Олтиндан қиммат обиҳаёт

Ҳозирнинг ўзида 1,3 миллиард инсон доимий равишда сув танқислиги билан курашмоқда.

Негадир арзон нарсага нисбатан «сувтекин» деган иборани ишлатамиз. Яна жўмракни бурасак сув чиқаверади деб ҳам ўйлаймиз. Лекин яқин келажакда айнан мана шу биз ўйламай-нетмай сарфлаётган ичимли сув энг қимматбаҳо неъматлардан бирига айланишини, унинг учун ҳатто давлатлар ўртасида урушлар очилиши мумкинлигини кўпчилигимиз ўйламаймиз ҳам.

Дунёдаги умумий сув миқдорининг фақат 1 фоизигина чучук сувдир

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, 2025-2030 йилларга келибоқ барча чучук сув ресурслари инсон фаолияти учун эгаллаб бўлинади, яъни сув ҳам инвестиция манбаига айланиб сотила бошлайди. Дунё миқёсида сўнгги 100 йилда сув сарфланиши олти баробар ошган. Бу кетишда 2050 йилга келиб одамзотга ҳозиргига нисбатан икки карра кўпроқ сув зарур бўлади. Сув эса камайгандан камайиб бораверади.

Ҳозирнинг ўзида 1,3 миллиард инсон доимий равишда сув танқислиги билан курашмоқда. 2 миллиард одам бу муаммога вақти-вақти дуч келиб турибди. Бу сайёрамиз аҳолисининг ярми чучук сувга зориқмоқда деганидир. Ҳар куни 6000 нафарга яқин одам (асосан болалар) бу муаммонинг у ёки бу оқибатлари туфайли нобуд бўлмоқда. 2030 йилларга келиб 500 миллионга яқин одам сув излаб қитъадан қитъага кўчиб юради.

Ҳа. Бу муаммо бутун инсониятни ўйлантириб, 22 март куни Жаҳон сув куни деб эълон қилингани бежиз эмас.

Ҳар куни 6000 нафарга яқин одам (асосан болалар) бу муаммонинг у ёки бу оқибатлари туфайли нобуд бўлмоқда. Фото: «Afrika-raj.ru»

Умуман олгандан дунё миқёсида ичимли сув таъминоти келажакда қандай бўлиши бўйича мутахассислар қуйидаги икки тахминни билдирмоқдалар (энг қизиғи ҳар икки тахминда Хитой билан Ҳиндистон фактори бор. Айнан шу икки давлат аҳолиси энг кўп бўлиш билан бирга ривожланиш суръати бўйича ҳам етакчилик қилишмоқда).

  1. Йирик шаҳарлардаги қашшоқлик ва сув танқислиги, Африкадаги қурғоқчилик.

Ҳозирданоқ дунёдаги аҳолиси 10 млн кишидан ортиқ 23 мегаполис ичимлик суви танқислиги ва оқава тизимлар етишмаслигидан азият чекмоқда. Энг мураккаб вазият Хитойда. Мамлакатдаги 600 шаҳардан 550 таси юқоридаги муаммога озми-кўпми дуч келган. Ҳиндистонда ҳам аҳвол ҳавас қилгудек эмас. Келажакда сувга талабнинг ошиб бориши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, яъни озиқ-овқат муаммосини келтириб чиқаради. Бу муаммо инсонларнинг янада кучли табақаланишига олиб келади. Шундоқ ҳам қашшоқлик ҳукм сураётгани камлик қилаётгандек йилдан-йилга қурғоқчилик авж олаётган Африка қитаъсидан миллионлаб муҳожирлар Европа ва Осиёга қараб йўл олишади. Бу эса ўз навбатида ижтимоий муаммолар, ирқий зиддиятларга олиб келади.

  1. Хитой сувни қайта ишлаш борасида етакчиликни қўлга олади. Дунё сув истеъмоли бўйича янги тизимни ишлаб чиқади.

Ичимлик сувнинг танқислиги бутун дунё олимларининг эътиборида бўлади. Шўр сувни чучуклаштиришга миллиардлаб инвестиция ажратилади. Нефть ҳозир қанчалик кўп соҳаларни қамраб олган бўлса, келажакда сув таъминоти ҳам катта индустрияга айланади. Сувни чучуклаштириш таннархи камая боради. Сувни чучуклаштириш учун сарф қилинган 1 доллар 5 доллардан 30 долларгача фойда келтира бошлайди. Бу борада ҳам Хитой олдинга ўтиб кетади. Сувни тежаб ишлатиш бўйича янги ғоялар эгаларига оламшумул шуҳрат ва маблағ келтиради. Сув таъминотини назорат қилиш давлатларнинг асосий ишларидан бирига айланади.

Манба: Хабар.уз