4 июнь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 29 май куни ўтказилган видеоселектор йиҚилишида кўплаб долзарб масалалар, жумладан, қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислиги оқибатларини юмшатиш, ғўзадан кафолатли ҳосил яратиш бўйича ишлар муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгиланди. Тадбирда 1 июндан 1 июлгача “Ғўзада кафолатли ҳосил яратиш зарбдор ойлиги” эълон қилинди. Бу борада илгари сурилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш вилоят Кенгаши сессиясининг муҳокама мавзусига айланди.
Видеоселектор тарзида ташкил этилган сессияда вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳалари корхоналари, вилоят тегишли бошқармалари ва ташкилотлари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши, тижорат банкларининг вилоят филиаллари, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар мутасаддилари иштирок этдилар.
Йиғилишни вилоят ҳокими Ў.Барноев бошқарди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов сўзга чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг самаралари ҳақида тўхталди. Олдимизда мамлакат эҳтиёжини таъминлабгина қолмай, деҳқончилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириш бўйича ҳам катта вазифалар турибди. Табиийки, ҳосилнинг баракали бўлиши, моддий ресурслардан, айниқса, сув танқислиги юз бераётган бу йилги шароитда, об-ҳаётдан тежаб-тергаб фойдаланишни талаб этади.
Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи О.Қодиров, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Р.Норов, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси А.Нозимов ўз чиқишларида вилоятда бу борадаги аҳволни таҳлил этиш асносида ечимини кутиб турган долзарб вазифаларга эътиборни қаратдилар.
Воҳамизда суғориладиган жами 274,7 минг гектар экин майдонлари бўлиб, уларни сув билан таъминлашга 17,1 минг километр гидро тармоқлар, 50 дан ортиқ йирик гидротехник иншоотлар, умумий ҳажми 1 миллиард куб метр бўлган учта сув омбори, 28 та насос станцияси, 265 та тик суғориш қудуғи хизмат кўрсатмоқда. Уларни ишлатиш учун бюджет ҳисобидан йилига 450 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Маълумки, вилоятда сувга бўлган эҳтиёжнинг 80 фоизи қўшни мамлакатлар билан трансчегаравий дарёлари орқали таъминланади. Бу йил тоғларда ёғин кам ёққанлиги ва бошқа сабабларга кўра, вилоятимизда сув таъминоти эҳтиёж даражасида бўлмаслиги кутилмоқда. Жумладан, вилоятимизда таъминот 25 фоизга кам бўлади. Шуни ҳисобга олиб, об-ҳаётдан ҳар қачонгидан тежаб-тергаб фойдаланиш чоралари ишлаб чиқилди. Унда ғўза қатор ораларига қўшимча ишлов бериш, суспензия билан озиқлантириш, пайкалларни шарбат оқизиш усулини қўллаган ҳолда суғориш оралиғини узайтириш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, яъни қўшимча тарзда суғориш тармоқларини тозалаш ва улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш ҳисобига, сувдан фойдаланиш коэффициентини ошириш муҳимдир, деб таъкидланди сессияда.
Ҳудудларда экинларни, айниқса, ғўза парвариши жараёнида навбатлаб суғоришни йўлга қўйиш орқали майдонларни барқарор сув билан таъминлашга эришиш мумкин.
Сувни тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда суғориш ишларини ташкил этиш зарур. Бунда Бухоро, Ромитан, Когон туманларида ташкил этилган жами 470 гектар интенсив боҚ ва узумзорларни томчилатиб суғориш ҳамда 800 гектар майдонда полиз, сабзавот экинларини эгатларга плёнка тўшаб суғориш технологияси жорий этилди. Шунингдек, катта майдонлардаги экинларни эгилувчан қувурлар билан суғоришга тайёргарлик кўрилди.
Таъкидландики, об-ҳаёт танқислиги шароитида туманларда буғдойдан бўшайдиган майдонларга сувни кам талаб этадиган мош,ловия ва бошқа озуқабоп экинлар жойлаштирилади.
Сессияда қўшимча агротехник тадбирларнинг қўлланилиши ҳисобидан вилоятда жами 270 миллион куб метр, шунингдек, зовур сувларидан фойдаланиш, тежамкор технологиялар ва бошқа чоралар эвазига 330 миллион куб метр сув тежалиши қайд этилди. Бу эса сув танқислиги муаммосини тўла бартараф этиш имконини беради.
Албатта, суғоришда сувчиларга тегишли шароит яратиб бериш, уларни рағбатлантириш доимий эътиборда бўлмоғи лозим.
Об-ҳаётни тежаш тадбирларини изчил тарзда амалга ошириш, гидроресурсдан ноқонуний фойдаланиш ҳоллари олдини олиш долзарб вазифадир. Бунда асосий масъулият фермерлар, томорқа эгалари, сув хўжалиги ташкилотлари, айниқса, туман ҳокимликлари зиммасида бўлади. Айни пайтда сувдан оқилона фойдаланилиши депутатлар, жамоатчилик вакилларининг назоратида бўлиши керак. Ҳар бир хўжасизлик, сув исрофгарчилиги ҳолатларига нисбатан айбдорларга қатъий чоралар қўлланилади.
Сессияда кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз