Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳолат қандай?

Мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар  майдони мамлакат умумий майдонининг 8,3 фоизига етказилди. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонун ижроси қандай амалга оширилмоқда?

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ) тизимини ривожлантириш ва улар майдонини халқаро ҳужжатлар талаблари даражасига етказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилди ҳамда соҳанинг молиявий манбалари аниқлаб берилди. Тизимни тартибга солувчи қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 га яқин фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукуматнинг махсус дастурлари қабул қилинди ва улар ижроси билан 5 та янги МЭТҲларга асос солинди.

Мамлакатимизда олиб борилган ушбу янгича ёндашувлар натижасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар  майдони мамлакат умумий майдонининг 8,3 фоизига етказилди, ваҳоланки ушбу кўрсаткич 2017 йилда 5,2 фоизни ташкил этган.

Statи.uz сайти маълумотларига кўра Тошкент вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўп муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларга эга. Тошкент вилояти 2011 йилдан 2017 йилгача муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар бўйича пешқадам бўлган бўлсада, Қорақалпоғистон 2018 йилда энг кўп муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд сифатида кўрилмоқда. Охирги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган эътибор сабабли Қорақалпоғистон Республикасида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар бўйича ўзгаришлар амалга оширилган.

Энг ачинарлиси Андижон, Фарғона, Наманган, Навоий, Сирдарё, Тошкент шаҳарларидаги кўрсаткичлар ижобий дея айта олмаймиз. Нега ушбу ҳудудлардаги аҳвол яхши эмас?

Биздаги (тўлиқ тасдиқланмаган) маълумотларга кўра муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда биологик ресурслар давлат кадастрини ўтказиш учун бюджет маблағлари ажратилмаган, ички имкониятлардан фойдаланилган ҳолда кадастр юритиш бўйича бир қатор ишлар бажарилган бўлса-да, аммо замонавий ахборот технологияларидан (GPS, хариталар, расмлар ва бошқа.) фойдаланилмаган. Бу ўз навбатида, ҳайвон ва ўсимлик популяцияларининг тарқалиш жойлари, биомассаси, зичлиги ва шу каби бошқа материаллар кадастрнинг янада тўлақонлилигини таъминлаган ва амалиётда ундан фойдаланиш имконини оширган бўлар эди.

Авазхон Хайдаров