадай-Тўқай, Жумиртоғ ва Назархон қўриқланувчи зоналари мавжуд. Бу ҳудуд юртимиздаги қолган барча тўқайзорларнинг 75 фоизини ва Марказий Осиё тўқайзорларининг 20 фоизини ташкил этади. Тўқайзорлар табиий озуқа захирасига бой бўлгани туфайли ёввойи ҳайвонларнинг кўп турлари учрайди.

Биорезерватга яқинлашганимизда, катта йўлнинг қарама-қарши томонида “Қорақалпоқ цемент” АЖтининг иккита заводидан чиқаетган қора тутун ва цемент кукуни биорезерват устига ёғилаётганини кўрдик.

—  Афсуски Президентимизнинг тадбиркорликни қўллаб-қўвватлаш борасидаги қарори натижасида  цемент заводларнинг фаолиятини тўхтатишга имконимиз йўқ. Аммо улардан чиқаётган чиқинди биорезерватнинг биохилмахиллигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Оқибатда тўқайзорда жийда, туронғил дарахтлари камайиб кетди, дейди Худойберган Аметов, Қорақалпоғистон Респуликаси «Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қумитаси»нинг «Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладига табиий ҳудудлар масалалари бўлими» бошлиғи. Цемент заводлари Қораўзак туманида жойлашган бўлиб, бир йилдан буён ишлаб турибди. Ундан чиқаётган, чанг ва газсимон чиқиндилар, табиийки, ҳайвонларнинг нафас органларига, шунингдек, ўсимликларга зарар келтираётирю. Бугунги кунда мамлакатимизда табиатни, атроф-муҳит ва биологик хилма-хилликни асраш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, республикамиз ҳудудидаги атроф-муҳитни асраш, камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонлар ва ўсимликлар муҳофазасини кучайтириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда, Қуйи Амударё биорезерватида бой табиатимиз ва ёдгорликларимизни ўрганиш мақсадида экотуризм ишларининг ҳам йўлга қўйилаётгани муҳимдир. Маҳаллий ва хорижий туристларга резерват томонидан 3 та маршрут транспорти йўлган қўйилган. Улар биорезерват ҳудудида пиёда ва транспорт йўналиши билан ўрмон ҳудуди, бухоро буғуларини валер шаклида сақланиш жойи, Амударёда қайиқларда сайр қилиш ҳамда биорезерват ҳудудида жойлашган Жампиқ-қалъа, эски архитектура ёдгорликлига саёҳат қилиш (IX-X аср) ташкил этилмоқда. Шунингдек, биорезерват жамоаси мамлакатда иқтисодиётига фойда келтирувчи туризм соҳасини ҳам кенг йўлга қўйиш, бухоро буғуларини биорезерватнинг бошқа ҳудудларига тарқатиш ва маълум қисмини кўчириб ўтказиш, келажакда уларни ўрмонзорларга табиий шароитларга қўйиб юбориш режалаштирилган.

Аммо биорезерват бугунги кунда кўмакка муҳтож. Кўплаб сўғориш ишларига Амударё сувининг олиниши оқибатида тўқайзорга сув чиқмаяпти. Дарахтлар қуриб бормоқда. Биорезерват ходимларининг айтишича, уларнинг балансида иккита сув чиқариш учун насос бор. Аммо насосларни ишлатиш учун 2 км. узоқликдан электр сими тортиб келиш зарур. Бу анчагина маблағ демакдир. Унга ҳозир биорезерватнинг кучи етмаяпти. Ҳомийлар ёки соҳанинг мутасадди ташкилотлари биорезерватдаги ушбу маммоларни бартараф этилса, нафақат тўқайзордаги ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини, балки Оролбўйи иқлимининг ҳозирги қийин шароитида экологияни яхшилашга, ноёб тўқайзор ва унинг  ҳайвонот дунёсини сақлаб қолишга ўз   ҳиссаларини қўшишган бўлар эди.

Жуда ҳам кам маош олишсада, табиатни асрашга бел боғлаган, Қуйи Амударё биорезервати ҳудудида ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёсини сақлаб қолишда фаолият кўрсатаётган 30 га яқин соҳа ходимларини ҳақиқий  ўз касбининг фидойилари десак адашмаган бўламиз. Ҳудудда олиб борилаётган муҳофаза қилиш ишлари, Қорақалпоқ Давлат Университети, Нукус Давлат педагогика институти, Тошкент Аграр университети Нукус филиали ва бошқа бир қатор ўқув ва илмий муассасалар билан тузилган ҳамкорлик шартномаси асосида бу ерда илмий тадқиқот ишларининг ҳам олиб борилаётгани келажак ёшларнинг она табиатга бўлган муносабатларининг шаклланишига табиатни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан биридир.

