«СУВСИЗ» ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

1971 йили Бирлашган Араб Амирликлари ташкил топгач, қишлоқ хўжалигига  чет эл сармоялари жалб қилина бошланди.   Шу мақсадда 1985 йили Дубай амирлигида эркин иқтисодий ҳудуд ташкил этилди ва бир  йил ичида  бу ерда 60 та давлат ўз ваколатхоналарини очишди.  2001 йили чет эл сармояларининг миқдори  14 млрд. АҚШ доллари бўлган бўлса 2014 йилнинг биринчи ярмида  мазкур кўрсаткич  40 млрд. АҚШ долларига етди. Ҳар йили Дубай  амирлигидан транзит юк сифатида 170 тонна олтин  олиб ўтилиб, шундан  40 тоннаси мамлакатда қолади. Албатта буларнинг барчаси аҳоли фаровонлигини ошишига, давлатнинг иқтисодий соҳада ривожланишига омил бўлиб хизмат қилади.   Бирлашган араб амирлиги асрлар давомида ўз қишлоқ хўжалигини такомиллаштиришга уриниб келган мамлакат ҳисобланади. Қадимшунослар мазкур ҳудуддан 5000 йиллик бўғдой қолдиқларини топишган. Ер ости сувларидан фойдаланган ҳолда деҳқонлар кичик ер майдонларини суғоришган ва асосан бўғдой, сули, арпа, хурмо етиштиришган.

 “Ақлли” суғориш тизими

Бирлашган араб амирлигида  ёмғирнинг жуда ҳам кам ёғиши, чўлли ҳудудларда  унинг ерга етмасданоқ ҳавода буғланиб кетиши, сувнинг тақчиллиги натижасида  маҳаллий аҳоли  уни “илоҳий неъмат” сифатида қадрлашади.  Сувни тежаб ишлатиш БАА учун  муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида мамлакатдаги мавжуд 75 фоиз сув  ишлатилади. Мамлакат фермерларининг асосий муаммоларидан бири сувнинг тақчиллиги ва тупроқда қумнинг кўплигидир. Бу эса унинг намликни ушлаб туриш имкониятини пасайтиради. Ўз навбатида вақтида сув ичмаган экинлар “стрессга” тушиб,  уларнинг сифати пасаяди.

Сувнинг тақчиллиги БААда “ақлли” ирригацион технологиялардан фойдаланиш заруратини туғдириб, фермерларга фаолиятини кам чиқимли, қишлоқ хўжалигини эса янада барқарор қилиш имконини берди. Бугунги кунда Амирликларнинг  йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Абу-Дабида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатини назорат қилиш бошқармаси фаолият юритиб,  унинг асосий йўналишларидан бири айнан етиштирилаётган экинларнинг сувга бўлган эҳтиёжи қай даражада таъминланганлигини назорат қилиш ҳам киради. Ҳозиргача қишлоқ хўжалиги экинлари автоматик  суғориш тизимидан фойдаланган ҳолда суғориларди. Ҳар бир эгатга таймер орқали маълум бир вақт оралиғида, яъни экин сувга муҳтож бўлмаган пайтда ҳам сув берилар, бу эса қимматбаҳо оби –ҳаётнинг бекорга исроф бўлишига олиб келарди. Суғориш тизимида ўсимликка керак бўладиган намликни ўлчаб, сигнал берувчи сенсорли датчиклардан фойдаланиш мазкур муаммога барҳам берди.

Мамлакатда қишлоқ хўжалигининг асосини ташкил этувчи фермер хўжаликлар учга бўлиниб, улар сабзавотлар, хурмо пальмалари ва ем-хашак экинлари етиштиришга,  хурмо пальмалари ва ем-хашак экинларига ва фақатгина хурмо пальмаларига ихтисослашган. Ҳар бир фермер хўжалигида сувнинг сарфи сув ўлчагичлар билан ўлчанади. Уларнинг ҳар бирида суғориш тизими компьютерлаштирилган бўлиб, далаларнинг турли бурчагига ўрнатилган датчиклар тупроқдаги намлик миқдорини кўрсатиб, экинларнинг стресс ҳолатига тушмаслиги учун қачон суғориш кераклиги ҳақида сигнал беради. Суғоришни компьютер орқали режалаштириш маълумотларни сақлаш ва узатиш, экинлар ривожини, бир далага қанча сув кетишини олдиндан башорат  қилиш имконини беради.

