Сув табиатнинг энг ноёб, нодир ҳамда бебаҳо бойликларидан бири ҳисобланади. У бутун тирик жонзот, инсон, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси учун ҳаёт, яшаш манбаидир. Сув табиий атроф-муҳит мувозанатини сақлаб, уни 5 мўтадил ҳолатда ушлаб турувчи асосий омил ролини ўйнайди. Шунингдек, сув халқ хўжалиги, саноат, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқаришда асосий воситалардан биридир. Мамлакатимиз суғориладиган деҳқончиликка эга бўлиб, бунда сув муҳим роль ўйнайди.
Сув ҳаётимизнинг мазмуни, умримизнинг бир бўлагидир. Сайёрамизда сув пайдо бўлганидан кейингина ҳаёт пайдо бўлган. Шу сабабдан ота-боболаримиз сувни сақлашга, ундан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берганлар.
Дарвоқе, сув инсоннинг нафақат нафсини, чанқоғини қондиришга, балки уни поклаш учун, иймонини, эътиқодини мустаҳкам сақлаш учун ҳам зарур табиий воситалардан биридир. Сув беҳад катта қудратга эга. У энг митти гиёҳдан тортиб, жамики жонзотга ҳаёт бахш этади. Бизга қувонч, яхши кайфият бағишлайдиган турфа гуллардан тортиб, боғ-роғлар, полиз экинлари сув билан тирик.
Тарихшунос олим С.А.Семеновнинг хулосасига кўра қадимги цивилизация ўчоқларида (Миср, Месопотамия, Хитой, Ҳиндистон, Марказий Осиё) бирон бир қабила, миллат, ёки давлатни босиб олиш учун авваламбор уларни сувсиз қолдирганлар. Бунинг учун душманлар дарё, канал ёки ариқларда ўрнатилган сув иншоотларидан фойдаланганлар, яъни улар орқали сувни тўхтатиб қўйганлар, аҳоли пуктига оқаётган сувни бошқа жойларга буриб қишлоқ ёки шаҳарларни сувга бостириб юборганлар. Ҳозирги кунда ҳам, айниқса иссиқ ва суғорма деҳқончилик тарқалган ўлкаларда, сув иншоотлари миллат ва давлат хавфсизлигини таъминлаб турувчи омил сифатида қаралади.“Сув учун кураш ҳаёт учун кураш” деб бежизга айтишмаган. Зеро, инсоният ҳаёти давом этиши учун одамлар сувни, ердаги сув манбаларини, аввало тоза сувни эҳтиёт қилишлари лозим.
Сув табиатда кенг тарқалган, ер юзининг қарийб 3/4 қисмини ташкил қилади. Гидросфера умумий ҳажмининг қарийб 94 фоизи океан ва денгизлардир; 4 фоизи ер ости сувларига, 2 фоизи муз ва қорларга (асосан, Арктика, Антарктида ва Греландия), 0,4 фоизи қуруқликлардаги сувларга (дарёлар, кўллар, ботқоқликларга) тўғри келади.Атмосфера ва организмларда ҳам сув бор. Ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотларга кўра ер юзасига бир йилда ёғадиган ёғин миқдори қуруқлик ва океанлар юзасидан буғланадиган сув миқдорига тенг экан.
Сувнинг кенг тарқалганлиги ва унинг инсонлар ҳаётидаги аҳамияти катталиги туфайли қадимдан ҳаёт манбаи ҳисобланади. Қадимги дунё файласуфлари фикрича сув тириклик учун зарур бўлган 4 унсурнинг биридир (олов, ҳаво, тупроқ қатори).
Жумладан, тарихий –адабиёт ёдгорлигимиз бўлмиш Авестода сувга алоҳида муносабат билдирилган. Тоза сув билан боғлиқ кўл, қудуқ ва булоқларга ҳар қандай нопок нарсалар яқинлашмаслиги керак, деб ҳисобланган. “Покиза сув ва ёниб турган олов қаршисида гуноҳлик қилган зотнинг дўзахда топгуси жазоси бу дунёнинг жамийки дарду озорларидан мудҳиш”…(“Вандидод”, 4-фарагард, 54-банд) деб огоҳлантирилган.
Муқаддас Қуръони Каримда ҳам сув билан боғлиқ оятлар келтирилади. “Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми?” (Воқиъа сураси)…барча жонли мавжудотни сувдан (пайдо) қилганмиз кўрмадингларми?” (Анбиё сураси). ХХ аср охирига келиб инсоният олдида сув тақчиллиги муаммоси пайдо бўлди. БМТ томонидан келажакда инсониятни тоза сув билан таъминлаш муаммоларига бағишланган Сув ресурслари бўйича 3-жаҳон форуми ўтказилган (2003, Киото). 2003 йил Халқаро тоза сув йили деб эълон қилинди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Атроф-муҳит муҳофазаси” дастури (ЮНЕП) маълумотларига кўра сайёрамиздаги дарёларнинг ярми жиддий ифлосланган.
Ер шари аҳолисининг 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Яна 30 йилдан сўнг тоза ичимлик суви танқис ресурс бўлиб қолиши мумкин. Ҳар йили тоза ичимлик суви танқислиги туфайли 1,2 млн киши турли хил хасталикларга дучор бўлмоқда. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЕ) маълумотига кўра, ҳар йили 5 млн киши ифлосланган ва сифатсиз сувдан истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда.
Бундай шароитда сув захираларидан тежамли оқилона, самарали, илм-фан тавсиялари асосида фойдаланиш ва унинг муҳофазасини тўғри таъминлаш бугунги куннинг биринчи даражали вазифаларидан биридир. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги миллий қонунни қабул қилган. Ушбу қонун 29 боб, 199 моддадан иборат. Ўзбекистон Республикасида сувга оид муносабатлар ушбу қонун ҳамда унга мувофиқ чиқарилган сув тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак сув фақатгина одамлар учун эмас балки атрофимиздаги бошқа эҳтиёжларимиз учун ҳам зарур бўлган ноёб бебаҳо бойлигимиздир. Уни ўз вақтида тежамкорона ишлатиб келажак авлодга ҳам борича етказишимиз керак.
Ферузбек САЙФУЛЛАЕВ,
Бухоро вилояти Когон шаҳри