НАВОИЙ  УЛКАН ИМКОНИЯТЛАР ЧОРРАҲАСИДА,  аммо вилоят атмосфера ҳавоси талабга жавоб берадими?

Кейинги пайтларда кенг жамоатчилик ўртасида саноат корхоналари ва автотранспорт парки фаолияти натижасида атмосфера ҳавосига ташланаётган заҳарли, зарарли газлар ва ёқимсиз ҳидлар фуқароларни безовта қилаётганлиги тўғрисида фикр ва мулоҳазалар кўпайганлиги ҳеч кимга сир эмас. Албатта, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди.

Умуман олганда, Навоий вилояти атмосфера ҳавоси кучли ифлосланганлигини яширишга ҳожат йўқ. Металлургия, кимё ва машинасозлик марказлари бўлган Навоий шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси анча юқори эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиздир. Вилоятимиз ҳавоси бошқа қўшни мамлакатлардан, транзит холатда, келадиган зарарли бирикмалар билан ҳам ифлосланади. Орол денгизининг қуриган тубидан ва Қизилқумнинг деградацияга учраган майдонларидан кўтарилаётган чанг ва тузлар ҳам атмосфера ҳавоси сифат кўрсатгичларига жиддий таъсир қилмоқда.

  Маълумки, Ўзбекистон шиддат билан ривожланаётган ёш мамлакатлар қаторига киради, Республикани асосий ва етакчи соҳаси бўлган саноатга ҳам янги, яшил технологиялар кириб келаётганлигини таъкидлаш лозим, бу борада Навоий вилояти саноатининг ҳам  ўрни беқиёсдир.

Таъкидлаш лозимки, Навоий вилоятининг иқтисодий йўналиши кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, электр энергия, олтин қазиб олиш, уран, цемент хом ашёси, пахта, чорвачилик маҳсулотлари ҳамда дон, картошка, мева, полиз экинлари, узум етиштиришга ихтисослаштирилган.

Жумладан, Навоий вилоятида атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрса-тувчи металлургия, иссиқлик энергетикаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автотранспорт ва кимё саноати сохасида фаолият кўрсатаётган  769 та корхоналар давлат экологик назоратига олинган объектлардир. Шундан  492 таси саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ва 277 таси транспорт  корхоналаридир.

Вилоятнинг энг йирик саноат корхоналари Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмалари, НГРЭС, “Навоиазот”АЖ, “Қизилқумцемент”АЖ, «Электрокимё»  ЁАЖ, “Навоийдонмаҳсулотлари”АЖ, «Ғозғон» АЖ ва …

Вилоят ИИБ ДАНБ томонидан тақдим этилган маълумотга асосан вилоятда 83251 та автотранспорт воситаси мавжуд бўлиб, уларнинг 68800 таси шахсий, 14451 таси давлат тасарруфидаги транспорт воситалари  ҳисоб-ланади.  Мавжуд автотранспорт воситаларининг 28052 таси сиқилган табиий (СПГ) ва суюлтирилган (СНГ) нефть газида ишлайди. Мавжуд газлаштирил-ган автотранспорт воситаларининг 21478 таси шахсий,  6574 таси давлат тасарруфидаги транспорт воситаларига тўғри келади.

Маълумки, Навоий вилояти атмосфера ҳавосини ифлословчи асосий модда ва бирикмаларга: аэрозоллар, қаттиқ заррачалар, қурум, азот оксид-лари, углеводород ва олтингугрт оксидлари, метал оксидлари ва бошқалар киради.

Вилоят саноат корхоналарида, бир йил давомида, 683600 тонна чанг ва газ хосил   бўлади, 578 та чанг — газ тозалаш ускуналари, ўша массанинг 92,7 фоизини ушлаб қолади ва жами 7,3фоиз газ ва чанглар  ҳавога ташланади.

Таъкидлаш лозимки, Навоий вилояти атмосфера ҳавосига ташланадиган зарарли ва заҳарли газ ва чангларнинг 41,1фоизи барча транспорт паркига ва қолган 58,9 фоизи асосан, вилоятнинг барча саноат корхоналарига тўғри келади.

2018 йил мобайнида, вилоят бўйича ташланган зарарли газ ва чанглар-нинг 51,0 фоизини Навоий тоғ-кон металлургия комбинатининг йирик саноат корхоналари (НМЗ, ГМЗ-1, ГМЗ-2, ГМЗ-3) ташкил қилган.

“Қизилқумцемент” очиқ акционерлик жамияти — 19,0 фоиз, “Навоийазот” акционерлик жамияти -13,0 фоиз, Навоий вилоятининг энергетика соҳасидаги Навоий ИЭС, Навоий электр тармоқлари корхоналари – 6,0 фоизни ташкил этган.

Атмосфера ҳавосининг сифат кўрсатгичлари бевосита таъсир этувчи омиллар ичида энг муҳими чанг-газ тозалаш қурилмалардир. Бу қурилмалар  энг самарали ишлаётган корхоналар жумласига «Қизилқумцемент» АЖ за-водлари (99,4 фоиз), “Навоийдонмаҳсулотлари” корхонаси (95,9 фоиз) киради   ЧГТУ самарадорлиги паст бўлган корхоналар қаторига  «Навоийавтойўл» корхоналари — 41,6 фоиз ва “Навоийэлектрокимё заводи”ни -17,3 фоиз  киритса бўлади.

Навоий ИЭС томонидан ташланаётган ташламалар чанг ва газ ушлаш қурилмаларисиз, тутиб колинмасдан ташланмоқда.     

Навоий  вилоятида  иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, экологик  мувозанатни сақлаш ва аҳоли саломатлиги учун қулай шарт-шароитлар яратиш, табиатдан оқилона фойдаланишнинг иқтисодий ва экологик асосланган услубларига ўтиш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинган бўлиб мазкур соҳа бўйича ҳукуматимиз  томонидан белгилаб берилган кўрсатмалар ва устивор вазифалар асосида ўтган даврда бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2018 йилда вилоят худудидаги йирик саноат корхоналари томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича жами  74 та тадбирлар бажарилиб, 4,6 миллиард  сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Натижада, вилоят атмосфера ҳавосига ташланадиган зарарли моддалар миқдори 2019 йилда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан  7792,0 тоннага камайди (хусусан, НКМК ДКда 1710,0  тоннага, “Қизилқумцемент” АЖда 100,0 тоннага,   “Навоий ИЭС” АЖда 20,0 тоннага…).

Хусусан, “Навоийазот” АЖда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари асосида янги технологияни жорий қилиш бўйича қуйидаги йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда:

  1. Хитой технологияси асосида поливинилхлорид (ПХВ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси (ПҚ № 2272, 16.12.2014 й.).
  2. Япония технологияси асосида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши (ПҚ № 2372, 21.07.2015 й.).
  3. Швецария технологияси асосида азот кислотаси ишлаб чиқаришини ташкил этиш (ПҚ № 2521, 15.04.2015 й.).

Швецария технологияси асосида азот кислотаси ишлаб чиқариш корхонаси 2019 йилнинг охирида ишга тушиши билан эски аммиак ишлаб чиқариш 1 ва 2 навбати ва азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи (5-цех) фаолияти тугатилади. Поливинилхлорид (ПХВ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси жорий йилнинг 3-чорагида ишга тушиши билан 107-цех капитал таъмирлаш учун тўлиқ тўхтатилади.

Бу тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида атмосфера ҳа-восига ташланадиган азот оксидлари, аммиак, хлорид кислотаси миқ-дори  кескин камаяди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоятимиз, хусусан Навоий шаҳри атмосфера ҳавосининг сифат кўрсатгичларини яхшилаш борасида бир қатор таклифларимиз  ҳам бор:

  • Ўзбекистон Республикаси “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш.
  • Ташкилот ва ишлаб чиқариш корхоналарида атмосфера ҳавосига ташланадиган зарарли газларни автоматик назорат қилиш ускуна-ларини ўрнатиш.
  • Йирик саноат корхоналарининг ҳозирги мавжуд ҳудудларини кенгайтирмаслик, бошқа қўшимча цехлар қурмаслик масаласи бў-йича тегишли давлат органларига мурожаат қилиш.
  • Саноат корхоналари тармоқларида мавжуд газ-чанг ушлаш ускуна-ларнинг самарадолрлигини 99,0 фоизга етказиш.
  • Навоий шаҳрининг саноат мажмуаси ва аҳоли яшаш пункти ўрта-сида ўрнатилган 1000 метр кенгликдаги “Яшил қалқон” зонасида уйлар эмас, дарахтлар экишга эътибор бериш.
  • Вилоят атмосфера ҳавосида чанг кўрсатгичи кўплигидан келиб чиқиб, йўлларга, қурилиш участкаларида ва шаҳар кўчаларига сув сепиш тизимини тиклаш.

 

 

 

 

Эшмамат ТОҒАЕВ,. – Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилоят Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари