Чўл тошбақаси нега йўқолаяпти?

Ўрта Осиё чўл тошбақаси Қизил китобга киритилган. Ушбу жонзотнинг сони яшаш жойларининг ўзгариши ва йўқ қилиниши туфайли узлуксиз камайиб бормоқда.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси ўтган асрнинг биринчи ярмидан бошлаб камайишни бошлаган. Иккинчи Жаҳон уруши даврида унинг гўштидан кўп миқдорда консервалар тайёрлашда фойдаланилган. 1950–1960 йилларда тошбақа, асосан, иқтисодий эҳтиёжлар учун йиғилган, бироқ очиқ даштда қишлоқ хўжалиги ривожланиши турларнинг яшаш жойлари ва сони сезиларли даражада камайишига олиб келди.

1960–1980 йилларда тошбақанинг мазкур турига бўлган қизиқишларнинг ортиши сабаб улар зоологик савдога чиқарилган.

Ўрта Осиё чўл тошбақаси (Agrionemys horsfieldii) заиф, ҳимояга муҳтож тур сифатида Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқининг (ТМХИ) Қизил рўйхатига киритилган. Охирги 18 йил давомида қонуний ва ноқонуний равишда жами 1.254.100 дона Ўрта Осиё чўл тошбақаси табиатдан олинган ва экспорт қилинган.

Ҳозирда тошбақанинг табиий яшаши учун яроқсиз ва ўзлаштирилган ҳудудларнинг умумий майдони 300 минг км2 ни ташкил этади. Манбаларда келтирилишича, сўнгги 60 йил мобайнида хўжалик фаолияти юритилиши натижасида тошбақанинг яшаш жойлари 1,5 миллион гектарга қисқариб кетган.

Бугунга келиб мазкур турнинг табиий популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг янги нашрига киритилди.

Аммо Тошкентнинг Янгиобод, Чорсу ва бошқа бозорларида тошбақалар очиқ сотилмоқда. Айниқса болалари. Аксарият ҳолатда уларни ўйинчоқ сифатида фарзандига сотиб олиб беришади, кейин эса боқа олмай ташлаб юборишади. Фикримизча, зудлик билан ёввойи ҳайвонлар савдосини назоратга олиш, сотувчини ҳам харидорни ҳам жазога тортиш лозим.

 

☘️ Каналимизга уланинг @ekologuz Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot