Юртимизда бошланган хайрли ташаббус – “Обод қишлоқ” дастури бугун жуда катта кўлам ва аҳамият касб этган ҳолда давом этмоқда. Олис қишлоқларда бошланган ободонлаштириш ишлари самараси ҳудудларнинг кун сайин ўзгариб бораётган қиёфаси, одамларнинг турмуш тарзида ўз аксини топмоқда.
Дастур асосидаги ишлар Самарқанд вилояти Нуробод туманида ҳам жорий йил февраль ойининг охирги кунларида бошланган эди. Вилоят ҳокимлигининг ишчи гуруҳи мазкур ҳудуднинг инфратузилмаси, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонлари ҳолатини ўрганиб, халқ билан мулоқот қилди. Қишлоқда мавжуд муаммоларни ўрганиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди. Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларини обод масканга айлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошлаб юборилди.
Ўтган тўрт ой давомида қишлоқда режалаштирилган ишларнинг 80 фоизи бажарилди. Таъмирланиши керак бўлган 663 та уй-жойнинг 469 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланди. Намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган 75 та уй-жойнинг 25 таси Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан молиялаштирилиб, кам таъминланган ва шароити оғир оилаларга бепул ажратилди. Ҳудуддаги 10 та мактаб таъмирланиб, мебель ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 3 та мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилди. Жом деҳқон бозори, масжид, ҳаммом, 3 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, 4 та озиқ-овқат дўкони ва 2 та автобекат барпо этилди.
Ҳудуд йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар давомида узунлиги 16 метр бўлган янги кўприк қурилди. 22 километрлик ички йўлларга қум-шағал, 5,65 километрлик марказий, 2,32 километр ички кўчаларга асфальт ётқизилди. Йўл четларига замонавий тунги ёритиш устунлари ўрнатилди. Шунингдек, 16-17 май кунларидаги сел оқибатида яроқсиз ҳолга келиб қолган 3 та кўприк реконструкция қилинди. Жомсой коллекторининг 3,1 километр ўзани тўғриланди ва қирғоқлари мустаҳкамланди. Сел оқимида жойлашган 4 та уй-жой бузилиб, уй эгаларига қишлоқнинг бошқа ҳудудидан ҳомийлар ёрдамида янги уй-жой қуриб берилмоқда.
Жом қишлоғи аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 11 та янги трансформатор, 1060 дона темир-бетон устун ўрнатилди, 41 километр узунликдаги ҳаво линияси тортилди. Аҳолига 2100 дона суюлтирилган газ баллони етказиб берилиб, айни пайтда Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги хонадонларнинг барчаси маиший газ баллони билан таъминланди. Газ баллонларини аҳолига ўз вақтида етказиб бериш учун қўшимча 1 дона “Исузу” русумли автомашина ажратилди.
Ҳудуддаги энг оғир муаммолардан бири ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ. Шу пайтгача аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 27 фоизни ташкил этган.
– Қишлоғимизда сўнгги марта 1973 йилда сув иншооти қурилган эди, – дейди қишлоқ фаоли Эрали Намозов. – Афсуски, ўша сув иншооти ва қувурлари ҳам бугун эскириб, кўпи ишдан чиққан. “Обод қишлоқ” дастури асосида бу муаммоларга барҳам берилаётгани бутун қишлоғимиз аҳлини хурсанд қилди.
Дастурга кўра, ҳудуддаги “Омондара” сув иншооти капитал таъмирланди ва сув чиқариш қуввати 2 баробар оширилди. 3 та сув иншооти реконструкция қилиниб, 4 таси янгидан қурилди. 2 та иншоотда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 0,5 километр сув тармоғи янгиланди, 2 километри жорий таъмирланди. Яна 6 километр масофага янги тармоқ тортилди. 40 дона клапанли кўча кранлари ўрнатилди. Аҳолининг чорва молларини суғориш учун 12 та сув ҳовузи қазилди. Марказлашган сув тармоғи етиб бормаган 8600 дан зиёд аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш учун 2 та махсус сув ташувчи автомашина ажратилди. Бу ишлар натижасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 62 фоизга етди.
Жомда тўртта янги сув иншоотини фойдаланишга топшириш маросими катта тантанага айланиб кетди. Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев қишлоқ аҳолиси турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган бу каби ишлар изчил давом эттирилишини таъкидлади.
Ғолиб Ҳасанов,
Манба: Uza.uz