ЧАКАЛАКЗОР “МАУГЛИ”СИ

Лангардарёнинг ўнг елкасида, тўғриси кун чиқиш тарафида, асрий  “Минг дулона” қирининг этагида Абдисамад бобонинг чакалакзори бор.  Салкам бир ярим километр келадиган қиялик деярли жарлик қўйнида жойлашган. Бу чакалак Ўртакентга қўнғиротлар кўчиб келиб жойлашган ва улар Қўнғиротмозорга қўйила бошлаган замонлардан ҳам анча бурун борлиги, чакалакзор атрофида узумзор, олмазор яратган боғбонлар ҳам табиий ўрмонзорни йўқотиб, ўрнига боғ қилишга уринишгану уддасидан чиқишолмаган. Сабаби, бу чакалакзор ўша даҳшатли Нуҳ туфонидан кейин Тетис уммонидан сув тортила бошлаган пайтларда Лангар тоғ этакларини бус-бутун катта ўрмон қоплаган даврлардан нишона бўлса ажабмас. Адоғи дарё ёқалаб кетган боши Даралисойга ошув жойга етадиган бу кичкина жўнгли, қанча ҳужум бўлганига қарамай, айни пайтда ҳам ўз кўрку тароватини йўқотмаган.

Ҳамма жойидан жимирлаб каптар кўзли булоқчалар оқиб ётади. Ўт-ўлан, майса-гиёҳлар “киприги”дан  мултираб, мултираб сизган булоқчаларда, чакалакзорни абадий яшашга муҳр босган. Энг қизиғи, ҳали-хануз ёввойи хилқат ҳукумронлик қилади. Аъзойи бадани зирапча-тикондан иборат ўттиздан зиёд буталар юзга яқин тирик жоннинг тирикчилиги шу ердан ўтади, десам ишонаверинг. Эрта кўкламдан тиканли таналарга “жон“ киради, куртак чиқаради., ҳадемай минг алфозда гулга киради. Ўша пайти жураъат қилиб, бу маконга бош суқсангиз, гулу гиёҳлар атридан масту боормон бўлишингиз тайин. Биринчи бўлиб бўтакўз гулидай бўзрайиб маймунжон гуллайди. Чакалакзорни ёппасига қоплаб олган “Маймунлар жони” кеч кузгача мева тукканидан атроф гўё кигиз қоплаган ўтов каби ҳимоя қилади. Ҳамиша шавуллаб турадиган тоғ тераклари осмон билан бўйлашиб, пасмак бўталарни қахратон ёки жазирама офтобдан асрайди. Тоғ олча, қора, қизил дўлана, итбурун, қайрағоч, зағизғон экиб кетган ёнғоқлар, ёввойи ўриклар, турган –битгани тикану мағизли данак берадиган бодомча (қарғанаклар) ҳам бу маконни , қўй-эчки, қорамол қутқусидан ҳимоя қилади. “Қуш бутага, бута Худога сиғинар эмиш”, деганларидек бу хилватжойда қанотлиларнинг ўниб-ўрчишига гап йўқ. Апрелнинг адоғида узоқ-узоқлардан катта қушлар қанотига осилиб келадиган сайроқи булбуллар, шундоққина буталар устига тахсимчадай ин қуриб, 7-8 та тухум қўйиб, бола очиб, айни шу пайтда тинимсиз сайраб, саратон адоғида хайр –маъзурни насия қилиб, бола-чақасини эргаштириб, жўнаб қолади. Чакалакда қишин-ёзин яшайдиган зоҳчалар, қарғалар, майнаю ҳаккалар, қийғиру қора қуш, ҳатто чумчуғу ғурраклар тонг ва шомда ҳеч кимга гап бермай шундай сайраб берадики, шовқин сурондан қулоғингиз том битади. Бирор марта аёллар гап-гаштагига бош суққанмисиз? Ўзини эрдай эркин тутиб, “тулки”дан “шер”га айланиб улгурган аёллар бир-бировига гап бермай гапира бошласа, худди ўша Абдисамад бобонинг чакалакзоридаги қушлар бозорига тушиб қолгандай ҳис этасиз. Яна бир томони бу чакалакзорнинг ҳайвонот олами ҳам ранг-баранг. Жайраю кирпилар бу тиканзорнинг доимий хўжайини.