Ҳосилдорлик интеллектуал меҳнат самараси

Амирликларда  ишлов бериладиган ер майдони 50 минг гектарни ташкил этади. Деҳқончилик асосан Рас-ал-Хайма ва  Абу-Дабининг шарқий ҳудудлари, Шаржанинг шимолий-шарқий  қисми ва Умон кўрфазининг  қирғоқларида олиб борилиб, бу ерда ғалла, сабзавотлар, мевалар, полиз экинлари, тамаки, хурмо экилади.  Бугунги кунда мамлакатда йилига  600 000 тоннадан  зиёд ғалла,  45 минг тонна мева ва  2 млн.900 минг тонна хурмо  етиштирилади.  Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида ҳукумат фермерлар учун қудуқлар қазиб, уларни  қишлоқ хўжалиги техникаси, уруғлик, заракунандаларга қарши курашиш  воситалари билан таъминламоқда. Шу билан биргаликда давлат томонидан турли хил ғалла турларини маҳаллий иқлимга мослаштириш борасидаги тадқиқотлар учун жуда ҳам катта маблағ ажратилган. Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий изланишлар олиб борадиган фуқаролар турли йўллар билан рағбатлантирилиб борилади.

Аҳоли сонинг, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг ошиши Амирликларда экологик тоза қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга туртки бўлди. Атроф муҳити ва сув заҳиралари вазирлигининг хабарига кўра,  бугунги кунда мамлакатда 40 дан зиёд органик корхоналар фаолият юритмоқда. Улар 3,89 минг гектар майдонни эгаллаб, 60 дан зиёд турли хил  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарадилар. Ушбу мақсадда БААда ишлаб чиқарувчилар ва қишлоқ хўжалигида банд аҳоли учун махсус таълим дастури, органик маҳсулотларнинг маркетинг, органик  ўғитларни тақсимлаш марказлари фаолият юритмоқда. ArabianBusiness  ахборот хизматининг хабарига кўра,  2014-2015 йилларда фермерлар  кузда 38 минг тонна сабзавот ва мевалар  олиб, 16 млн. АҚШ доллари ҳажмида даромадга эга бўлишлари мумкин.  Ҳозирда Абу-Даби амирлиги фермерлари асосан  бодринг (Амирликлардаги умумий бодринг етиштириш ҳажмининг 29%ни), помидор (16%), бақлажон (5%), булғор қалампири (4%), карам (3%) экилмоқда. Асосий вазифа экологик тоза биомаҳсулотлар етиштириш бўлиб, органик агромаданият технологияси асосида ўстирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари пестицидлардан ҳоли бўлиб, 100 фоиз табиийдир. Органик агромаданият асосида фақатгина  табиий ўғитлардан фойдаланилади. 2012 йилда БААда 8 та органик фермер хўжалиги қайд этилган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 38 тага етди. Уларда 68 турдаги маҳсулотлар, жумладан сут ва гўшт  етиштирилади. Бунинг асосий сабаби бу йўналишдаги фермерларни хукумат, хусусан Атроф муҳит ва сув вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланаётганлигидир.

Фермерлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади

 

Бирлашган араб амирликларида қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга масъул бўлган давлат органи — фермерларга моддий, техникавий ва етиштирган маҳсулотларини сотишга ёрдам кўрсатиш маркази (ADFSC)  2009 йили  ташкил этилган бўлиб,  унинг инвестиция жамғармаси фермерлар учун замонавий агротехникаларни, иссиқхона гидропоникани сотиб олишга маблағ ажратади. Айни пайтда  гидропоника тупроқсиз, сувда минералли  эритмалар ёрдамида кичик ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етиштиришга мўлжалланган технология бўлиб, унинг ҳосилдорлиги оддий экиш усулидан бир неча маротаба юқоридир. Жорий йилнинг ёзида Абу-Даби хукумати  2017 йилга қадар амирликларда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида инвестиция жамғармасига 100 млн. дирхам миқдорда пул маблағи ажратди.  Инвестиция жамғармаси фермерларга  қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ –овқат  хавсизлигини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни беш йил муддатга фоизсиз кредит беради. Фермер хўжаликларидаги мавжуд иссиқхоналар ADFSC томонидан  тасдиқланган мезонларга мос келиши зарур. Агарда фермер янги иссиқхона қуришни мўлжалласа, унинг ва гидропоника тизимининг умумий нархидан 50 фоизини олдиндан жамғармага тўлаши зарур. Бунинг учун улар ADFSC аъзолари бўлишлари  ҳамда марказга  лойиҳанинг боришини  кузатиш имконини яратишлари лозим. Марказ ўз аъзоларини қўллаб-қувватлаш, сув истеъмолини камайтириш ҳамда  маҳсулот сифатини ошириш мақсадида янги технологияларни жорий этиш йўналишида доимий  иш олиб боради. Шунингдек ишга тушган лойиҳалар учун ажратилган кредитнинг ярмини ўзи тўлаб, қолган ярмини фермер беш йил давомида тўлаб боришига шароит яратади. Бунинг учун фермерлар Марказ билан беш йиллик ҳамкорлик иш режаси шартномасини, шунингдек кредитни тўлаш бўйича битимни имзолашлари  керак.

БАА  агросаноатининг кучли томонлари:

  • аҳоли даромадларининг нисбатан юқори даражаси ва  хорижликларга мўлжалланганлик БААни  юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари учун идеал бозорга айлантиради;
  • истеъмолчиларда маҳаллий бозордаги янги маҳсулот белгиларига ,  янги тенденция ва инновацияларга  мойиллик мавжуд;
  • соҳадаги ривожланиш  ҳукумат субсидиялари ва халқаро сармоялар ҳисобига таъминланмоқда.

Кучсиз томонлари:

  • хўжалик юритиш тартиблари  амирликлар бошқарувига  қараб фарқланади;
  • турли хилдаги  маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳам амирликнинг жойлашувига қараб фарқ қилади.

Соҳани ривожлантириш имкониятлари:

  • БААда компания ташкил этиш тадбиркорларга Форс кўрфази давлатларидаги улкан бозор эшикларин  очиб беради;
  • Органик озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг муттасил ортиб бориши;
  • Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг камёблиги ҳамда импортнинг юқори даражадалиги  маҳаллий қишлоқ хўжалик компанияларининг ривожланиши учун  имконият яратади;
  • БАА хукумати томонидан ажратиладиган паст фоизли субсидия ва кредитлар  ишлаб чиқариш харажатларини камайтириб,  компаниялар ривожланишига  кафолат беради.

Сўнгги йилларда Бирлашган араб амирликларида паррандачилик тезкор суръатлар билан ривожланмоқда. Асрлар давомида асосан туячилик ва майда туюқли чорвага ихтисослашган чорвадорлар ўз хўжаликларини кенгайтириб паррандачиликка ривожига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.  Амирликлардаги махсус фермер хўжаликлари балиқчилик, маржон етиштириш билан биргаликда  дунёдаги энг қимматбаҳо, тоза зотли чопқир  отлар ва туяларни кўпайтириш билан ҳам шуғулланишади. Ушбу отлар президентлар ва хукумат бошлиқлари отхоналарини ҳам безаб турибди. Чунки одатда араб давлатлари раҳбарлари ўз мамлакатларига  расмий ташриф билан келган  хорижлик мартабали меҳмонларга  ана шу отлардан тортиқ этишни ёқтиришади.

Ўз даврида француз императори Наполеоннинг энг севимли оти Меринго ҳам зотдор араб арғумоғи бўлганлиги тарихий манбалардан маълум. Араб арғумоқлари нафақат чиройли кўриниши, балки феъл-атворининг ройишлиги, ювошлиги, чиройли ва бир текис йўрғалаши билан ҳам ажралиб туради.

