Ўсимлик дунёси ва ҳайвонот дунёсига одамзотданда кўп зарар етказаётган одам бўлмаса керак. Ўзбекистонда ҳам давлат раҳбари ва ҳукумат вакиллари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаб қолиш учун бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Лекин ушбу ишларнинг мазмун моҳиятини республикамиз фуқаролари ва тадбиркорлари тушуниб етишлари қийин бўляпти.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти камёб ҳайвонлар ҳисобини юритиш ва кадастири лабараторияси ходимлари Бикова Елана ва Шаҳзод Деҳқоновлардан сайтимизга мурожаат келиб тушди. Айтилишича Тошкентдан-Наманган вилоятигача бўлган йўл (камчиқ довони) бўйларида лолалар сотиляпти экан.
Мурожаатни ўрганар эканмиз ушбу лолалар Ўзбекистон Қизил китобига киритилган «ВВЕДЕНСКИЙ ЛОЛАСИ» эканини аниқладик. Бу тур лолалар камайиб бораётган эндемик ўсимлик ҳисобланади. Ўзбекистон Қизил китобига лолаларнинг 21 тури киритилган.
Қурама ва Чотқол тизмаларида, асосан, Оҳангарон дарё водийсида ўсади (Тошкент, Наманган вилоятлари)да тарқалган.Табиатда кичик гуруҳлар ҳосил қилган ҳолда денгиз сатҳидан 1600–2000 м баландликда туб жинсларда, шағалли ёнбағирларда ўсади.Уруғидан ва пиёзи орқали кўпаяди.
Бу тур лолаларнинг гул ва пиёзлари кўплаб йиғиб олиниши ҳамда чорва молларининг боқилиши туфайли камайиб бормоқда.Ушбу лолалар сон-саноғсиз териб сотилаётганини суратларда ҳам кўрсангиз бўлади. Бир муддатли хурсандчилигимиз ва ўз манфаатларимизни кўзлаб табиатга зарар етказишимиз қанчалик тўғри бир ўйлаб кўринг?
Лолаларни ровоч баргига ўраб 20 000 сўмдан сотишяпти дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институти камёб ҳайвонлар ҳисобини юритиш ва кадастири лабараторияси ходимлари.
Бундай ҳолатлар Самарқанд вилояти Ургут туманида ҳам бир неча маротаба кузатилган. Биз Ўзбекистон Қизил китобига киритилган лолаларни табиатдан ажратиб олиб ноқонуний сотган фуқаролар ҳақида маълумот излаб Ўзбекистон Давлат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси сайтига ва Telegram’даги расмий каналига мурожаат қилдик, аммо лолаларни ноқонуний юлиб сотган бирор фуқаро жаримага тортилгани борасидаги маълумотларни топа олмадик. Демак шу пайтгача лола гулларига бўлган совуқ муносабат учун фуқаролар жавобгарликка тортилмаган ёки тортилган бўлса ҳам биз бу ҳақида эшитмаганмиз.
Тўғри мақолани ўқиб фуқароларни жаримага тортиб нима фойда топасизлар дейдиганлар ҳам топилади орангизда. Биз мақоламизнинг шу жойида бу фуқароларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлимлари иш билан таъминласа ушбу ҳолат рўй бермасди деган хулосага келдик. Хабарда аксарият гул сотувчилар ёш болалар эканлиги билдириб ўтилган. Вояга етмаганлар меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдалангани учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг гулларни катта автомашиналар йўлида сотаётган болангизга бирор корхол бўлиб қолса шу сотган лолалари пулига фарзандингизни топа оласизми? Албатта йўқ.
Биз сотилишини ва табиатдан узишларини тўхтатишларини сўраётган лолалар айрим популяциялари Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ва УгомЧотқол миллий табиат боғида муҳофаза қилинади. Табиатда ўсиб турган тупларини назорат остига олиш лозим.
Биламизки жаҳонда энг ноёб лолалар Нидерландияда етиштирилади. Лолаларнинг турлари жуда кўп дунёда. Лола гули қимматбаҳо саноат хомашёси ҳисобланади. Лола гули фармацевтикада ҳам кенг қўлланилади. Бундан ташқари, ранг-бўёқ олиш ва парфюмерия маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилади. Аммо лолаларнинг очиқ табиатда ўсиши ва кўпайиши инсонлар саломатлигига катта фойда бериши олимлар томонидан исботланган.
Сўзимиз якунида Ўзбекистон Давлат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон Эко партияси вакилларидан ушбу ҳолатга эътибор қаратишларини сўрар эдик.
Ферузбек Сайфуллаев.