СУВ — ҲАЁТ МАНБАИ

Ер юзидаги 7 миллиарддан ошиқ аҳолининг 1,2 миллиарди тоза ичимлик сувига муҳтож, 2,3 миллиард одам санитария ҳолати талаб даражасига жавоб бермайдиган сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда

ТАБИАТ бойликлари орасида сув алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у  тириклик манбаидир. Зеро, инсоният ҳаёти сув ва сув манбалари, аввало, чучук сувдан тежамкорлик асосида фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишни тақозо этади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кундаги табиий офатлар, сув тошқинлари, сув етишмовчилиги, сув ресурсларининг ифлосланиши ва трансчегаравий сув муаммолари дунё халқларини яна бир бор сув ресурсларига нисбатан жиддий эътибор беришга ундамоқда. Шу сабабдан, ота-боболаримиз сувни тоза сақлаш ва муҳофаза қилишга, ундан оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор берганлар. Зеро, “Сув — бу ҳаёт”, “Сув зар — сувчи заргар”, деб бежизга айтмаганлар.

Сув табиий манба сифатида ўз-ўзидан биологик тозаланиш хусусиятига эга бўлади. У қуёш нури ва организмлар фаолияти таъсирида тозаланади. Яъни 24 соатда 50 фоиз бактериядан тозаланса, 96 соатда ифлословчи моддаларнинг 0,5 фоизи қолади, аммо жуда ифлосланган сувнинг тозаланиши қийин кечади.

Ҳозирги вақтда  ер юзидаги ҳар бир кишига кунига 3 литрдан 790 литргача сув керак бўлади, инсонларнинг жон бошига кундалик сарфланадиган сувнинг миқдори турлича. Жумладан, ривожланган мамлакатларда кўпинча 550-600 литр, тараққий этмаган давлатларда 60-150 литр атрофида, қишлоқ жойларида 15-25 (40 литр)ни ташкил қилади.

Соҳа олимларининг фикрича, сув организм учун ҳаётий омил, шу боис ҳам тананинг 70 фоизи сувдан иборат. Инсон сувсиз 4-5 кун, озуқасиз эса 50-60 кун яшайди холос. Танада сув миқдорининг 5 фоизга камайиши бош айланишини юзага келтирса, 10 фоиз камайиши ўлимга олиб келади.

Ичимлик сувининг одам организми учун аҳамиятини Шарқнинг кўпгина олимлари яхши билишган. Масалан, Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” китобининг биринчи жилдида “Сувнинг сифати” ҳақида кўпгина маълумотларни келтирган, сувнинг инсон ҳаёти учун зарур элементлардан бири экани, сувнинг хусусиятларини яхшилайдиган бир неча усулларни баён қилган.

Зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”да табиат муҳофазасига алоҳида ўрин ажратилган. Бу таълимотга кўра, қадимги аждодларимиз она табиатни ниҳоятда эъзозлаган, ўз ҳаётларини табиат билан, ер, сув ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тасаввур этганлар.

Ер юзасининг 70 фоиздан ортиқ майдони сув билан қопланган, аммо улар тузли, ичишга яроқсиз. Қуруқликдаги сувнинг 3 фоизи ичишга яроқли дарё ва кўллардан иборат. Ҳозирги пайтда дунёдаги 50 дан зиёд мамлакатда чучук сув танқислиги сабабли, катта қийинчиликлар туғилмоқда. Сувдан фойдаланиш масаласи шу қадар муҳимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарори билан ўн йиллик (1981-1990) “Чучук сув халқаро ўн йиллиги”, 2005-2015 йиллар эса “Сув ҳаёт учун” ҳаракати Халқаро ўн йиллиги”, деб эълон қилинган.

Шуниси эътиборлики, мустақиллик йилларида сувдан фойдаланиш ва уни  ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалаларни янада яхшилашга алоҳида эътибор берилди. Жумладан, Қомусимизнинг 55-моддасида: “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб кўрсатилганлиги сув ресурусларини муҳофаза қилиш ва  улардан оқилона фойдаланишнинг ҳуқуқий асоси бўлди.

1993 йил 6 майда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унинг мақсади сувга доир муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Ўзбекистонда ички дарёларнинг сув ресурслари умумий эҳтиёж миқдорининг 18 фоизини ташкил қилади. Умумий сув эҳтиёжининг 82 фоизга яқини давлатлараро оқиб ўтувчи Амударё ва Сирдарё ресурслари ҳисобидан қопланади. Ушбу дарёларнинг устки оқими миқдори 123,08 километр, деб белгиланган. Мазкур кўрсаткичдан келиб чиққан ҳолда Орол денгизи ҳавзаси мамлакатларининг давлатлараро битимига мувофиқ, минтақа давлатлари ўртасида сувни истеъмол қилиш лимитлари ва сувни тақсимлаш мутаносиблиги белгиланган.

Умуман олганда, сув ресурсларини экологик ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда бир қатор умумий принципларга ҳам амал қилишни тақозо этади. Жумладан, сув ресурсларидан белгиланган мақсадда самарали фойдаланиш; сувга нисбатан фақат давлат эгалиги ҳуқуқини мустаҳкамлаш; сув ва бошқа табиий объектларга зарар етказишнинг олдини олиш; сув ресурсларидан фойдаланишда умумий ва махсус, биргаликда ва танҳо, бирламчи ва иккиламчи фойдаланиш каби мураккаб тур ва шакллари талабларига риоя қилиш; сувдан фойдаланишга нисбатан ҳақ тўлаш талабига риоя қилиш; сувдан фойдаланиш ва экологик муҳофаза қилиш ҳолати хақида ахборотлардан эркин фойдаланиш; давлатлараро сув ресурсларидан фойдаланиш ва экологик муҳофаза қилишда минтақавий, давлатлараро ҳамда халқаро принципларга қатьий амал қилиш ва бошқалар.

Таъкидлаш жоизки, сув объектлари битта ёки айни бир вақтда бир нечта мақсадда фойдаланишга берилиши мумкин. Бугунги кунда сув хўжалик ва ичимлик сув таъминотида 6,0 фоиз, саноатда 1,8 фоиз, қишлоқ сув таъминотида 1,3 фоиз, ирригацияда 84,2 фоиз, энергетикада 6,0 фоиз, балиқчилик хўжалигида 0,5 фоиз, бошқа мақсадлар учун 0,2 фоиз ишлатилмоқда.

Сувдан умумий ва махсус фойдаланиш турлари рўйхати Қишлоқ ва сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Ҳозирги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишда рағбатлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сув ресурсларини муҳофаза қилишни рағбатлантириш бошқа табиат объекларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг экологик-ҳуқуқий муҳофаза қилинишини ҳам таъминлайди.

Умуман олганда, сув ресурсларини экологик-ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш, нафақат сув ва сув объектларини, балки бошқа табиат бойликларини ҳам экологик-ҳуқуқий муҳофаза қилишни тақозо этади. Юқорида кўрсатилган барча ҳолатлар ҳозирги ва келажак авлодлар учун энг зарур ва ҳаёт манбаи бўлган сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ва уни экологик-ҳуқуқий муҳофаза қилишга ундайди.

Сув ресурсларини экологик-ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида халқаро тадбирлар ҳам катта аҳамият касб этади. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида “Атроф муҳит ва тараққиёт” мавзуида бўлиб ўтган конференциясида жаҳон жамоатчилигининг эътибори табиатни асраш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммосига қаратилди.

Бугунги кунда ер юзидаги 7 миллиарддан ошиқ аҳолининг 1,2 миллиард нафари тоза ичимлик сувига муҳтож, 2,3 миллиард нафар одам санитария ҳолати талаб даражасига жавоб бермайдиган сувдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Яна бир муаммо, дунё аҳолисининг ҳар 10 нафаридан 4 нафари тоза ичимлик суви етишмайдиган ҳудудларда яшайди.

Мустақилликка эришгач, Ўзбекистон Орол денгизи ҳавзаси сув ресурсларини бошқариш ва муҳофаза қилишнинг ягона тизимини яратиш ташаббускори бўлиб чиқди. Ушбу мақсадда, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси (ДСХМК) ташкил этилган бўлиб, унга Амударё ва Сирдарё сувлари, қайтарма сувлар билан бирга, Орол денгизи ҳавзаси сувларини бошқариш топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни экологик-ҳуқуқий муҳофаза қилиш борасида халқаро ташкилотлар билан ҳам фаол ҳамкорликни йўлга қўйганлигини таъкидлаш лозим.

Умуман олганда, сувдан оқилона фойдаланиш ва уни экологик муҳофаза қилиш ишини янада яхшилаш — ҳаётни яхшилаш, узоқ умр кўриш ва бошқа табиий ресурсларни сақлашдир, десак хато қилмаймиз.

Хуллас, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уни экологик муҳофаза қилиш, фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш ҳамда ер, ерости бойликлари, ўрмон, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси, табиий захираларни муҳофаза қилишга ёрдам бериб, соғлом оила ҳаётини яхшилашга хизмат қилади.

 

Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ,

ТДЮУ  профессори, юридик фанлар доктори