Яқинда қорақалпоғистонлик таниқли журналист, ёзувчи Ўмирбай Ўтеулиевнинг “Эркин Қарақалпақстан” газетасида “Қоратеран” — Оролнинг учинчи кўзи, тўртинчиси қаёқда? деган қизиқарли мақоласи чоп қилинди. Мақолада таъкидланишича, Орол билан Каспийнинг ўртасида боғловчи ер ости дарёси мавжуд, лекин бу далил негадир ҳамон сир тутиб келинмоқда.
— Орол билан Каспийни боғлаб турган ер ости дарёлари мавжуд эканлиги ҳақида хаёлий ва илмий фаразлар, афсона-ҳикоялар мавжуд. Балиқчи боболаримиз “Оролнинг тўртта кўзи бор, биринчиси, денгизнинг қоқ марказида. У ерда сув ўтовнинг катталигидай келадиган чуқурга гирдоб бўлиб ер тагига сингиб кетади. Иккинчиси Устюртдаги Гуркуреуик қудуғи. Номидан маълум бўлинганидек, бу ерда сув ер остида гуркираб оқиб туради. Кечаси қайнаган қумғондек пақирлаган овози олис-олисларгача тарқалиб, кишини даҳшатга солади. Қудуқдаги баъзида ярим, баъзида тўлиб оқиб турадиган сувига нарса ташласанг яшин тезлигида оқизиб кетади. Учинчиси, Тахтакўпир туманидаги “Қаратеран” кўли. Тўртинчиси кўзи қаёқда?, — дейилади мақолада.
Унда таъкидланишича, қозоғистонлик олимлар денгиз ўртасидан бирнеча юз йиллик саксовул ўтинларини топган ва музейга қўйган. Мўйноққа кираверишда эса денгиз томон кетган эски карвон йўллари мавжуд. Бу йўллар қадимги “Ипак йўли”га туташади. Демак, тарих саҳифаларида ёзилганидек, денгиз бирнеча маротаба тўлиб, бирнеча бор суви камайганлиги ҳақиқат.
— Ўтган асрнинг 30-йилларида олимлар Каспий денгизида бакрабалиқ урчитиш учун уларга белги қўйиб (сирға тақиб) сувга қўйиб юборади. Шу сирға тақилган бакрабалиқлар Орол денгизидан чиққан. Ер сатҳининг бири баланд нуқтасида, бири пастида жойлашган икки денгизнинг ўртасида алоқа мавжудлигини текшириш учун бўёқ оқизиб кўрилади. Таажжубки, Каспийдан юборилган бўёқ яна Оролда кўринади. Ҳайрон қоларлик бу табиий жараён, географик кашфиётларнинг ҳар томонлама тадқиқ қилинишига Иккинчи жаҳон уруши тўсиқ бўлади. Икки денгизни туташтирувчи ер ости дарёлари мавжуд. Лекин бу ҳамон сир тутилмоқда. 1940 ва 1960 йилларда икки денгиз ўртасида тарновлар қурилган. Ер ости қурилмалари қурилишларида урушда асирга тушган ва ўлимга маҳкум этилганлар ишлаган. Асирликдан овулига қочиб келган биттаси шу сирни эълон қилади. Оролнинг суви 1960 йиллардан бошлаб камая бошлайди ва аксинча Каспий йилдан йилга тошиб бора беради, — дейди Ў.Ўтеулиев.
Оролнинг биринчи кўзи ҳақида мўйноқлик балиқчилар ҳам бемалол айтиб бериши мумкин. Қозоғистоннинг Орол туманида туғилиб ўсган инженер-гидротехник Хамза Суханбердин ўзининг “Орол – Каспий денгизи ер остидан уланганми?” мақоласида шундай эслайди: “1941-1945 йилларда, яъни Иккинчи Жаҳон уруши пайтида мен 8-9 ёшда бўлганман. У пайтда қишлоқдаги, шаҳардаги барча юмушларни хотин-қизлар бажарарди. Шулардан кўп ҳикоялар эшитардик. У пайтлари Орол денгизи тўлиб-тошиб турар эди. Орол шаҳри билан Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳри ўртасида кема орқали тез-тез юклар ташилиб, вагонларда Москва томонларга жўнатилар эди. Шунингдек, шу уруш йиллари Орол денгизида сув ости кемаси мавжудлиги тўғрисида оналаримиздан кўп эшитардик. Кейинчалик иш фаолиятимиз билан кемада денгиз оралаб сузиб юрдик. Бу 1968 йил эди. Биз билан бирга хизмат қиладиган кема юргизувчи капитанлар бор эди. Уларнинг баъзилари шу пайт пенсияга яқинлашиб қолган эди. Биз улардан болалик вақтимизда ёдимизда қолиб кетган саволларни берамиз. Яъни, Оролнинг ўртасида ҳақиқатдан “кўз” борми, сув ости кемаларичи? Улар уруш йилларида денгизда сузиб юрган сув ости кемалари одамларни “Возрождение” оролига етказиб турар эди, дейишди. Орол денгизининг қоқ марказида жойлашган “Возрождение” сирли оролининг ғарбий чегараси Устюрт тик жарлигига туташади. Устюрт платосининг ер юзаси эса ясси тоғли бўлиб ,унинг баландлиги 100-150 метргача етади. Бир сўз билан айтганда, Орол ғарбидаги Устюрт бир вақтлари ернинг тектоник қаватининг қўзғалганини кўрсатади. Демак, Орол билан Каспий ўртасининг ер ости сув каналлари бўлиши шубҳасиз. Сабаби Каспий денгизининг суви 1991 йилда кўтарилиб, сатҳи 2,06 метргача етди. Шу йиллари Оролга қуядиган дарёлар суви камайди.
Оролнинг суви ҳам кескин тортилиб кетди. Шу вақтларда Оролнинг суви ер ости дарёлари билан Каспийга оқиб кетмаганмикан? Яна бир воқеа, биз денгизнинг ғарбидаги, яъни қирғоқ билан туташадиган тик жарликнинг олдида денгиз сув гирдобини кўргандай бўлдик”.
Хамза Суханбердин айтаётган денгизнинг ғарбидаги тик жарлик бу Устюрт чинкларидир.
Ҳақиқатдан ҳам оролнинг суви Каспийга оқиб кетганми? Тарихдан маълум-ки, Амударё Узбой орқали Каспийга оққан. Лекин, журналист Ў.Ўтеулиев таъкидлаётган ер ости дарёларининг Узбойга алоқаси йўқ. Юқорида тилга олинган иккита муаллифнинг тахмин қилаётган гапларини қорақалпоғистонлик археолог олим Онгарбай Юсупов ҳам тасдиқлайди. У Оролнинг сувлари айнан шу жойда, яъни тик жарлик Устюрт тоғининг остига қараб кетаётганлигини кўрганлигини таъкидлайди.
— 1970-1975 йилларда Ўзбекистон фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими археология сектори томонидан Жанубий-шарқий Устюртда кенг кўламли археологик ишлар олиб борилди. Бу археологик экспедиция ишларига мен ҳам иштирок этдим. Устюртда кўп сир-синоатларга дуч келиб турдик. Шулардан мени жуда қаттиқ даҳшатга солгани Орол денгизи сувларининг қандай қилиб ғарб томонга кетаётганлигини ўз кўзим билан кўрганим бўлди, — дейди Онгарбай Юсупов. – Бу 1975 йил эди. Машҳур археолог Вадим Ягодин бошчилигидаги экспедиция Устюртнинг шарқий чинк (тик жарлик)ида, яъни Дувона бурунида қадимий кўчманчилар даврига оид эсдаликларни қазиётгандик. Қазишма ишлари Нукусдан 500, Мўйноқдан 300 км олисда олиб борилаётганди. Демак, цивилизациядан узоқда эдик. Асосий озуқамиз, албатта Оролнинг балиқлари бўлди. Сабаби, биз ишлаётган жой Устюртнинг шарқий чегараси бўлиб, ўнг томонимизда, нари борса 300 метрда бепоён ва буюк Орол тўлиб-тошар эди. Оролда балиқ кўп. Бизга яқин жойда пастда, яъни чинкнинг тубида битта булоқ ҳам бор эди. У ерга сайғоқлар келиб сув ичарди.
Бир куни иккита киши бўлиб тоғдан (Устюртдан) пастга, яъни денгизга тушиб борардик. Не кўз билан кўрайлик-ки, тоғ иккига айрилиб, ўртасидан ернинг тагига ғарб томонга қараб катта миқдордаги сувнинг кетаётганини кўрдик. Даҳшатдан қотиб қолдик. Сувнинг оқими шундай кучли эдики, яқинига боришга қўрқиб, юқорига ўрмалаш пайига тушдик. Сув оқиб кетаётган жойдан 20 метрча нарироқда битта юк машинасининг қулаб ётганини кўрдик. Юк машинасининг қошида эса сайғоқнинг ўлиги ётарди. Бизнингча, сайғоқни тутиш учун кимдир автомашинада қувган ва олдида ер ёриғи борлигини билмаган. Биринчи ундан сайғоқ тушган, кетидан автомашина…
Биз ўтган йили апрель ойида Устюрт бўйлаб саёҳатимиз давомида Онгарбай Юсупов айтган ушбу манзилга бордик. Йўл бўйи Устюртда махфий ҳарбий амалиётлар олиб борилган зонани, денгизга тушилалдиган бетон йўлни, қирғоқдаги ҳарбий казармаларни кўрдик. Бизни ҳайратга солгани Устюртнинг чинклари динамит билан ёриб ўпирилгандай кўринди.
Дувона бурунига Нукусдан йўлтанламас автомашиналарда икки кун деганда кечга томон етиб келдик. Олим айтган археологик топилмаларни ҳам кўздан кечирдик (топилмалар Дувона бурунидаги қадимий замондаги кўчманчи қабилаларнинг ов тутиш учун қурган қурилмаси – аранлар эди. Бу аранларнинг кўпчилигининг ёши 2500 йилга тенг).
Дувона буруни ҳақиқатдан гўзал манзара. У ерга борган киши худди Марс сайёрасига тушиб қолгандек ҳис қилади ўзини.
Шундай қилиб, археологик амалиёт олиб борилган жойни ҳамда олим таъкидлаган юк автомашинасининг занглаган бортларини ҳам топдик. Лекин, орадан 50 йилча вақт ўтиб кетган. Устюрт чинклари қор ва ёмғир сувлари таъсирида ўпирилиб кетган. Денгиз авваллари тоғнинг тагигача келиб турган бўлса, энди камида икки километр олислаб кетган. Кун кеч бўлиб қолгани боис пастга тушиб, Оролнинг тўртинчи кўзини бемалол қидиришнинг имкони бўлмади. Менимча, бу ерга мутахассислар билан маълум вақтга бориб, масалага ойдинлик киритган маъқулроқ бўлади. Биз шу ерга яқин жойда бир туп олма ва ўрик ўсиб турганлигини кўриб лол қолдик.
Устюртда ўтган асрнинг 80 йиллари охиригача “саккизинчи қимёвий ҳимояланиш станцияси” ҳарбий полигони ҳаракат қилган. Баъзи интернет саҳифаларида платода ер ости ядровий портлатиш содир этилгани ҳақида маълумотлар бор. Портлаш тўғрисида устюртликлар ҳам айтишади. Яъни улар 90 йилларда гумбурлаган овозларни эшитган. Уларнинг фикрича, портлатишлар орқали ер ости сув йўллари бекитилган.
Жанубий Устюрт қишлоғида истиқомат қилувчи Иляс Науризбаевнинг айтишича, ўтган асрнинг 90 йилларигача Устюртда ҳарбий самолётлар изғиб юрган. Устюртда хизмат қилган ёши катталарнинг кўпчилиги эса шу самолётлар ернинг тагига кириб турганини тасдиқлайди. Демак, Устюртда ернинг остида қандайдир махфий лойиҳалар амалга оширилгани аниқ. Бу лойиҳа икки денгиз оралиғига қурилган сув йўли бўлса не ажаб? Чунки устюртлик қарилар ер остига кетиб турган гуркираган сув овозларини эшитишган. 90 йиллардаги портлатишлардан кейин бу овозлар тин олди.
Албатта, ер ости дарёлари мавжуд бўлган тақдирда ҳам у Оролнинг қуришига сабаб бўлди, деб бўлмайди. Оролнинг қуришига, энг аввало, инсон фактори сабабчи. Сувни исроф қилиш ҳамда кўплаб қишлоқ хўжалиги учун ер майдонларининг очилиши денгизни фалокат ёқасига олиб келиб қўйди.
Лекин, фанда маълум бўлишича, Орол 4 марта қуриган ва қайта тўлган.
Бундан 21 млн. йил аввал Орол, Каспий ва Қора денгиз ҳаммаси бир бўлган. Ушбу буюк уммонга Тэтис деб ном берилган. Устюрт, Қорақум, Қизилқум саҳролари Тэтис уммонининг таги бўлган. Ўтган йили Оқтумшуқдан топилган тошга айланган йирик акуланинг тишлари Тэтис уммони эсдаликларидир. Тектоник жараёнлар сабабли Устюрт тепага кўтарилиб кетиб, Қора денгиз, Каспий, Орол денгизлари бўлиниб кетади.
Оролнинг илк номини араб ёзувчиси Ибн Руста (920 йили) қўллаган. Оролнинг бундан бошқа Хоразм кўли, Кердери кўли, Жент денгизи деган номлари ҳам бор. Масалан, тарихчи Шахрух Хафиз-и Абрунинг 1417 йилда ёзган йилномасида:“Хоразм (Орол) кўли йўқ, Жайҳун (Амударё) суви янги арна топиб, Ҳазар (Каспий) денгизига қуя бошлади” дейилган.
2000 йиллар бошларида Орол денгизининг Қозоғистон қисмидаги суви қуриган майдонидан, яъни Сирдарёнинг денгизга қуйиб турган жойидан тахминан 45-50 км ичкарида тарихий ёдгорликлар топилди. Ўтган асрнинг 60-йилларида бу жойда 18 метр баландликдаги сув бўлган. Қуриган денгиз остидан топилган тарихий шаҳар бутун жамиятни ҳайратга солди. Топилган керамик идишлар эса XIII-XIV асрга тегишли бўлиб чиқди. Денгиз остида қолган ушбу шаҳарга Кердери деб ном берилди. Ҳайрон қоларлик жиҳати у ердан масжид, буюмлари билан дафн қилинган бўйи икки метр келадиган йирик одамларнинг қабрлари чиқди.
Демак, бу шаҳар Амударёнинг Каспийга оқиб турган пайтида солиниб, кейин қайтадан Оролга кела бошлаганида сув остида қолиб кетган. Туркшунос олим, профессор Ауелбек Қўнғиротбоевнинг таъкидлашича, Оролнинг остида шундай 40 та қалъа қолиб кетган. Хўш улар қаерда? Уларнинг аксарияти Қорақалпоғистонда бўлса ажабмас.
Масалан, Оролнинг учинчи кўзи дея талқин қилинган Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманидаги Қоратеран кўлининг остида ҳам шаҳар қолиб кетганлиги ҳақида ривоятлар бор. Ривоятга кўра, ҳозирги Қоратеран кўлининг ўрнида подшоҳлик бўлган. Тўрт томонини тик жарлик ўраб турган теранликда жойлашган подшоҳликни ҳеч бир душман босиб олишга журъат этмаган.
Бир куни битта чўпон йигит қирда адашиб юриб, катта косага ўхшаш пастликда жойлашган ушбу подшоҳликка келиб қолади. Подшоҳнинг жуда гўзал қизи бўлади. Йигит уни севиб қолади. Қиз ҳам унга мойиллик билдиради. Кунларнинг кунида чўпон йигит подшоҳликни ўмариш ниятида юрган ғараз ниятли одамлар билан учрашиб қолади ва қароқчилар унинг миясини заҳарлай бошлайди. “Подшоҳ сенга қизини бермайди. Сенинг ё ота-онанг йўқ, ё мол-мулкинг йўқ. Қизни қирга олиб қочиб чиқ”, дейди қароқчилар. Йигитнинг кўнглига ғулғула тушади. Сўнг подшоҳга бориб қизини яхши кўришини билдириб, турмуш қуришига изн беришини сўрайди. Лекин подшоҳ уни сўкиб-сўкиб подшоҳликдан ҳайдаб юборади. Қароқчилар ҳақ бўлиб чиқади. Чўпон йигит подшоҳдан ўч олишни ўйлай бошлайди.
Шу пайт Орол денгизи подшоҳлик жойлашган ерга яқин келиб қолади. Сув босиб кетмаслиги учун тарнов қурилиб қўйилган экан. Қизини бермаган подшоҳга аччиқланган йигит тарновни очиб юборади. Сув отилиб чиқиб ҳамма ёқни сув босади. Шундай қилиб, подшоҳлик ҳам, у ерда яшовчи аҳоли ҳам сувнинг тагида қолиб кетади. Йигит билан қизнинг устига тоғ қулаб, улар ҳам шу жойда ҳалок бўлади.
Ривоят ўз йўлига. Лекин, номидан маълум бўлганидек, Қоратеран кўлининг туби кўринмайди. Ўтган асрнинг 60-йилларигача тоза дарё суви тушиб турган кўлга кейинчалик коллектор сувлари қуйила бошлади ва унинг атрофида гўзал табиат ҳам аста секин йўқолиб бормоқда. Махсус тадқиқотлар олиб борилса Қоратеран ҳам ўз сирини очишни истаётгандек, гўё.
Оролнинг остида яна қандай шаҳарлар қолиб кетган бўлиши мумкин? 2013 йилда Россиянинг “РенТВ” телеканали Оролнинг қуриган тагида сирли геоглифлар топилганини маълум қилди. Сири очилмаган, жавоби йўқ тилсим геоглифларнинг Орол денгизининг тагидан топилиши нафақат олимларни, балки бутун жамиятни ҳайратга солди. Бу геоглифларнинг қаёқдан, қандай қилиб, қачон пайдо бўлганини олимларнинг ўзлари ҳам аниқ билмайди. Оролнинг геоглифлари Сирдарёнинг Оролга қуйиладиган томонида, денгизнинг очилган қирғоғида 10-15 метр майдондан топилган. Олимларнинг фикрича, бу каби йирик тамғаларни қуриш учун энг кучли 20 минг техника камида 90 йил давомида тинмасдан ишлаши керак экан. Шу каби геоглифлар Мўйноқ тумани ҳудудида ҳам мавжуд бўлиб, уларни Google Planeta дастури орқали компьютерда кўрса ҳам бўлади.
Бугунги кунда дунёга машҳур Перу заминидаги Наска суратлари ҳам олимларнинг бошини қотириб келмоқда. У ердаги ўргимчак, тўтиқуш, маймун ва бошқаларнинг суратлари қайси асрда, қандай цивилизацияда, кимлар томонидан солинганини билишмайди. Шунинг учун олимлар уларни ўзга сайёраликлар бизга қолдириб кетган космодром белгиси деб тахмин қилмоқда. Агар шу гап рост бўлса, Орол ва Устюрт ҳудудида ҳам шундай ҳодисалар юз берган бўлиши мумкин.
Яна бир жиҳат, Устюртда ўтган асрда топилган кўп сонли найзасимон расмлар ҳам бутун дунёни хайратга солганди. Ушбу расмларнинг ёши, кимлар томонидан ва нима мақсадда қурилгани олимлар томонидан аниқланди. Яъни, икки томонининг узунлиги 900 метргача, теранлиги уч метргача қазилган гигант қурилишларни бундан 2400-2500 йил аввал кўчманчи қабилалар қурганлиги фанда исботланди. Улар шу усул билан бир марталик уринишда ўн минглаб сайғоқ, жайрон ва қулонларни тузоққа туширган. Бу қурилишларнинг номи аран дейилган. Устюртнинг номи эса Аранқир деб аталган.
Демак, сир-синоатга тўла Орол ва Устюрт тилсимларини очадиган вақт етиб келди. Мўйноқда туризмни ривожлантирамиз, деяпмиз. Мана шу сир-синоатлар туризм учун етиб ортади. Масалан, Перудаги Наска суратларини кўриш учун ҳар йили миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради ва давлатга 3 миллиард доллар шунинг ҳисобидан кириб келади. Бизда эса Наска суратларидан 10 баравар каттароқ сирли суратларимиз бор. Лекин шундай бойлигимиз борлигини ҳатто ўзимиз ҳам билмаймиз.
Мустақил давлат бўлдик. Сўз эркинлиги бор. Лекин нима учун шу кунга қадар Возрождение ороли ҳамда Устюртда олиб борилган махфий ҳарбий амалиётлар ҳақида ҳеч нима билмаймиз? Интернет саҳифаларида-ку Возрождение оролини “ўлим ўчоғи” деб аташади. Чунки у ерда Собиқ Иттифоқ даврида етиштирилган бутун биологик қуроллар кўмилган эмиш. Агар шундай бўладиган бўлса уларни утилизация қилиш керак эмасми? Нима учун кўпчилик давлатларда “арвоҳ шаҳар”ларни туристлар ташриф буюрадиган масканларга айлантирилган-у, лекин Мўйноқ туманидаги Возрождение оролига туристик маршрутлар йўқ? Нима учун Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган 2500 йиллик тарихга эга гигант суратларни тарғиб қилмаймиз?
Хуллас, саволлар кўп, жавоблар эса йўқ.
Оролнинг Каспийга оқиб кетган жойи, яъни тўртинчи кўзи топилгандек бўлса-ку, уни биз расман эълон қилсак, бутун дунёдан сайёҳлар оқиб келар эди. Мана шу лойиҳаларнинг ҳаммасини давлат раҳбари алоҳида эътибор қаратаётган Мўйноқ туманида ташкил қилса бўлади. Лекин, бу ҳақида ҳеч нарса эшитмаяпмиз.
Мана шу жойларда плато портлатилганга ўхшайди. Орол айнан шу ердан Каспийга оқиб кетган бўлиши мумкин
Устюртни чинкида Орол денгизига яқин жойдаги XII-XIII асрга тегишли ушбу Давлетгерей (Қўрғонча) ёдгорлиги ҳақида маълумот кам. Унинг тарихини яратиш эса долзарб масала
Ҳарбий тушиш йўли
Орол денгизидаги Давлетгерей (Қўрғонча) ёдгорлиги. XII-XIII аср. Бу хароба бир вақтлари карвон сарой бўлган. Демак, Ипак йўлининг яна бир тармоғи Оролнинг тагида қолиб кетган.
Давлетгерей карвон саройи
Устюртдаги найзасимон қурилиш (аран). Милоддан аввалги V-IV асрларда ушбу қурилма ёрдамида кўчманчилар томонидан минглаб ёввойи ҳайвонлар тутилган. Араннинг айнан ушбу қисмида сайғоқлар овланган.
Устюртдаги найзасимон қурилиш(аран)лар. Ушбу аранларнинг икки томонининг ҳар бирининг узунлиги 900 метргача, оғиз қисми 600 метргача боради
Кўчманчилар сайғоқларни шундай тутишган
Мана шу жойларга борган киши беихтиёр ўзини ўзга сайёрага тушиб қолгандек ҳис қилади
Устюртда ўсиб турган бир туп олма ва ўрик дарахти.
Оролдан бундан 21 млн йил аввал Тетис уммонида яшаган мегалодон акуласининг тиши топилди.
Е.Қаноатов