Инсоният ҳар доим яхши яшашга, яхши ҳаёт қуришга интилади. бу интилиш жараёнида ўзига барча шароит ва қулайликларни яратиб олади. Хўш, яхши яшаш нима ўзи?
Яхши яшаш — инсон турмуш даражаси ва сифатининг ўсиб боришидир. Албатта, бу сифат ўзгариш эса табиат неъматлари эвазига амалга оширилади.
Яхши яшаш учун инсонга нималар керак? Умумий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, инсониятни яхши яшаши учун: тинчлик, соғлик, пул, билим, касб-кор, оила ва бошқалар. Психологлар буни “Бахт формуласи” дейишади. Хўш, савол, биз, бахтлимизми? Албатта, ҳа!
Бу бахт формуласи нисбий тушунча. Кимдадир билим кучли бўлса, кимдадир соғлик, яна кимдадир оила мустаҳкам бўлса, яна кимдадир моддий жиҳатдан яхши таъминланган бўлиши мумкин ва ҳакозо. Қайсидир маънода биз бахтлимиз, албатта! Аммо ҳозирги замон экологлари бизнинг бу бахт формуламизга шубҳа билан қарамоқдалар. Хўш нега? Келинг шу ерда лирик чекиниш қилсакда, кейинроқ бу масалага қайтсак ва энди бироз экология борасида тўхталсак.
Экология – бу нима? Экология атамасини биринчи бўлиб немис зоологи Э.Геккель 1866 йилда фанга киритган. Экология юнонча «oikos» (oйкос) – яшаш жойи, макон ва «logos» – фан, таълимот сўзидан олинган бўлиб, экология — тирик организмларнинг яшаш муҳитлари билан ўзаро муносабатларини ўрганадиган фандир.
Атроф-муҳит деб, табиат олами ва ундаги тирик мавжудотга айтилади. табиий муҳитда ташқи физикавий омиллар ва ундаги барча тирик организмларни ӯзаро зич алоқада бӯлишлари атроф-муҳитни ташкил этади. Бошқача айтганда, атроф-муҳит инсонни қамраб олган ҳар қандай табий омил, жумладан, ҳаво, сув, тупроқ, ӯсимликлар, ҳайвонот ва шунга ӯхшаш унсурларга айтилади.
Муқаддас тупроқ, мусаффо хаво, зилол сув, ўз нурини сахийлик ила сочаётган қуёш – барча-барчаси табиатнинг бетакрор мўъжизаси. Инсон туғилибоқ ушбу неъматлардан баҳраманд бўлади. Шунинг учун ҳам уни она табиат деб атаймиз. Она табиатни, атроф муҳтини асраб авайлаш бизнинг асосий бурчимиздир. Бугун жаҳон жамияти табиатни асраб-авайлаш, келажак авлодларга бекаму-кӯст етказиш йўлида биргаликда амал қилиш зарурлигини англаб етди.
Инсон борки, ҳаёт учун курашади, табиатнинг барча инжиқликларига мослашишга интилади, ҳар бир киши табиат инъомларидан фойдаланади, қуради, бунёд этади. Одатда инсон бирор мақсадни кўзлаб табиатнинг муайян бир соҳасида ижобий ёки кўпинча салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Кишилар ўзлари учун яшаш жойлари барпо этар эканлар, бу атроф-муҳитнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига қандайдир салбий таъсири бўлади, натижада табиат камбағаллашиб боради. Инсон қурилиш материаллари ва бошқа эҳтиёжлари учун табиий ўрмонларни керагидан ортиқча кесади, демак ўсимлик дунёси қисқариб, у ўз навбатида атмосфера ҳавосини мусаффо бўлишига раҳна туғдиради, тупроқ эрозияга учрайди, ер ости сувлари камая боради, кўчкилар пайдо бўлиб, сел натижасида жарликлар ҳосил бўлиши мумкин. Табиатга нисбатан кўр-кўрона ёндошиш, унинг эҳсонларидан аёвсиз фойдаланиш пировардида оғир асорат қолдириши мумкин.
Табиат шундай кучки, у инсонни боқади, даволайди ва ҳатто ҳимоя ҳам қилади. Табиатни асраш борасида ота-боболаримиздан қолган экологик қадриятлар мавжудки, бу қадриятлар асрлар оша урф-одатга айланиб, эъзозланиб келинган. Яъни, табиат унсурларини (ҳаво, сув, тупроқ) муқаддас ҳисоблаганлар. Халқимизда қадимдан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари доимий олиб борилган ва хашарлар ташкил қилинган.
Бизни ўраб турган бутун табиат, борлиқ, минг йиллар мобайнида шундай бир мувозанатга келганки, унинг бир бўлагига етказилган озор бошқа бўлакларига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Табиатга таъсир этишда баъзи жиддий хатоларга йўл қўйилиши мумкинлигини Орол фожиаси мисолида яққол кўрсатиш мумкин.
Бугунги кунда инсоннинг атроф-муҳитга бӯлган муносабати ӯз аслидан узоқлашган бӯлиб, бу муносабатни яна бир маротаба кӯриб чиқишга тӯғри келади. Бугун инсон ӯзини табиат эгасидек ҳис этиб, амал қилади. Инсониятнинг табиатга антропоген таъсири кўплаб салбий ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлаётгани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, иқлим ўзгаришлари ҳам айнан одамзоднинг табиатга таъсири натижасидир. бу эса экологик муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Экологик муаммо бу – инсониятнинг табиатга таъсирининг акс таъсири ҳисобланиб, у 3 хил бўлади. Маҳаллий, минтақавий ва умумбашарий.
Сўнгги йилларда табиатда антропоген таъсирнинг зўрайганлиги, экологик ўзгаришларнинг содир бўлаётгани ҳамда ўрмонларнинг кесилиши натижасида қисқариши биохилма-хилликка путур етди, кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот турлари бутунлай йўқолди ёки уларнинг сони кескин камайди. Ёки саноатнинг ривожланиши, транспорт воситаларидан кенг миқёсда фойдаланилиши оқибатида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва парник эффектини юзага келтириб, ҳавонинг қизишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари атроф-муҳитга чиқарилаётган чиқиндиларнинг турли жойларда тўпланиши, айниқса унумдор тупроқларнинг камайишига, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат муаммосини юзага келтирмоқда. Бундай шароит қисқа бир муддатда барча муҳитларга бирдек зарар етказади.
Келинг энди мавзумиз аввалига қайтсак. Бугунги фан-техника тараққиёти даврида инсон яхши яшаши учун барча шарт-шароит ва қулайликларни яратдики, хатто инсонларнинг ортиқча ҳаракатланишига хожат қолмади (бу соғлом турмуш тарзининг бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда). Бу эса ўз навбатида атроф-муҳитнинг ифлосланиши, табиат ресурсларининг камайиши билан боғлиқ экологик муаммоларни келтириб чиқарди.
Тассавур қилинг! Сиз барча қулайликларга, замонавий имконият ва шарт-шароитларга эга ўз уйингиздасиз. Аммо:
- сиз атмосфера ҳавосидан нафас оляпсизу, аммо йўталяпсиз, нафасингиз қисилмоқда (атмосфера ҳавоси турли саноат ишлаб чиқариш кархоналари ва транспорт воситаларининг кўпайиши ҳамда улардан чиқаётган заҳарли моддалар эвазига зарарланган);
- истеъмол қилаётган маҳсулотларингиз бисёр, аммо уларнинг кўпчилиги кимёвий моддалар эвазига етиштирилган ва бу ҳолат организмнинг ички касалликларига сабаб бўлмоқда (қишлоқ ҳўжалигида етиштирилаётган маҳсулотлар минерал ўғитлар ва уларни ҳимоя қилишда қўлланиладиган пестицидлар эвазига етиштирилган);
- ичаётган сувингиз ифлосланган ва тоза чучук сувнинг миқдори йилдан-йилга камайиб бормоқда (атроф-муҳитга чиқарилаётган чиқиндилар ва иқлим ўзгаришлари эвазига сувларнинг ифлосланиши холатлари кенг учрамоқда).
Хўш, қандай қилиб буни яхши яшаш деб бўлади? Бу борада, биз ўзимизни бахтлимиз деб, айта оламизми? Албатта, йўқ. Сабаб — бизни ўраб олган атроф-муҳит (табиат) таназзулга юз тутмоқда. Табиат ифлосланиб, қашшоқлашмоқда. Бунинг учун бизга нима керак? Албатта экологик тоза муҳит. Экологик тоза муҳит нима? Бу — тоза ҳаво, тоза сув, тоза тупроқ, соғлом организм демакдир.
Биз қачон экологик тоза муҳитга эга бўламиз? Албатта табиатни асраб-авайласак, атроф-муҳитга тўғри муносабатда бўлсак, экологик тоза ва соф табиатга эришамиз. Бунга қандай эришиш мумкин? Экологик маданиятимиз орқали.
Экологик маданият бу – табиатни севиш, унга меҳр кўрсатиш, асраб-авайлаш, ундан тўғри ва оқилона фойдаланиш каби тушунчаларга эга бўлишдир. Бу тушунчаларни эса – Экология фани ўргатади.
Демак, экологик билимлар бизга атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан тўғри ва оқилона фойдаланиш борасидаги билим ва кўникмаларимизни ошириб, соф табиат қўйнида бахтиёр яшашимизга замин яратади. Шундай экан табиатни асраш барчамизнинг бурчимиздир!
Машарипов Адамбой Атаназарович — УрДУ доценти