Tashkent Cityда Туркия билан ҳамкорликда Марказий Осиёдаги энг баланд бино қурилиши бошланди

Бўлажак Tashkent City ҳудудидаги Lot№4 қурилиш жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Ушбу объект Марказий Осиёдаги энг баланд бино бўлади. Лойиҳа  Murad Buildings ва Туркиянинг  «Озгювен» компаниялари томонидан амалга оширилмоқда.

Murad Buildings компанияси раҳбари Мурад Назаровнинг сўзларига кўра, Tashkent City ҳудудида бир ярим гектардан ортиқ майдонда баландлиги 215 метрдан ошадиган осмонўпар бино қурилади. Ушбу Марказий Осиёдаги энг баланд бино 50 қаватдан иборат бўлиши кутилмоқда.
-Биз икки йилдан буён халқаро миқёсдаги лойиҳа устида ишлаяпмиз ва уни жаҳон стандартларига мос амалга оширамиз. Мен Туркиянинг «Озгювен» компанияси билан ҳамкорлик қилаётганимиздан хурсандман.  Биз биргаликда орзуни амалга ошириш учун ҳаракат қилмоқдамиз, деди у.

Лойиҳа устида 500 нафардан ортиқ мутахассислар ишлашди. Уларнинг ичида Туркиянинг нуфузли университетларининг профессорлари ҳам бор.  Лойиҳада асосан янги технологик қарорлар амалий ечимини топган.

“Осмон барча учун” шиори остида қурилаётган бу лойиҳадан хоҳлаган инсон ўз масканига эга бўлиши мумкин.

Туркиянинг «Озгювен» компанияси Директорлар Кенгашининг раиси Озгюр Озгювеннинг фикрича,  барча ишлар жуда ҳам синчиковлик билан олиб борилган тадқиқотлар ва ишланмалар асосида олиб борилмоқда.

Tashkent City қурилиш майдони  саккизта лотга ажратилган ҳолда барпо этилмоқда. Шу пайтгача 7 миллион куб метр тупроқ ишлари бажарилиб, элликдан зиёд бинога мустаҳкам пойдевор яратилди. Бугунги кунда бетон каркаслар ва деворлар қуриш, муҳандислик тармоқлари тортиш ишлари олиб борилмоқда. Бизнес марказда офислар, хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, дўконлар ҳам жой олади.

Наргис ҚОСИМОВА