Узоқ яшамаса ҳам тез кўпаядиган товушқону қашқалдоқ (бурсиқ)лар ҳибсхонада ётгандай бехавотир яшайди. Чунки, бу маконга милтиқ кўтариб келиб, бирор жонзотни бежол қилса ўлжасини эмин-эркин топиб ололмайди. Ҳаваскор овчилар эса таваккал қилишдан чўчийди.

Илон дегани айни шу чакалак учун яратилган. Айни шу маконда илонларнинг мингдан бирови қирқ йил тупроқ ялаб, сабр-тоқат қилиб, елкасига ёл битиб, пешонасига ёзилган бўлса юз мингдан бирови қанот чиқариб боботоққа учиб кетишига шарт-шароит бор. Ҳар замонда Минг дўлана қиридан енгмак ва кавуллар буғзидаги уясидан сувлоққа эниб келадиган капчабош, ўта заҳарли, думи чўммоқ, калтамор илонлар, ҳам тили билан сув ичиб, қониққан, эринчоқлик қилиб чакалакзорда қолиб кетади. Бандаргоҳга сув боғлагани келган одамлар уларни онда-сонда кўриб қолади. Бундан етмиш-саксон йил бурун чакалакзор атрофидаги узумзор боғларга қаровулчилик қилганлар ўрмончадаги мешполвон, олагужон, олмахон, тоғ сувсари қундуз каби ҳайвонлар яшаганини кўришган. Улар орасида энг қизиқарлиси. Тус-таровати айрон солинадиган мештулумга ўхшаш, юнгсиз,  боши ҳам, кети ҳам йўқ, юрганда шилқ-шилқ қилиб юрадиган жонзот ҳаммани қизиқтирган. Бу жонзотнинг бировини олтмишинчи йилнинг бошида Аҳмад исмли овчи охирги марта чакалакзор адоғидаги тошлоқда кўргану, бошқа ҳеч ким қорасини ҳам, шарпасини кўрмай кетган. У ҳақида тинмай сўраб-суриштирдим. Қўлланма китоблар ҳам бу ҳақда лом-мим демайди. Худди баъзи отларнинг йилда бир марта итга ўхшаб кейини билан ўтириб олиб, кавуш қайтаришини илм –фан тан олмагани каби.

Бизнинг чакалакзор — кичкина жунглида бундан саксон йил бурун ғаройиб ҳодиса бўлгани тўрт-беш ёшли Имомқул, деган болакайни бир ойдан зиёд яшагани ҳақида ёзаяпману,китобхон ишонармикан, деган хаёл рўпарамдан чиқаверади.Асли барлос қовмидан бўлган  Имомқул акани (кейинроқ Имомқул бобо) танирдим. Имомқул қишлоқдошимиз, кейинчалик қўшнимиз бўлган. Жўра (кўр) бобонинг тўнғич ўғли. Саксонинчи йилларнинг бошида онаси билан Нишон чўлига кучиб кетган. Қариганда ҳам зиёратга борган. Ўғил-қизлари эътиборли оила соҳиблари. Имомқул ота ёшини яшаб, ошини ошаб саксондан ошиб қазо қилган. Марқади-Нишон чўлида  у киши уруш орти азобларини ҳам кўп гапирарди. Лекин чакалакзорда йўқолиб қолганини унинг оғзидан эшитмаган эканман. Уни менга лангарлик етмиш ёшли Файзулло бобо гапириб берди. Файзулло бобо ҳозир ҳам айнан ўша чакалакзор атрофида яшайди. Биз ичимиздан тўқиб чиқармаган бу воқеага “маугли”ни афсона дейдиганлар, кўрганига ҳам ишонмай, қўл теккизиб кўрадиган, ишонмаса ҳам Яратганнинг табиат китобидан кимдир ибратли сабоқ олар, деган илинжда қаламга олганимиз ҳам бор гап.

Иккинчи жаҳон урушининг айни авжига чиққан палласи унинг ёндириб куйдиргувчи аждар важоҳатли, ҳеч бўлмаса тирик жонни қовратиб, сулитиб қўядиган тафти – халанчаси ер юзининг деярли ҳар бир бурчига етиб улгурган.

Бизнинг Имомқул бобо ҳам уруш орти одамлари, очлик ва касаллик қурбони бўлишдан ўзга чораси йўқ. Суви бисёр бўлса ҳам, эна юртида ғалла ўстириб бўлмайдиган тоғликларнинг баъзи бировлари бор йўғи бир эшаккга юк бўладиган жанда –жопиғини ортиб, тоғ оша Самарқанд тарафларга кўчиб кетган. Юк йўқлигидан иккита сув тегирмони орқа олди очилиб, анграйиб ётади. Агар шу тегирмоннинг бировига сув бошқариб, дулга бир-икки ҳовуч дон ташласанг, устингги тошнинг тутолмаган тишлари орасида қолиб кетади.

Бир кўзи йўқлиги учун урушга ёки ишчилар батольонига олинмаган Жўрақулнинг хотини бевақт қазо қилиб, ундан икки чўкиртак – Имомқул ва икки ёшли Авотой қолган. Уларни деб бир бечора бева хотинга уйланишга мажбур бўлди.

Бир пайтлар гавжум бўлган барлосовулда одамлар сийраклашиб қолган, кўпчилиги ер тўла уйларда яшашар, бирор таъзия бўлиб қолса, ўлик кўмишга борадиган одамни ҳам, бир коса атала бериб, қорнини тўйғазмаса маросимни бажаришга ҳоли етмайди. Энг зарури нон бўлмаганидан тоғликлар илдиз ковлаб, хом-хатала ёки пишириб ейишга одатланиб қолишган. Жўрақул ҳар икки кунда Шовуз тоғ тарафдан ожут (қора сумбул) ковлаб келади. Илдизи сопол кўзачадай келадиган ожут илдизи бироз ачқимтир, бироқ сути, шираси бор. Эчки сути билан қайнатиб ичилмаса оғриқ беради.

Аватой иккидан ўтиб, учга чиққан. Имомқул эса тўртдан бешга чиқма. Анча эсини таниб қолган. Юзидан сочма ўқ егандай чўтир хотинни онаси эмаслигини яхши билади. Чўтир хотин азборойи эридан қўрққанидан болаларга қарайди. Баъзида эса қавоғидан қор ёғиб, Имомқулни жеркиб беради. Бир сафар инжиқлик қилганида силтаб ташлади. Бечора болакайнинг оғзи-бурни қон бўлди.

-Агар отангга айтсанг, бутимни орасига бостириб, буғиб ўлдираман, деб дўлта пўписа қилди.

Шу-шу отаси бир жойга кетса, орқасидан кетиб, йўл-йўлакай пана-пастқамда кутиб ётадиган бўлди. Қай бир куни яна шундай бўлди. Қўнғиротмозордан ўтиб, \эски тегирмон орқали от-арава юрадиган катта йўл бошидаги ёввойи токлар ўсиб ётган хилват маконга келиб, хаёл суриб ўтирди. Кейин ёнбошлаб уйқуга кетди. Бир пайт кўзини очиб қараса, кеч бўлиб, қоронғу тушибди. Негадир уй томонга оёғи тортмади. Қийшайиб Лангардарё ёқасига энди. Бош яланг, кокилдор, эгнида чакмонча, белида эчки юнгидан қилинган тўрт қаричли арқонча, иштонсиз, ялангоёқ, ҳали суннат ҳам қилинмаган болакай таваккал қилиб, чакалакзор оралади, озгина эмаклаб юриб, дуч келган жойида ғужанак бўлиб ётиб қолди. Унинг биринчи оқшоми қоронғу гўр ичида ётгандай, зимистон бўлди. Офтоб ёйилгач, уёқ-буёққа аланглаб кўрдики, унинг бир ёнида мулойим юнгли бурсиқ, бир томонида лўла ёстиқдай келадиган Мешполвон. Икки биқинидан иссиқ бериб, онасининг қучоғида ётгандай ором олибди. Имомқул тунги нотаниш ҳамроҳларини силаб-сийпаб қўйди. Қашқалдоқ номига яраша бошида қашқаси бор, Мешполвон эса худди айрон тўлдирилган тулупнинг ўзи, боши ҳам, оёғи ҳам йўқдай, бироқ юради. Юрганда ичи тўла сувдай шилқ-шилқ қилади. Қизиғи, булар қандай жонзотки, болакайни асраб-авайлашга қодир.Ёки бу чакалак махлуқлари бир-бирига меҳрибонмикан?

Имомқулнинг гўдак тасаввури билан англагани шу бўлдики, бу ёввойиларга тегмаслиги, озор бермаслиги керак. Янаям зўр томони, бу жойда егулик бор. Нон дегани уйда ҳам йўқ ҳисоби. Чакалакзорда ёввойилар нима еса, шуни ейдида. Хаёл суриб, озгина кўзи илинбди. Бор –йўғи бир қумғон қайнагудек фурсат ўтиб ўйғонди. Туриб ўтириб, ён атрофга қараса, ҳалиги икки меҳрибон индамай кетиб қопти. Демакки, улар емак қидириб кетган. Ўзиям очиққанини ҳис этди. Тирик жон очқаяптими, демак яшамоқчи.

Қулупнайнинг катта бобоси бўлган маймунжонлар ғарқ пишган экан. Шотутнинг ё оғаси, ё тоғаси, танаси тиканак билан қопланган бўлса ҳам, нордон, ширин тилнинг устига олиб, танглайингга босиб шимисанг ҳузурижон. Имомқул ундан тўйиб-тўйиб еди. Қўли ва бармоқлари, оғзи-боши алвон ранга бўялди. Худди шу туришида у қонялоққа тумшуғини тиққан кучукбаччанинг ўзи бўлди, қолди. Унга кўзи тушган ёввойи жонзотлар бемалол ҳадиксираши мумкин. Лекин барибир Имомқулнинг аъзойи – баданидан уфуриб турган маъсумлик, болалик беғуборлиги бошқа жонзотларнинг унга яқинлашиб келишига имкон бергани аниқ. Қолаверса, чакалакзор жонзотлари, тиконзор ҳимояси остида., одам боласи томонидан  озор чекмаган, қуритилмаган, қўрқитилмаган, аламзадаликдан анчайин йироқ бўлгани сезилиб турарди. Салкам икки юз ёшли қари тут ковагини танлаб, салкам йигирма йил асал тўплаган боларилар бир баднафснинг ўмариб кетганидан “кўнгли” хотиржам. Бу асалнинг борлигини  олагужону олмахонлар яхши билади. Биринчидан улар бу сирни бировга айтмайди, икккинчидан жудаям нафси ғулғула қилганда инсофни унутмайди.

Тоғтерак барглари сарғайиб тўкила бошлагани, икки-уч ёмғирдан кейин қора дўлана, наъматак, қора, қизил зирклар мулойиб тортиб, майизланиб қолган. Ҳар қайсиси бош бармоқдай келадиган сариқ, қизил дўлона тагига тўкилиб, туршак қоқига айланиб улгурган. Бир ошув наритдаги узумзорда хўраки султони, ҳусайни, даройи маска деган узумлар бир – икки сидра узиб олинса ҳам, қолган – қутганини кирпию жайралар лошлаб юрибди. Ҳаво кунба кун совиб бормоқда. Учинчи оқшомда болакайга бироз қайишган она бўрсиқ уни ўзининг ертўла қилиб ковлаган, майин ҳас-хашак орасига,  юнг солинган уйчасига олиб борди. Унга бемалол жойлашиб, эти жунжикиб тонг оттирди.

Имомқулнинг ота-онаси, синглиси билан яшайдиган  ертўла уйда бундай илиқликни топиб бўлмайди. Топилганда ҳам ўгай онанинг дағдағаси ортиқчалик қилади. Болакай она Бўрсиқдан хурсанд эди. Бироқ, уни нима деб мақтаса ҳам, бу тил забонсиз жонзот тушунмайди. Имо-ишора қилиб, бошини силаб-сийпаб қўяди.

Бошқа бир куни тонг маҳали шундоқ ёнида чипор илонни кулча бўлиб ётганини кўриб қолдию, беихтиёр чинқириб юборди. Тўғриси, болакай чипор илонни бунчалик яқиндан кўрмаган эди. Қаттиқ қўрққанидан оғзини каппа – катта очиб, дағ-дағ титраётганда она Бўрсиқ бошини кўтариб, бир сакраб илонга яқин келдиюўз тилида чанг-чунг қилди, шундай ўшқирдики, бечора гуноҳсиз гуноҳкор илон бошидан айри тилини чиқариб нари кетди. Айни пайтда у ерга кириб кетиш олдидан ўзини мезон шамолига тоблаётган эди. Бошқа бир куни қари ёнғоқ ковагидан ёнғоқ талашиб турган Олагужон ва Олмахонни кўрди. Кичикроқ маймунча ёки Лемурга ўхшайдиган олагужон анчалик жаҳлдор экан. Олмахонни таталаб ташлади. Узун қўли ва ўткир тирноқлари билан Олмахонни  келган жойини тирнаяптими, қитиқлаяптими, билиб бўлмасди. Тоғ сувсари (Далла) билан қундуз бир-бири билан қариндош бўлсаям, икки, икки тарафдан, бирови тошлоқдан, бирови дайровотдан чиқиб келиб чакалакзорда макон топгани учун улар ҳам онда – сонда ғижиллашиб қолади. Чакалакзор жонзотлари яшаб турган жойини яхши – ёмонга ажратмайди. Борича қадрлашни билади. Боз устига ҳар бир жонзот ов майдонида ўзига хос маҳорат соҳибига айланиб улгурган. Олайлик, кўп йил рўза тутиб, сабр-тоқат билан яшаб, тегишли сеҳру жодуни ўзлаштириб олган каттамор илонни ётган жойида туябошидай оғзини очиб, ўзича бир бало афсун ўқиб турганида Имомқул уни кўриб қолдию, сеҳрланган каби анграйиб қолди. Унинг атрофида бир гала чумчуқ чириллаб турарди. Чумчуқлар чириллаганча учиб бориб, тўппа-тўғри илоннинг оғзига кириб кетар  ва қайтиб чиқмасди. Изидан бошқалари ҳам учиб келиб, илон оғзига равона бўлар, ва бехосдан ютилиб кетарди. Сал бўлмаса болакай ҳам чумчуқлар ҳолига тушарди. Ҳайириятки, она бўрсиқ бундан хабар топиб уни туртиб-итариб олиб кетмаса Имомқул ҳам ўз – ўзидан эмаклаб бориб каттамор домига тортилиб кетармиди?

