ҚАЙСИ ДАВЛАТДА КРАНДАН СУВ ИЧИШ МУМКИН?

Ҳозирги кунда дунёнинг 187 та мамлакатида крандан оқаётган суюқликни ичиш мутлақо ман этилади. АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги «Касалликлар профилактикаси ва назорат қилиш маркази» федерал агентлиги  сайёҳлар қўрқмай водопровод қувуридан сув ичиш мумкин бўлган ва  мумкин бўлмаган давлатлар рўйхатини эълон қилди.

Унга кўра, Гренландия, Англия, Финляндия, Исландия,  Канада, АҚШ, Испания, Польша, Япония, Италия, Сингапур, Австралия, Чили, Германия, БАА, Жанубий Корея, Швеция, Қувайт, Греция, Чехия, Эстония, Янги Зеландия ва яна 22 та мамлакатда водопроводдан оқаётган  сувни қўрқмасдан ичиш мумкин.

187 та давлатда сайёҳлар сувни, яхшиси, қадоқланган шишаларда харид қилгани маъқул. Бу ҳар доим ҳам мазкур мамлакатларда сув хавфли ёки ўта ифлослигини англатмайди. Кўп ҳолларда бу сув таркибининг турли нохушликларни келтириб чиқариши билан боғлиқ.

Қуйидаги мамлакатларда крандаги сувни ичишдан сақланиш тавсия этилади. Буларга  Украина, Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон, Туркия, Марокаш, Чад, ЖАР, Ҳиндистон, Хитой, Индонезия, Аргентина, Бразилия, Мексика, Туркманистон, Тожикистон ва бошқалар киради.

Тадқиқот ўз ичига  сувнинг тозалик, минераллашув, истеъмолчига етказиб бериш жараёнида ифлосланиш даражасини инобатга олган.

Наргис Қосимова