Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фаолиятини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Хитой Халқ Республикаси элчихонаси ҳамкорлигида Сирдарёга медиатур ташкил этилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг апрель ойида Сирдарё вилоятига ташриф чоғида «Вилоятни инновацион ҳудудга айлантириш учун қайси давлат тажрибасини олиб келиш бўйича кўп ўйладик. Тан олиш керак, охирги йилларда Хитой саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиётда мисли кўрилмаган ютуқларга эришди. Хитойнинг илм, инновация, муҳандислик, электротехника, робототехника ва IT йўналишларида тажрибаси катта. Энг асосийси, Хитой бизга транспорт-логистика жиҳатидан энг яқин йирик бозорлардан бири», деган эди.
Бугунги кунда Ўзбекистон-Хитой шериклигининг 2023-2027 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилинган бўлиб, икки томон ўртасида ўзаро савдо, божхона, таълим, энергетика қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда ўнлаб ҳужжатлар имзоланган.
Компания фаолияти билан танишишдан олдин Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Юй Цзюнь, Ўзбекистоне Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси А.Хамзаев, Сирдарё вилояти хокими А.Махмудалиевлар иштирокида тақдимот бўлиб ўтиб, унда Хитойнинг Energy China, Yotong Bus, China Southern Power Grid каби Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган муқобил энергетика, транспорт компаниялар фаолияти намойиш этилди.
Тақдимотдан сўнг иштирокчилар “Peng Sheng Grop Protektion” қўшма корхонасининг желатин ишлаб чиқариш цехи ҳамда қишлоқ экинлари далалари билан танишишди.
-Электр энергиясини ишлаб чиқариш, қуёш, шамол энергетикасини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши бўйича тақдимотдан маълум бўлдики, Energy China 500 млн. Тоннадан ортиқ заҳарли моддаларнинг ҳавога чиқарилишини олдини олиб, миллионлаб тонна табиий газни тежаш имконини беради. Б каби лойиҳалар биз учун муҳим. Қишлоқ хўжалигида сувни тежаш технологиялари, юқори ҳосилдорликка эга пахта далалари билан танишдик. Мазкур корхонага Экологик партиянинг таклиф этилгани бежиз эмас. Биз бу каби лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз, чунки экологик тоза лойиҳаларнинг Ўзбекистонда жорий этилишидан манфаатдормиз. Хитой элчихонаси илк маротаба Экологик партияни ҳамкорликка чақиргани бизни хурсанд қилди, деди , Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Хамзаев.
Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 60 дан ортиқ йирик саноат корхоналари иш бошлаган. Шулардан бири “Peng Sheng Grop Protektion” қўшма корхонасидир. Мазкур масъулияти чекланган жамият 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, замонавий пестицид корхонаси ҳисобланади. У ўз фаолиятида техник тадқиқотлар ва ишланмалар, маркетинг ва техник хизматларини бирлаштиради. Компания экинларга “бир дарча” хизмат кўрсатиш платформасини қуриш мажбуриятини олган. 4 йил давомида 30 дан ортиқ ҳудудда олиб борилган дала синовлари ва изланишлардан сўнг кам заҳарли инсектицидлар, гербецитлар борасида 270 дан ортиқ дала синовлари ва кўргазмалари ўтказилди. Ушбу синовлар Ўзбекистоннинг 12 та вилоятидаги 1200 гектардан ортиқ экин майдонларида, жумладан пахта, ғалла, шоли, маккажўхори , олма , гилос, сабзовотлар каби 20 дан ортиқ экинларни қамраб олди.
“Peng Sheng Grop Protektion” МЧЖ Хитой заводларининг техник тажрибасига таяниб, “Табиатни ҳурмат қилиш ва одамларни севиш” концепциясига мувофиқ хизмат кўрсатиб келмоқда.
Пресс-турда Ўзбекистон Экологик партияси, Хитой Халқ Республикаси элчихонаси, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Хитойнинг бир қанча компаниялари вакиллари, шунингдек, “Эколог” жамоат бирлашмаси, “Индиго” нодавлат нотижорат ташкилоти, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этишди.
Наргис Қосимова