Болакай ўша оқшом бошига таёқ теккандай карахт бўлиб ётди. Бошқа бир тунда ой тўлишган оқшомда узум лошлашга бораётганда бойқушнинг ҳар бири чой пиёладай кўзлари ёниб, улардан оқувчи нур йўналтириб пастқамроқ дарахтлар устида мудраётган жинқарғаю читтакларни, майда-чуйда қушларни милтиқ билан отгандай уриб тушираётганини кўриб қолди. Бойқуш худди шу йўл билан сичқон, каламушларни типирчилатиб, чалажон қилиб ташлаб, еб битирар экан. Имомқул деярли ҳар куни ёввойилардан нимадур ўрганар, билганлари анча – мунча кўпайиб қолганидан уй – жойи ёдидан кўтарилиб, ёввойи ҳаётга кўникиб борар, кўпинча тўрт оёқлаб эмаклаб юрганида,тизза ва тирсаклари, оёқ таги, панжалари қотайиб борарди. Кўпинча қоронғуда юргани учун кўз қорачиқлари кенгайиб, қарашлари бургутникидай ўткирлашиб бормоқда.

Бўлармон болани бехосдан йўқотиб қўйган Жўрақул бор йўғи биттаю битта кўзи ҳам оқиб тушаётган каби ўз – ўзидан хўрсиниб йиғлар, “бунга сен айбдорсан”,  деб қора хотинни уриб –сўкар, қўлига ирғай таёқ олиб, “вой болам”,  деб қичқирганча сойма – сой, газама  — газа Имомқулни қидиришдан чарчамас эди. Гўё кимдир дастёр қиламан , деб хуржунга солиб, тоғ ортига Тепакўл ёки Сазағон тарафга олиб кетган, дея гумон қилиб, ўша ёқларга йўл олиб, сўраб – суриштирди.

Имомқул дуппа-дуруст, эсли-ҳушли бола, агар кимдир эчки-улоғи ёки қўй-қўзисини йўқотиб қўйса, топмагунча тиниб-тинчимайди. Боласининг топилишидан бир лаҳза ҳам умид узмаган Жўрақул кун чиқишдаги Тарағай, Қуруқсой, Говхона қишлоқлари, кун ботишда Тўлақул, Тутли ва Ғаровли, Чўнқаймиш қишлоғини бориб кўрди. Ҳеч қайда йўқ. Нима бало, ерга кирдими ёки осмонга чиқдими? Наҳотки уни биров кўрмаса? Энг ёмони ҳамма ўзи билан ўзи овора,фақат елка қисиб қўяди. Баъзан ўғил ёки қиз боласини очдан ўлдириб қўймайин, деб узоқ-яқин жойларга дастёрликка бериб келаётган оталар аҳволи кўз олдига келиб, Жўрақулнинг аҳволи яна танг бўлади. Мана бир ойга яқин бўляптики, Имомқулнинг на ўлигидан, на тиригидан хабар бор?Э Худо, ишонганим Ўзингсан, болажонимни ўз паноҳингда асрагин!…

Катта қишлоқнинг Ғаровли деган жойидаги баланд тепаликда боғ қоровули, борингки  тоғ қоровули капа тиккан. Шундоққина капа биқинадан ўтган бир от-арава йўлидан ўтган ҳам, қайтган ҳам қоравул назаридан четда қолмайди. Яқинда жанг майдонидан оғир ярадор бўлиб, бироз тузалиб  қайтган Узун Пўлат боғ қоравуллигага тайинланган. Боғ қаровули раиснинг ўнг қўли, лекин қаровул озгина лоқайдлик қилса, дарров ишдан ҳайдалади. Озгина ножуя иш қилсаки ё урушга, ё қамоққа равона бўлади. Узун Пўлат уруш кўрган одам. Ўртоқ Сталинни Ота, деб билади. Ҳар сафар жанга кирганида “За Родина, за Сталин”, деб атакага отланган. Устидаги ҳарбий кийимини ҳам ташлаб юбормайди. У кундуз пайтлари боғ оралаб юради. Узум лошлашга келган етим-есирларни ҳам аяб ўтирмайди. Ҳеч бўлмаса калтаклаб, оёқ – қўлини боғлаб ташлайди.

Узун Пўлат айни Чоршанба куни чошгоҳда чакалакзор атрофидаги узумзорни оралаб юрганди.Бир пайт унинг ўткир нигоҳи кемтик жойдан эмаклаб ўтаётган иштонсиз , ўсиқ сочли, деярли қип-яланғоч болакайга тушдию, қотиб қолди.

Инсужинсми ёки ажинамикан, деб ўйлаб, ўзича калима қайтарди. Кўзларини бир – икки бор очиб юмди. Ҳа, бу аниқ одам боласи, ана чакалакзор томонга қараб тўрт оёқлаб чопиб кетяпти. Ким бўлдийкин? Қулоқчинли телпагини қўлига олиб ўйлаб қолди. Эртасига узумзордаги ариқ ичига кириб болакайни пойлаб ётдию токка оралаган болакайни тутиб олди. Э бўлди, бу аниқ ўша саркентлик барлос, Жўрақулнинг боласи. Анчадан бери қидириб юрарди. Ювиқсиз болакай анча ҳидланиб кетган экан. Қаровул уни белига кўтариб олдию лукиллаб қаровулхонасига олиб кетди. Бир оқшом чайласида олиб қолиб, Жўрақулга хабар берди. Жўрақул Саркентдан ҳаллослаб етиб келиб, боласига интилди. Болакай эса ўзини бурчакка олди.

  • Жўрақул жўра, ҳали кунидан бор экан, мана боланг топилди. Энди мендан бир улоқ қарздорсан. Ва лекин ўша хотинчангнинг жиловини тортиб қўй. Унга яхши қараш. Худо кўрсатмасин, агар мен кўриб қолмасам, ҳадемай ёввойи бўлиб кетиши тайин экан.

Жўрақулнинг тўқсон икки томири юмшаб. Соғ кўзига ёш келди: — Имомжон улим вуйдан нимага кетиб қолдинг. Сани қидирмаган жойим қолмади. Ё онанг урушдими, урдими? Шунча кун нима еб, нима ичдинг?

Болакай ўтган ўттиз кун ичида деярли гапирмаган эди. Баттар жунжикиб, чайла тўрига тисарилиб, кўзини лўқ қилиб тураверди.

Ўғлини етаклаб олиб кетишига кўзи етмаган Жўрақул уни опичлаб олиб кетди. Кетишда Узун Пўлатга такрор-такрор раҳмат айтиб, Саркент тарафга ўрмалади…

Олдинроқ айтганимиз каби ҳамма ўзи билан ўзи овораю сарсон. Бировнинг эри ёки ўғлидан “қора хат” келади. Ҳамиша қизил румол ёпиниб, қизил матодан куйлак киядиган тоғлик аёлларнинг кўпчилиги азадор бўлиб, “кўк” кийинишган. Имомқул ёки отасидан “нима бўлди” дея сўрашгани ҳам йўқ. Худди шу каби йўқолиб қолганни қидирадиган, суриштирадиган одамнинг ўзи йўқлиги аён ҳақиқат.

Бу ахир ўша пайтдаги мудҳиш уруш фожеаларининг қуюнли гирдобида қилт этган шамол каби беқадр эдида. Бироқ Имомқулнинг болалик чоғида юз берганидан муштдай юраги туб-тубида ўчмас хотирот бўлиб, бир умрга қолиб кетганди. Ҳар сафар ёдига тушганида чуқур-чуқур хурсинар, энтикар, чакалакзорнинг ажабтовур жозибасини ҳис этар, ўз ҳолича камгап, камсуқум бўлиб қоларди.

Ғози РАҲМОН, 2018 йил, 10 октябрь. Лангар Ота қишлоғи.