«Катталар чиқинди ташламанг!» – Бўстонлиқда маҳаллий болалар номидан навигацион тасвирлар пайдо бўлди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ ҳудудида туманнинг асосий муаммоларини акс эттирадиган навигацион тасвирлар пайдо бўлди. Бу ҳақда «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси матбуот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, болалар ташқи реклама орқали туман аҳолиси ва меҳмонларини чиқинди ташламасликка, тақиқланган зоналарда пикник уюштирмасликка ва табиатга меҳрли бўлишга чақирган.

Бўстонлиқ туманидаги навигацион тасвирлар тизими — бу «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда туманнинг экологик маданиятини яхшилаш ва табиатини сақлаб қолишга йўналтирилган «Барқарор Бўстонлиқ» лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.

Дирекциянинг маълум қилишича, навигацион тасвирлар тизими — дарслар сериясини ўтказиш, болалар расмлари асосида навигацион тасвирлар дизайнини шакллантириш, шунингдек, одамлар кўп ташриф буюрадиган нуқталарни аниқлаш ва ижтимоий реклама учун конструкциялар ўрнатишни ўз ичига олган комплекс лойиҳа.

Тасвирлар асоси сифатида 36-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларининг расмлари олинган. Ушбу лойиҳа доирасида «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси 11 майдан 25 майга қадар маҳаллий мактаб ўқувчилари учун экология ва одамнинг атроф-муҳит билан алоқаси мавзусида 36-сонли умумтаълим мактабида дарслар сериясини ўтказган.

Дирекция вакиллари, Тошкент давлат аграр университети ўқитувчилари, Фанлар академияси ботаника институти қошидаги академик Ф.Н.Русанов номидаги Тошкент ботаника боғи ходимлари, Ўзбекистондаги БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, «Hashar Week» ижтимоий-экологик лойиҳа ва Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари ҳамда экоблогер ва «Бахт улаш» хайрия ташкилотининг асосчиси Мўътабар Хушвақтова иштирокида 7 та интерактив дарслардан иборат ҳақиқатда ҳам ноёб лойиҳа амалга оширилган.

Дарслар доирасида ўқитувчилар интерактив кўринишда табиат ва тарих нуқтаи назаридан Бўстонлик туманининг ноёблиги ва одам қандай қилиб иқлим ўзгаришига таъсир қилиши ҳақида айтиб беришган, шунингдек, чиқиндилар муаммоси ва у қандай миқёсга етиши мумкинлиги кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, Бўстонлиқ туманида ҳар йили 37 800 тонна маиший чиқинди пайдо бўлади, бу миқдорнинг бир қисми эса сайёҳлар томонидан юзага келтирилади. Чиқинди муаммоси билан бир қаторда, мумкин бўлмаган жойда пикник уюштириш ва олов ёқиш ҳамда одамларнинг туманнинг табиий гўзалликларига бўлган муносабати муаммолари мавжуд.

«Ушбу лойиҳани ишга туширишдан олдинги жараён жуда ҳаяжонли бўлди, чунки ёш тингловчилар қаршисида чиқиш катта масъулият. Лекин мактаб ўқувчисининг кўзлари чақнаб тургани ва у пластик бутилкани конфет қоғозидан ажратишга уринаётганини кўрганингизда одат юзага келаётганини тушунасиз. Узоқ муддатли ташаббусда Бўстонлиқ туманининг табиий ва маданий меросини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшадиган яхши одат. Болалар бир қарашда арзимасдек кўринган чиқинди қанчалик зарар келтиришини англаётганларини кузатиш мен учун катта шараф», — дейди Тошкент давлат аграр университети «Мева ва сабзавотчилик ва узумчилик» кафедрасининг ассистенти ва ўқитувчиси Шоира Валиева.

Лойиҳа доирасида Бўстонлиқ туманининг энг таниқли жойларида кўриш мумкин бўлган 14 та навигацион тасвирларнинг дизайни ишлаб чиқилди.

 «Туристик мавсум авжига чиққан вақтда Бўстонлиқ туманида чиқиндилар ва сайёҳларнинг ўзларини нотўғри тутиши муаммолари актуал. Бугун биз одам ва табиат бир-бирига қанчалик яқинлигини кузатишимиз мумкин. Иқлим ўзгариши, аномал табиий ҳодиса, ичимлик сувида пластик микроқисмларининг борлиги — буларнинг барчаси бизнинг ҳаракатларимизнинг натижасидир. Умид қиламанки, Бўстонлиқ болалари иштирокида амалга оширилган ушбу лойиҳа ўзига жамоат эътиборини тортади ва одамнинг табиат билан тўғри муносабатда бўлишини бошлаб беради. Болалар мактаб вақтиданоқ Бўстонлиқ туманининг бор гўзаллигини сақлаб қолиши мумкин бўлган ижобий ва керакли одатларни шакллантиришлари учун кейинчалик ҳам ўқув лойиҳаларини давом эттиришни режалаштиряпмиз. Вазиятдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига ўқув материаллари ва ўқувчилар учун совғалар тақдим этгани учун миннатдорчилик билдирамиз», — дейди «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси раҳбарининг ўринбосари Суна Парк.