(3-мақола)
Муйноқ туманининг ҳудуди йилдан йилга кенгаётганинг асосий сабаби битта, у ҳам бўлса Орол денгизининг тобора ортга чекинаётганлигидир. Расмий равишда Муйноқнинг ҳудуди 37,9 минг. км². Аммо икки уч йилдан сўнг бу рақамлар яна ўзгарса ажаб эмас. Муйноқда ҳозир 30 минг 900 та нафар аҳоли бўлиб, шундан 15 мингдан кўпроғи ёшлардир.Юртбошимизнинг Мўйноқ тумани борасида қабул қилган қароридан сўнг туманда катта ўзгаришлар бўлди. Биргина ўтган йили 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Туман ҳокими Сайлаубай Данияровнинг айтишича, айни пайтда хокимият аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, минерал тузлар ишлаб чиқариш, иссиқхоналар қуриш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича ишлар кетмоқда. Туманда 3 мингга яқин бола боғчага боради. Аммо бу етарли эмас. Шериклик асосида 10 та мактабгача таълим муассасасини очиб, қўшимча 450 та болани қамраб олиш учун имконият қидирилмоқда. Энг асосийси, Мўйноқ туманидаги Учсой қишлоғи “Обод қишлоқ” дастурига кирган. Ҳозиргача бюджет ҳисобидан 101 та оиланинг уйлари таъмирланган.
Муйноқ тумани марказидан атиги бир километр узоқликда кемалар қабристони жойлашган. Чунки Жайҳун (Амударё) бугун Оролгача етиб келмаяпти. Унинг сувлари Мўйноқ тумани маркази атрофини ўраб турган 30 дан ортиқ кўлларнигина тўлдирмоқда, холос. Шу сабабли аҳоли асосан балиқчилик билан банд. Тобора чекинаётган денгиз ўз ўрнини майдони 5 млн.кв.метрдан ортиқ бўлган Оролқум номини олган саҳрога бўшатиб бермоқда. Саҳро одамларни ҳам ўз домига тортмаслик, кўчиб юрувчи қум-туз бўронлари кўтарилмаслик учун ҳар йили денгиздан “бўшаган” ерларга саксовул уруғи сепилади. “Хоким бува”нинг айтишича, биргина ўтган йили 500 млн. сўмлик саксовул экиш ишлари олиб борилган. Туманда қишлоқ хўжалиги ҳам ривожланиб, аҳоли асосан кунжут, мош, бўғдой, полиз экинларини экишмоқда.
— Мен Мўйноқда тўғилиб, ўсдим, дейди Октябрь Дуспанов.1990 йилларда қовун-тарвуз мўл бўларди. Эсимда Мактабимиздаги бир бола отаси билан тарвуз етиштириб, битта тарвузга ўз исмини, манзилини уйиб ёзган. Тарвуз эса Россияга экспорт қилинган. Маълум вақт ўтгач, Россиядан унга: “Биз сен етиштирган тарвузни едик, роса ширин экан. Раҳмат сенга” деб, хат келган эди. Кейинчалик Оролнинг ортга чекиниши сабабли ерларни ҳам туз қоплай бошлади. Мўйноқ халқи полиз экинларини экмай қўйди. Ҳозир Амударё сувлари туфайли яна деҳқончилик бошланганидан хурсандман.
Бугун Орол денгизи тарихга айланиб бораётир. Бу ерда ҳаёт қайнаган даврларни намойиш этиш мақсадида очилиши кутилаётган Мўйноқ тарихи музейи бизни экспонатларга бойлиги, ўта дид билан замонавий тарзда жиҳозланганлиги билан ҳайратлантирди. Нафақат Орол вакемалар қабристони, балкимузей ҳам Мўйноқда туризм ривожига ўз ҳиссасини қўшишига амин бўлдик.
Судочье кўли фламинголар ватаними?
Оролбўйи ҳудудининг энг машҳур кўлларидан бири Судочье, қорақалпоқ тилида «Сууы душшы» (Суви чучук) деб аталади. Чунки 1970 йилларгача кўлнинг суви чучук бўлган ва балиқчилик ривожланган. Судочье кули Амударьё дельтасида жойлашган бўлиб, унинг Равшан ва Приемузоқ ирмоқлари кўлн сувга тўлдириб турган. Аммо Амударёнинг суви қишлоқ хўжалигига кўплаб олиниши кўл сувининг камайиши ва кичик кўлларга бўлинишига олиб келди. Орол денгизи қуримагунича унинг бир қисми Судочье кўлига қўшилиб, асосан балиқларнинг урчиш жойи бўлган. 1980 йилларда кўлда бир йилда 2000 тоннагача балиқ ушланган. Айни пайтда кўл Оролдан 85 км. узоқликда қолган. Шунга қарамай у ҳамон маҳаллий халқни балиқ билан боқмоқда. Энг қувонарлиси бу ерга фламинголарнинг қайтишидир. Энг қувонарлиси мана бир неча йиллардан бери бу ерга май ойларининг бошида фламинголарнинг учиб келишидир. Маҳаллиқ балиқчиларнинг айтишича, фламинголар бу ерда ин қуриб, бола очишади. Демак, фламинголар ватани Ўзбекистон, дея бемалол айтиш мумкин. Чунки хоҳ инсон бўлсин, хоҳ жонзот у қаерда тўғилса, ўша ер унинг ватанидир. Глобал экологик жамғарманинг “Судочье сув ботқоқ ҳудудларининг экологик мониторинги” лойиҳаси бўйича олиб борилган тадқиқотларга кўра, миграция мавсумида кўлда 230 турга яқин қушлар йиғилади. Шулардан 40 мингга яқини ёзда шу ерда яшайди. 2014 йилнинг май ойида орнитологлар бу ерда 7000 га яқин пушти фламинголарни кўришган. Афсуски Судочье кўлига сафаримиз чоғида биз уларни учратмадик. Аммо табиатнинг кушандаси бўлган инсон ана шу гўзалликдан баҳра олиш ўрнига йўқолиб бораётган Судочье ҳайвонот дунёсини ҳам йўқ қилиш арафасида. Ноқонуний ов, тақиқланган жойларда балиқ турларини ташлаш оқибатида Судочьеда истиқомат қиладиган қушлар сонининг камайишига сабаб бўлаётир.
Староверлар нега Оролбўйига кўчирилган эди?
Судочье кўлининг атроида бузилган уйлар, нураган балиқни қайта ишлаш заводи ва староверларнинг (христиан дини оқими намоёндалари) қабристонига дуч келдик. Археолог Октябрь Дуспановнинг айтишича, Урал казакларининг бир қисми 1875-1877 йилларда Чор Россия императори Александра II нинг фармонига биноан Қорақалпоғистон, аниқроғи Оролбўйига сургун қилинган. Казаклар 1875 йилдан Казалинскдан, аввал Первоначальное овули, кейин Петроалександровск (ҳозирги Тўрткул), Чимбой, Қўнғирод, Нукусга кўчирилади. Янги жойга казаклар тезда мослашиб, Амударё дельтасида балиқ ови, ов билан шуғулланишади. Хаттоки ҳужжатларда қайд этилишича, балиқ овини тўлиқ монополлаштиришган. Навигацияни ўрганиб, строверлар Мўйноқдан Чаржоугача балиқ, ун, керосин, шакар билан савдо-cотиқни йўлга қўйишган.
1920 йилда большевиклар Хивада ҳам ўз ҳокимиятини ўрнатгач, коллективлаштириш бошланади. Бунга қарши казаклар қўзғолон кўтариб, Чимбой республикаси ташкил этилганлигини эълон қилишади. Аммо 1930 йилларда амалга оширилган террорчилик ҳаракати ҳам казакларнинг матонатини синдирмайди. Совет Иттифоқи даврида ҳам улар ўз эътиқодларини сақлаб қолдилар.Орол чекиниши билан казаклар ҳам 100 йил давомида яшаб, обод қилган жойларини ташлаб кета бошлашди. Боқувчисини йўқотган қорақалпоқ, ўзбек, уйғур, татар, рус миллаатига мансуб халқлар қатори казакларнинг бир қисми ҳам Ўзбекистоннинг сувли ҳудудларига, қолганлари ўз юртлариУралга кўчиб кета бошлади. Фақатгина саноқли староверларгина Нукусда муқим яшаб қолдилар. Чунки Улар Қорақалпоғистонни ўз Ватанлари деб билишган эди.
Орол денгизидан Нукусга қарама-қарши ҳислар қуршовида қайтдим. Минглаб одамларга ҳаёт бахш этган денгиз энди деярли йўқ. Унинг қолган қисми ҳам Оролни қутқариш мақсадида тузилган жамғармалар, ажратилган маблағларга қарамай қуриб бормоқда.
! 1993 йили БМТ ва Марказий Осиёнинг беш давлати томонидан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилган. Мазкур Жамғарманинг асосий вазифаси — экологик ҳалокатнинг атроф-муҳитга, муҳими, минтақа аҳолиси ҳаётига салбий таъсирини камайтириш, Орол денгизи ҳавзаси ҳудудидаги биологик хилма-хилликни сақлаб қолишдан иборат. 2008 йил декабрдан буён Оролни қутқариш халқаро жамғармаси БМТ Бош ассамблеяси ва сессиялари кузатувчиси, деган мақомга эга бўлди. Жамғарма Ижроия қўмитаси Тошкент, Олмаота, Бишкек, Душанбе, Тошҳовуз, Қизил-Ўрда ва Нукус шаҳарларида ўз бўлимларига эга. Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси, Давлатлараро барқарор ривожлантириш комиссияси, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси GEF агентлиги Жамғарма тузилмаси таркибига киради. |
Балки ана шу маблағларни йиғилишлар, семинарлар, учрашувлар учун кеткизмай, балки сувни тежаш, Оролбўйи табиатини, ўзига хос ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш учун сарфлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Албатта қисман бундай ишлар қилинди. Хусусан, Амударё дарёси қирғоқлари бўйлаб янги типдаги қўриқланадиган ҳудуд– “Қуйи Амударё биосфера резервати” ташкил этилди. Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ва БМТ Бош Ассамблеяси 68-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган “Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйида экотизимлар ҳалокатининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди. Аммо денгизнинг “хафагарчилиги” ҳамон тарқагани йўқ. У чекинмоқда. Ҳануз ўзига тикилган, қайтишини интизорлик билан кутиб, ҳар куни Аллоҳдан сўраётган инсонлар ноласига эътибор бермай, кетмоқда. Чунки одамлар уни жуда…жуда хафа қилишди. Энди эса денгиздан узр сўраш эмас, балки ҳануз одамларни боқаётган Оролнинг қолганини асраш керак.
Наргис ҚОСИМОВА.