БИОЭТИКА ТАМОЙИЛЛАРИ ЁХУД ЁРДАМГА МУҲТОЖ ЖОНИВОРЛАР НОЛАСИ

Ҳали оғзида она сути қуримаган мушукча зорланиб миёвлаганича овқатланиб ўтирган одамлардан нажот истаб оёқларига суркалар, аммо меҳр ўрнига ҳар гал тепки ерди. Бўш столга келиб ўтирган қиз билан йигит оёқлари остида ўралашаётган мушукчага ижарғаниб қараб, қараб қўйишди. У кетавермагач, йигит  жониворнинг бошини мўлжаллаб зарб билан тепди. Салкам бир метр нарига учиб тушган мушукча ғалати овоз чиқарди-да, туришга ҳам холи келмай сўнгги бор у томонга қараб, кулаётган одамларга умид билан талпинди. Оғзининг четидан сизиб оққан қон унинг юрак уриши билан бирга қотиб қолди.

Афсуски, теварак-атрофимизда содир бўлаётган бундай ваҳшийликлар кундан кунга кўпаймоқда. Кўп қаватли уйларнинг олдида ўйинчоқ сифатида боласининг тўғилган кунига олиб берилган, кейин эса катта бўлиб қолган кучук, мушукларни кўчага чиқариб ташлаш одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Болалар томонидан эрмакка қурбақаларни босиб ўлдириш, уларни кўзидан сим ўтказиб қийнаш, ит ва мушукларни осишни биз фарзандларимизни эрмаги сифатида қарасакда, яқинда бўлиб ўтган “Ташаббус” кўрик- танловида ҳали тўлиқ жони узилмаган, тирик қўйнинг терисини шилишни “маҳорат дарси” сифатида кўрсатиш наҳотки ақли бутун, маданиятли, замонавий инсонга хос хислат бўлса?! Тиббиётда ва биологияда турли хил жониворлар устидан ўтказилаётган тажрибалар-чи?

 Бугунги кунда бутун дунёда ҳаётда,  жамиятнинг турли соҳаларида биоахлоқ қоидаларига амал қилиш бўйича баҳслар кетмоқда. Қадимги юнон тилидан олинган биоэтика (инсон фаолиятининг ҳаётда, тиббиёт ва биологияда ҳайвонларга нисбатан муносабати бўлиб, илк маротаба мазкур тушунчани 1927 йили  Фриц Жахр  тилга олган бўлса, 1969 йили америкалик онколог ва биокимёгар В.Поттер уни муомалага киритди. Ван Ренсселер Поттер  ўзининг “Биоэтика – келажакка кўприк” номли асарида гуманитар фанлар ҳамда табиатшунослар, биологлар фаолиятини инсонлар ҳаётини камситмаслик ва ҳайвонларга нисбатан дўстона муомалада бўлишга  чақирди. Унинг фикрича “Яшаб қолиш илми нафақат оддий фан сифатида ўрганилиши, балки ўзида биологик билим ва умуминсоний қадриятларни бирлаштирган янги донолик бўлиши лозим. Шу сабабли мазкур йўналишни биоэтика, деб аташни таклиф этаман”.   1999 йили Косто-Рикада биоэтика масалаларига бағишланган анжуманда В.Поттер нутқ сўзлар экан, “Мен барчангиздан биоахлоқни масъулият, компетентлик талаб қилувчи ҳамда барча маданиятларни ўзида мужассам этган ва гуманизмни тарғиб этаётган янги этика таълимоти сифатида қабул қилишингизни  сўрардим”, деди.

261011-6-1

Буддизм тарихи бўйича мутахассис  Накамура Хадзимэ ўз ишида биоэтика муаммоси бўйича бир неча бор тўхталиб ўтган. Тор тушунчада  биоэтика шифокор ва бемор ўртасидаги муносабатлар бўлса, кенг маънода у ижтимоий, экологик, тиббий ва ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларни қамраб олади. Шулардан  бири эвтанзия бўлиб,  бу бемор ёки унинг яқинларининг истагига кўра унинг ҳаётига нуқта қўйишдир. Аборт, яъни ҳомилани муддатдан олдин сунъий равишда олиб ташлаш бугунги кунда  турли ҳамжамиятлар, дин вакиллари ўртасида баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Ҳомиладорликни муддатидан олдин сунъий равишда тўхтатиш дунёнинг жуда ҳам кўп мамлакатларида  XX асргача тақиқланган эди. Қадимги Русда 1649 йилдан бошлаб аборт қилдиргани учун аёлларни қатл этишган. Кейинчалик жазо сургун билан алмаштирилган. Аортни амалга оширган шифокорларга қамоқ жазоси белгиланган.  Собиқ Шўро даврида аборт қилишга рухсат берилди. 1921 йили шифокор Маргарет Сэнгер томонидан тўғилишни назорат қилиш бўйича Америка лигаси ташкил этилди. Кейинчалик мазкур ташкилот Халқаро оилани режалаштириш федерацияси номини олди. Айнан мазкур федерация ташаббуси билан кўпгина Европа мамлакатларида аборт қилишга қонуний равишда рухсат берилди. Масалан, Швецияда 1946 йилдан, Буюк Британияда эса 1967 йилдан бошлаб аборт қилиш эркинлашди. АҚШ ушбу “ютуққа” 1973 йили эришди. Айнан шу йилдан бошлаб мамлакатда pro-life — «ҳаётни ҳимоя қилиб» («ҳёт учун»), ва pro-choice — «танлаш учун» ҳаракатлари бошланди. Биринчи йўналиш тарафдорлари абортларга қарши бўлса, иккинчи эса  йўналишдагилар аёллар ҳомиладорликни муддатидан олдин тўхтатиш ҳуқуқига эга бўлиб, бир қарорга ўзлари келишлари зарур, дейишарди. Тез орада  иккала йўналиш ҳам дунёнинг деярли барча мамлакатларига тарқалди.

Яна бир биоэтика масалалари долзарб бўлган йўналиш ксенотрансплантация, яъни ҳайвонлар органларининг инсонларга кўчириб ўтказиш. Бундай ҳолатда соғлом ҳайвон инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун атайин ўлдирилади. Иккинчиси доривор препаратлар ва вакциналар таъсирини синаб кўриш мақсадида жониворлардан фойдаланишдир. Замонавий фармокологиянинг ривожи янги дориларни ишлаб чиқишни тақозо этиб, мазкур тажрибалар сони ҳам кундан кунга ортиб бормоқда. Инсонларда тажриба ўтказиш унинг розилигини тақозо этса, ҳайвонлар масаласида мазкур муаммо ҳамон очиқ қолмоқда.

Евгеника – биоахлоқ масалалари бевосита тегишли бўлган йўналиш бўлиб, биометрик тестлар  натижасида инсон ёки ҳайвон ирсиятидаги ўзгаришларни сир сақлаш ҳолатидир. Мазкур сирнинг ошкор бўлиши инсон ҳаётига салбий таъсир ўтказиши мумкин.  Ўтган асрнинг 80 –йилларида АҚШ  олимлари буйрак етишмовчилиги билан касалланган одамларга ёрдам тариқасида махсус тиббий қурилма яратдилар. Аммо қурилма қиммат бўлиб, унинг сони саноқли бўлгани боис  уни кимга биринчи галда бериш муаммоси пайдо бўлди. Шифокор Скрибнер ва унинг ҳамкасблари ирқий ва гендер камситилишга қарши бўлганликлари боис, тиббиёт ютуқлари инсонлар ўртасида янги камситилишларини келтириб чиқармаслиги лозим деб ҳисоблашарди. Шу сабабли инсон ҳаётини сақлаб қоладиган қурилмани адолатли равишда  тарқатишни йўлга қўйиш  масаласи ўртага ташланди. Бунинг учун Скрибнер ўзига хос фуқаролик таркибини яратишни таклиф этади ва Сиэтлда дунёда биринчи марта Этика қумитаси юзага келади. Қумита шаҳарнинг  етти нафар фуқароси –  тўртта шифокор, ҳуқуқшунос, файласуф, руҳонийни ўз ичига қамраб олган эди. Тез орада қумита фаолиятини оммавий ахборот воситалари ёрита бошлайди, ўқувчиларда унинг фаолиятиг нисбатан қизиқиш ортади.Мазкур йўналишда бир қанча илмий мақолалар эълон қилинади. Кейинчалик Қумита фаолияти кенгайиб, унинг базасида илк тадқиқот марказлари ташкил этилади ва тиббий мактаблар, университетларда биоэтика ўқитила бошланади. Айтиш жоизки биоэтика экология фанининг ривожланиши ва йўналишларининг келиб чиқишига катта таъсир кўрсатди. Бугунги кунда биоэтика масалалари инсоннинг бизни ўраб турган табиатга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига бўлган муносабатида ҳам ўз аксини топмоқда. Бунда ҳар бир тирик жонзот яшаш ҳуқуқига эга эканлиги, инсоният ўзининг жисмоний ва руҳий эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳайвонлар устидан тажрибалар ўтказиш, уларни ўлдириш, қийнаш, ирсиятини ўзгарттириш масалаларида аввало инсонийлигини сақлаб қолиши, бесабаб ва беҳуда фожиали ҳаракатларга йўл қўймаслиги таъкидланади. Биоэтика масаалалрини фақатгина шифокорлар, биологларгина  ўрганмай, ҳозирда экологлар, файласуфлар, диншунослар, психологлар, социологлар, ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар ва бошқалар ҳам мавжуд биоэтик муаммоларни ҳал этишда фаол қатнашишмоқда. Демак биоэтика фанлараро феномен бўлиб, биология ва тиббиётнинг жадал ривожи инсоният олдида зудлик билан ечилиши лозим бўлган муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу эса барча касбдаги одамларни бирлашишга чақираётир. Демак, биоэтика илмий техник тараққиёт келтириб чиқараётган муаммолар билангина эмас, балки бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган глобал сиёсий, эколог муаммоларни ҳал этишга ҳам қаратилгандир. Шулардан бири Ер юзидаги мавжуд экологик муаммолар, хусусан биохилмахилликнинг йўқолаётганлиги, инсониятнинг аралашуви оқибатида флора ва фаунага жиддий зарар етказилаётгани, атмосферанинг заҳарланаётгани, дунё океанининг ифлосланиши ва ҳоказолардир.

shhenok

Биоэтика масалаларидаги айнан инсоннинг жониворларга бўлган муносабати масаласини таҳлил этадиган бўлсак, бугун бутун дунёда инсоният томонидан ҳайвонот дунёсига камроқ зарар етказиш учун ҳайвонлар устида ўтказиладиган тажрибаларни камайтириш мақсадга мувофиқдир. Статистик маълумотларга кўра, йилига бутун дунёда тажрибалар учун 100 миллиондан ортиқ жониворлардан фойдаланилади ва уларнинг 90 фоизи нобуд бўлади, қолганига тузатиб бўлмас жароҳат етказилади. Аксарият ривожланган мамлакатларда  биоэтика муамммолари мувофиқ қонунчилик билан бошқарилади. Биоэтика меъёрлари эса тажриба учун қўлланиладиган ҳайвонлар ўрнига моделлардан, яъни ҳужайра ва мушаклардан фойдаланиш, агарда бунинг иложи бўлмаса лаборатория ҳайвонлари билан ахлоқий меъёрларга риоя қилган ҳолда ишлашга ходимларни ўргатиш зарур. АҚШ, қатор Европа мамлакатлари, Россияда бу борада махсус илмий-ахборот  марказлари ташкил этилган ва “Ҳайвонларни қийноқлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” қонун қабул қилинган. Қонунда ҳайвонларни қийноқлардан ҳимоя қилиш билан биргаликда ёввойи ва уй ҳайвонларини боқишда уларга нисбатан муомала меъёрлари, уларни қийноққа солиш, ўлдириш, кўчага чиқариб ташлаш, тажриба учун боқиладиган ҳайвонларга нисбатан ахлоқий тамойилларни қўллаш кўрсатиб ўтилиш билан бирга давлат хокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг бу борадаги масъулияти оширилган.

Бизни ўраб турган ҳайвонот дунёси инсон билан тенг ҳуқуққа эгадир. Бу ўзининг тарихий илдизларига эга бўлиб, Қадимги Юнонистонда ҳайвонларга инсон сингари муносабатда бўлинган ва инсоннинг яқин ёрдамчиси сифатида ҳурмат қилинган. Асосий динларнинг шаклланишига қадар  қатор жамиятларда реанкарнация, яна қайта туғилиш жараёнида инсоннинг руҳи ҳайвонларга ўтишига ишонилган ва шу сабабли ҳайвонларга қупол муомалада бўлиш, ўлдириш тақиқланган. Чунки бу инсонни қайта ўлдириш дея тушинилган. Буддизмда қатор жониворлар –сигир,  маймун, илон, фил, йўлбарс ва бошқалар илоҳий саналади. Насронийлик динида инсон “барҳаёт руҳ”га эга бўлиб, руҳ оғриқни ҳис қилиши мумкин, ҳайвонлар эса оғриқни рефлектор тарзда ҳис қилади. Бундай ёндошув инсондан  азоб чекаётган ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай ахлоқий масъулиятдан  ҳоли этади ва  тажрибалар жараёнида тирик ҳайвонларни танасини очиб кўриш, яъни  вивисекцияни амалга оширилишига туртки бўлди. Вивисекция узоқ йиллар давомида биотиббий тадқиқотдларни олиб боришда меъёрий жараён ҳисобланган.

XIX асрда Европада ҳайвонларга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгариб борди. 1822 йили Буюк Британияда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишга қарши илк қонун қабул қилинди. 1824 йилдан бошлаб  дунёда Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятлари ташкил этила бошланди. XIX асрнинг бошларида бундай жамиятлар Германии, Франции, АҚШда ташкил этилди. Мазкур масалага онгли равишда ёндошувига ва ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатда бўлишга чақириб буюк ёзувчи ва шоирлар Б. Шоу, В. Гюго, Л. Толстой, Дж. Голсуорси, Р. Браун, Ф. Харди ва бошқалар ўз ҳиссаларини қўшдилар. Ўша пайти Ч.Дарвин томонидан илгари сурган эволюция назарияси ҳам вивескацияни қоралашга хизмат қилди.

1923 йили ўзининг “Маданият ва ахлоқ” номли китобида Альбер Швейцер қуйидаги фикрларни билдирган: “Янги дорилар ёки жарроҳлик амалиётини синаб кўриш мақсадида ҳайвонлар устидан  тажриба ўтказадиган одамлар соғлом жониворга касалликни юқтириб, сўнг уни даволашга уриниб кўриши орқали олийжаноб мақсадлар йўлида ҳаракат қилаяпман, деб ўйлаши нотўғри. Ҳар бир алоҳида ҳолатда улар жониворни инсоният учун қурбон қилиш зарурати нимадан иборат эканлигини тушунтириб беришлари лозим”. Албатта инсонлар жониворларни ўз мақсадларига етишиш учун восита сифатида кўриши ҳеч бир инсоний хислатларга тўғри келмайди ва бунга барҳам бериш бугунги куннинг асосий вазифасидир.

Халқаро биоэтика қумитаси (ХБҚ) 1993  йилда тузилган бўлиб, унга 6 нафар мустақил экспертлар киради. Улар илмий йўналишларда тажриба ўтказишда ҳар бир инсон, ҳайвонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини назорат қили боришади. ХБҚ глобал дискуссия форуми ҳам бўлиб, унда инсоният ривожи ва унинг атроф муҳит билан таъсирлашуви масалаларига оид биоэтика муаммолари муҳокама этилади. Халқаро биоэтика қумитасининг асосий мақсади у ёки бу муаммо бўйича қатъий қарор қабул қилиш эмас, балки  ҳар бир мамлакат қонунчилик органларининг мазкур йўналишда ўз сиёсатини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларга маслаҳатлар беришдан иборат. Қумита вазифаларига қуйидагилар киради:

  1. Биология ва тиббиётнинг ҳуқуқий ва этик жиҳатлари бўйича ҳалқаро диалогни ривожлантириш ва таълим орқали ахборот алмашинувини таъминлаш;
  2. Кенг оммани, шунингдек хокимият органлари вакиллари ва мутахассисларни биоэтика соҳасидаги тадқиқотларда қўллаб-қувватлаш;
  3. Биоэтика масалаларини мувофиқлаштирувчи халқаро давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик ва ҳоказо.

x_98907152

МДҲ мамлакатлари ўртасида Ўзбекистон,  Грузия, Молдова, Россия Федерацияси ва Тожикистонда  биоэтика  давлат ўқув стандартига киритилган. Аммо у асосан тиббий олий таълим муассасалари, яъни бевосита инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиҳатларни қамраб олган.  Мамлакатимизнинг миллий қонунчилигида, хусусан Ўзбекистон Республикаси Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг тўртинчи “Экология соҳасидаги жиноятлар” бўлими, яъни XIV боби “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар”га бағишланган ва унинг “Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш” деб номланган 202-моддасида “Овчилик, балиқчилик ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турларини ушлаш қоидаларини бузиш, ноёб ҳайвонларни тутишнинг белгиланган тартиби ёки шартларини ёхуд ўсимликларнинг дори-дармон, озиқ-овқат ва манзарали (декоратив) турларини йиғиш ёки тайёрлаш, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик оламидан фойдаланиш тартибини бузиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади” деб белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг “Табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” номли VIII бобининг 79, 83, 92, 93, 94, 95 моддаларида табиатга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказган, уларни йўқ қилиб юбориш, қирилиб кетишига, сони камайишига сабаб бўлиш учун жазолар белгиланган.  Шунга қарамай ҳайвонларга нисбатан аҳолидаги муносабат ҳамон ачинарли аҳволда. Чунки Жиноят ва Маъмурий Кодексларида асосан давлат томонидан муҳофазаланадиган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси учун жазо хусусида гап кетади. Аммо бошқа жониворларчи? Турли ёш ва касбдаги фуқароларга “Биоахлоқ нима ва ҳайвонларга нисбатан дўстона муносабатда бўлиш керакми?” деган савол билан мурожаат этганимизда  бир бирига қарама қарши бўлган турли хил жавобларни олдик.

330_37300

Дилафрўз Азаматова, 46 ёш, ўқитувчи-биолог.

-Биоахлоқ табиат билан боғлиқ ва унга нисбатан қаратилган хатти-ҳаракатлар мажмуи..  Уй ва ёввойи ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик қонунчилигимизда, динимизда ҳам, миллий қадриятларимизда ҳам доимо қораланиб келинган.  Алқисса барчамиз инсонмиз ва инсонийлик хислатларимизни зарур бўлса қурт-қумурсқаларга  нисбатан ҳам намоён этишимиз зарур. Мактабда биология дарси бор, аммо биоахлоқ қоидаларини тушинтириб берувчи фан йўқ. Фикримча, келажак учун табиатни асраб қолишимиз учун ҳам ўқув дастурига “Биоахлоқ” фанини киритиш лозим.

Умида Исмоилова, 27 ёш

-Биоахлоқ  қоидаларига барча инсонлар амал қилиши лозим, деб ўйлайман. Зеро инсон ва табиат мутаносиблиги ҳаётнинг давомийлигидир. Инсондан анча ожиз бўлган ҳайвонларга нисбатан раҳм-шавқат муносабатида бўлиш, уларга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир.

Азизбек Қурбонов,  Ўзбекистон жаҳон иқтисодиёти ва ва дипломатияси университети талабаси.

-Мен ҳайвонларни, умуман бизни ўраб турган табиатни жуда ҳам севаман. Афсуски, жамиятимизнинг аксарият фуқароларининг тирик табиатга нисбатан шафқатсизларча муносабатини кўриб  ичим ачийди.  Дарахт шохларини синдираётган, жониворларга бераҳмларча муносабатга бўлаётган юртдошларимизга танбеҳ берганимда “сенинг ишинг нима, нима истасам шуни қиламан” қабилида жавоб олган эдим. Республикамизда Жиноий ва Маъмурий Кодексларда флора ва фаунага зарар етказганлиги учун жазо тайинланган. Аммо бу жазо ҳуқуқбузарлик қилган шахсга нисбатан бирор фуқаро ариза билан мурожаат қилсагина қўлланилади. Аммо бундай амалиёт бизда жуда  кам. “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кучга кирган бўлсада, етарли даражада ишламаяпти. Фикримча, бу йўналишда бир оз бўлсада ишларнинг жонланиши, фуқароларнинг масъулиятни ҳис қилишлари учун мамлакатимизда ички ишлар таркибида “экологик жиноятлар бўйича профилактик нозири” лавозимини киритиш зарур.

1426481638_8098

 

Темур Хошимов, 19 ёш Тошкент ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси.

-Табиатга меҳрли бўлиш, уни асраш керак. Кўпгина тенгқурларим қаторида катта одамлар ҳам  атрофдаги ўсимлик ва ҳайвонод дунёси”га нисатан шафқатсиз муносабатда бўлишаётганлигини кўп маротаба кўрганман. Бу нимадан дарак беради? Аввало  бу уларнинг ҳайвонлар-у қушлар, дарахтлар-у гулларга меҳри йўқлигини, оддий маданиятнинг етишмаслигини кўрсатади.

Ўзбекистонда айни пайтда бирорта кўчага чиқариб ташланган жониворлар, касал ҳайвонларни ҳимоя қилиб, вақтинча ёки доимий равишда бошпана берадиган ташкилотлар йўқ. Биргина “Меҳр- шавқат” ННТсининг саъй — ҳаракатлари билан ёрдамга муҳтож жониворларга кўзга кўринарли ёрдам бериб бўлмаяпти. ННТнинг маблағи йўқлиги  хайрли ишларни амалга оширишда панд бермоқда.  Жароҳат етказилган ёхуд кўчага чиқариб ташланган жониворларга якка тартибда  ёрдам берадиган, уларга учун қайғурадиган инсонлар мавжуд бўлсада, давлат томонидан мазкур масалалар юзасидан маълум бир фаолият амалга оширилмаган. Фикримизча, гуманизм тамойиллари устивор йўналиш сифатида тан олинаётган бугунги кунда  аҳоли ўртасида биоэтика масалаларини тушинтириш, ҳайвонларга нисбатан тенг ҳуқуқли жонзот сифатида қараш, ҳаёти хавф остида қолган ҳайвонларга ёрдам бериш мақсадида бошпаналар ташкил этиш, ҳайвонларга бесабаб зарар етказган, ўлдирган фуқароларга нисбатан маъмурий ва жиноий жазони қўллаш ва албатта назорат учун экологик профилактика нозирлари штатини ички ишлар таркибида жорий этиш вақти етди.

Наргис ҚОСИМОВА, журналист