ҚАШҚАДАРЁДА “БИР МИЛЛИОН ДАРАХТ” АКЦИЯСИГА СУВНИ ТЕЖАШ ЭКО-МАРАФОНИ UZWATERAWARE БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА  СТАРТ БЕРИЛДИ

Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғида ташкил этилган «Юксалиш» умуммиллий харакати ташаббуси билан амалга оширилаётган «Бир миллион дарахт»  акциясига «Сувни тежаш эко-марафони» UzWaterAware билан ҳамкорликда старт берилди. Акциянинг мақсади- ўрмонларни кесиш ва иқлим ўзгариши таъсирига  қарши курашиш,одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳит яратиш, Ўзбекистонда дарахтларни кўпайтириш ва ўстириш масалаларига эътиборини жалб қилишдир. Ушбу лойиҳа  йилда икки маротаба куз ва баҳор фаслида ўтказиш режалаштирилган.

-Боғимиз 8 гектар майдондан иборат бўлиб, унда  мингдан ортиқ дарахт мавжуд. Акция доирасида қрим соснаси экилди. Бизнинг кўчатлар ҳамма жойда бўлганлиги сабабли Европа дарахтлари шаҳримизга кўрк бағишлашини истаб, унинг кўчатларини танладик. Энг асосийси сув танқис бўлган Қарши шаҳрида мазкур дарахтлар янги инновацион технология – намликни узоқ ушлаб турувчи гидрогель орқали экилганлиги сабабли яхши самара беради, деган умиддаман, дейди “Ватанпарвар” боғининг директори Т.Шукуров.

Акцияга  Европа иттифоқи томонидан молиялаштирувчи “UzWaterAware” Марказий Осиё ҳудудий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали лойиҳаси аъзолари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар кўмагида сувни тежовчи воситалар “Гидрогель” ёрдамида кўчат экиш ташкил этилди ва бу борада маҳорат дарслари ўтилди. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, сув танқис ҳудудларда ҳам дарахт кўчатларини бемалол ўстириш мумкин. Кўчат илдизига қўйилган махсус қоришма намликни узоқ вақт сақлаб туриш имконига эга.

“Ал-Бухорий” номидаги илмий жамоа агрономи Алишер Турдиматовнинг фикрича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган инновацион маҳсулот бўлиб, у Австралияда ихтиро қилинган. Дунё бўйлаб 5 та давлатда ишлаб чиқарилади. МДҲ мамлакатларида эса фақат Ўзбекистонда. Бизнинг маҳсулотимиз бошқа давлатларнинг гидрогелидан фарқи шундаки, уларда фақат намликни  ушлаб туради, бизники эса ўсимликлар учун зарур бўлган барча биоэлементларни ўз ичига олган. “Бир миллион дарахт” акцияси доирасида Марказий Осиё ҳудудий экологик маркази билан ҳамкорликда вилоятларга гидрогель етказиб бериб, дарахтларни улар ёрдамида экилиши, кўчатларнинг яшаб қолинишини таъминлайди. Энг асосийси қуришга қараб кетаётган дарахтлар ҳам яшаб қолади.

Шундан сўнг акция иштирокчилари Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида ҳам бўлишиб, талаба ёшлар иштирокида филиал ҳовлисига кўплаб манзарали кўчатлар ўтқазишди.

  • Институт талабалари иштирокида 100 та кўчат филиал боғига гидрогель ёрдамида экилди. Бу жуда муҳим. Бу талаба- ёшларни сувни тежовчи технологиялар билан танишишга ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, табиатни асрашга ундайди. Янги технологияни келгусида янада оммалаштиришга ҳисса қўшишади, дейди Қарши филиали директори О.Турғунов.

Филиалнинг 4-босқич талабаси Муҳиддин Уроқов ҳам акцияда фаол қатнашди. Унинг фикрига кўра, акция барча Ўзбекистон ёшларини атроф-муҳит муҳофазасида бирлаштиради. Бугунги кундаги дарахтларанинг кесилиши,  ҳавонинг ифлосланиши муаммолари  барчамизни ташвишга солаяпти. Айниқса Қаршида сув муаммоси жуда ҳам долзарб. Дарахтларнинг гидрогель ёрдамида экилиш жараёни жуда қизиқ. Албатта буни бошқа ёшлар ўртасида ҳам тарғиб этамиз, дейди у.

“Бир миллион дарахт” акцияси вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этади ва албатта қисқа муддатда нафақат Қашқадарё, балки бутун Ўзбекистон яшилликка бурканади.

Н.Қосимова