Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрига етиб келган бир гуруҳ ўзбекистонлик оммавий ахборот воситалари вакиллари Оролга жўнаб кетди.
Маълумотларга кўра дунё бўйича 80 фоиз одамлар ювинаётганда сувни оқизиб қўйиб ювинар экан, лекин дунёнинг қайсидир бурчагида инсонлар бир қултум сув учун узоқ навбат кутиб турар экан. Бугунги кунда сув танқислиги глобал муаммога айланмоқда. Биз ҳар биримиз сувдан оқилона фойдаланиб, унинг танқислигини ҳис этиб яшасак, келажак авлод учун қайсидир маънода имкониятлар яратиб беришимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги экологик маркази томонидан ташкил этилган медиатурнинг асл мақсади ҳам аҳолига ва ёшларга сувдан оқилона фойдаланишни эслатиш ва бу борада зарур чораларни қўллашга қаратилган.
– Лойиҳа “Ўзбекистонда сув ва экологик масалалар бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” деб номланган, – дейди Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Е.Қанаатов. – Маълумки Ўзбекистон иқтисоди учун сув жуда муҳим ресурс ва республикамизнинг 80 фоиз сувлари трансчегаравий ҳисобланади. Сувнинг энг катта истеъмолчиси қишлоқ хўжалиги бўлиб, уни исроф қилмасдан фойдаланиш иқтисоднинг ўсиши ва экологик барқарорликни таъминлашда катта аҳамиятга эга.
— Ҳар бир экологик муаммони ҳал қилиш учун уни ўрганиб чиқиш керак, – дейди медиатур иштирокчиси Хония Аслбекова. – ХХ асрнинг 60 йилларида Ўрта Осиёда суғориш каналлари катта кўламда барпо этилган. Амударё ва Сирдарё сув ресурсларини нотўғри тақсимлаш натижасида Орол денгизи қуриб бошлаган. Медиатурнинг асосий мақсадларидан бири иқлим ўзгариши шароитида сувдан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш муҳимлигига эътиборни қаратиш ва аҳолининг хабардорлик даражасини янада оширишдир.
Иштирокчилар медиатур доирасида Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари ҳудудидаги Судочье кўли, Устюрт платоси, Урга қишлоғи, Устюрт чинклари, Оролнинг қуриган тагида пайдо бўлган тўқайзорликлар, Учсой балиқчилар қишлоғи, Кемалар музейи, Амударё соҳиллари, шунингдек, Шеге кўли каби жойлар билан танишишади.
Насиба Зиёдуллаева, Анвар Насирлаев, ЎзА