Биорезерватнинг асосий бойлиги Бухоро бўғуси-хонгулдир. Уларни асраш борасида бу ерда илмий тадқиқотлар олиб борилаётир.

Биорезерватнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Оқилбек Туреевнинг фикрига кўра, бу ердаги бетакрор ва ноёб ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаб келгуси авлодга етказиш асосий вазифамиздир. Бу ер илгари Бадай-Тўқай қўриқхонаси бўлган ва табиий сув келиш жараёни 10-15 йил мобайнида анча камайиб кетди. Бу эса ўсимликлар дунёсининг ривожланишига тўсқинлик қилаяпти. Бадай-Тўқай бўлимида асосан Бухоро буғусининг кўпайиши йўлга қўйилган. Бухоро буғуси дунё бўйича 2500 бош бўлиб, Хонгул саккизинчи кенжа тур деб номланади. Шундан 1000 бошга яқини бизнинг биорезерватда. Яъни дунё бўйича энг юқори кўпайиш жараёни юртимизда экан. Бу ерга дастлаб 21 бош Бухоро буғуси ўтган асрнинг 70-80 йилларида келтирилган. Ўтган салкам 40 йилда 1000 бошга етиб қолди. Ҳудуддаги ўсимлик дунёси меъёрида бўлгани ҳамда инсонларнинг таъсири камлиги туфайли кўпайиш жараёни яхши бўлмоқда. Бу жонивор Қизил Китобга киритилган бўлиб, бошқа сайғоқ ва кийиклардан фарқи уларнинг шохи ҳар йили мавсумда янгиланади. Хонгул деб номланишининг ҳам рамзий маъноси бор. Агар бу ерда суғориш ишларини амалга оширмасак, келгусида ўсимликлар билан бир қаторда ҳайвонот дунёсининг ҳам йўқолиб кетиш эҳтимоли ошаверади. Чунки сувсизликдан нафақат ўсимликлар, балки ҳайвонот дунёси ҳам азият чекади. Марказда иккита насос бор. Унга 2 километрлик сим тортиш керак, холос. Муаммо маблағ масаласига бориб тақалаяпти. Ҳомий топсак, бас, деди у биз билан суҳбатда. -Бундан ташқари, Бухоро буғусининг бош сони кўпайиши ортганлиги сабабли ҳудуд торлик қилаяпти. Шу боис уларнинг ҳудудга яқин аҳоли, фермер хўжаликларининг ғалла, пахта майдонларига чиқиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бунинг олдини олиш учун уларни бошқа жойга, яъни Назархонга кўчиришимиз керак. У 322 кв. метр майдонни эгаллаган бўлиб, ўсимлик дунёси ниҳоятда бой ҳудуд ҳисобланади. Ўша ерга кўчириш учун махсус транспорт воситалари зарур. Гарчи Бухоро буғуси кўпайиб кетган бўлса-да, уларни овлаш ҳолатлари кузатилмайди. Чунки бу жониворлар асосан кечаси озиқланади. Қолаверса, уларни овлаганлик учун жарима ниҳоятда катта эканлигини аҳоли жуда яхши билади. Ушбу Биохилма хилликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга эришилмоқда. Масалан, ўтган йили шу даврда биргина Тўрткўл туманида 70 дан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган эди. Бу йил эса бу кўрсаткич 52 тани ташкил этди. Жорий йилнинг ўтган даврида биосфера резерватида 16 та ўрмон қонунбузарлиги аниқланиб, шундан 9273,5 минг сўм жарима ундирилди.

Биорезерват ва унга  туташ чегарадош ерларда саксовулларни кесиш ҳолатлари кузатилади. Инспекторларнинг айтишича бу  энг кўп содир этилаётган ҳуқуқбузриклардан биридир. Аксарият ҳолатда ҳуқуқбузарлик атрофдаги қишлоқларда табий газ йўқлиги, аҳоли асосан ёқилғи сифатида ишлатиш мақсадида бу ўсимликларни кесишида кўринади. Саксовуллар чўл ҳудудларда жойлашгани учун тўлиқ қўриқлашнинг имконияти кам. Техника етишмайди. Бир ёки иккита ҳудудни айланиб чиқишнинг ўзи етарли эмас. Демак, аввало, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш билан бирга,  одамларнинг экологик онгини ҳам шакллантириш  зарур. Табиатдаги ноёб ўсимликларни кўр кўрона йўқ қилмай, ўз томорқаларига тез ўсадиган, масалан терак экишса,  ёқилғи муаммоси қисман бўлсада ҳал бўларди, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган саксовулзорларни  бешафқатларча йўқ қилишнинг олди олинарди.

(давоми бор)

Наргис Қосимова

Тошкент-Нукус-Тошкент