Туяларни минироботлар бошқаради

Туялар – мамлакатнинг рамзларидан бир ва маҳаллий маданиятнинг таркибий қисми ҳисобланади. Аммо бугунги ривожланиш араб ёшларининг қизиқишларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Улар ота-боболаридан фарқли равишда барча қулайликларга эга қимматбаҳо машиналарда юришни афзал кўришади. Шу боис анъаналар йўқолиб кетмаслиги учун ҳар йили Абу-Даби амирлигида туялар фестивали ўтказилади. Тўққиз кун давом этадиган байрамга нафақат мамлакатнинг ўзидан, балки узоқ ва яқин хориждан ҳам кўплаб меҳмонлар ташриф буюришади. Байрам дастуридан эса туя пойгалари (дарвоқе, бу борада ҳам араблар анча илгарилаб кетишган, кўп ҳолларда пойгачи туяларни одам эмас, мини роботлар бошқаради), ким ошди савдолари, қора ва ёрқин тусли туяларнинг гўзаллик танловлари ўрин олган. Фестивалнинг бош ҳомийси БАА президенти бўлгани боис совринлар ҳам шунга яраша: ғолибларга катта миқдордаги пул мукофотлари ва “люкс” синфига мансуб автомашиналар топширилади. Пойгада ғолиб чиққан туянинг нарҳи ҳам 200 минг доллардан камига баҳоланмайди. Гўзаллик танловида эса ҳакамлар туяларни кўкрак қафасининг кенглиги, қулоқларининг тўғрилиги, ўркач ва бўйин орасидаги оралиқ, бўйнининг ва лабларининг узунлиги каби параметрлар бўйича баҳолашади.

Араблар туяни ёшига қараб номлашади. Масалан, бир ёшли жонивор “хивор”, икки ёшлиси эса “фетим” деб аталади. Араблар кўпроқ урғочи туяларни маъқул кўришади. Чунки нор туя саркаш ва қасоскор бўлади.

Араблар Аллоҳ чўл шароитида беқиёс бўлган мева, яъни хурмо ва чидамли дастёр — туяни бериб, ўзларига улкан марҳамат кўрсатганини эътироф этишади.

Фақат БААда шаҳар ташқарисидаги йўлларда “Эхтиёт бўлинг, туя!” деган йўл белгисини учратиш мумкин. Эхтиётсизлик оқибатида туяни уриб юборганлик учун хатто БАА учун ҳам каттагина маблағ – 5000 дирҳам жарима тўлашга тўғри келади.

80 миллион хурмо кўчати экилди

  • Биргина Абу-Дабида мамлакат нефть заҳирасининг  95%  жойлашган.
  • 20 йил ичида Бирлашган Араб Амирликларида 80 миллион хурмо кўчати экилди ва бунга 3 млрд. АҚШ доллари сарфланди. Ҳар бир дарахт  томчилаб суғорилади.
  • БАА йилига 250-300 минг тонна хурмо етиштиради. Хурмодан шунингдек пальма асали, пальма мойи олинади,  мевасидан турли хил салқин ичимликлар тайёрланади.
  • Абу-Дабидаги  Ferrari Park дунёдаги энг йирик ёпиқ аттракционлар парки бўлиб, у  86 000 м² майдонда жойлашган.
  • Абу-Дабидаги барча автобус бекатлари автобуслар сингари кондиционерга эга.
  • Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори катта бўлиб, қизил чироқдан ўтиб кетган ҳайдовчи 800 доллар жарима тўлашга мажбурдир.
  • БААда ДАН ходими йўқдир. Йўл қоидасининг бузулганлигини  йўл бўйлаб ўрнатилган видеокамералар суратга тушириб, йил охирида ҳайдовчи эътиборига умумий жарима миқдори ҳавола этилади.
  • Агарда ҳайдовчи шосседа туяни уриб юборса 10000 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди.
  • БААда энг совуқ ойлар декабрь ва январь бўлиб, ўртача ҳарорат кундузи +280С, тунда +180 Сни ташкил этади.
  • БААда кўчада ташланган ахлат учун жарима 500 дирхам, яъни 100 АҚШ долларидир.
  • Ҳукумат янги турмуш қурган  оила замонавий, шинам  вилла ва тўйни ўтказиш учун 70 минг дирхам (19  минг АҚШ доллари),  ўғил бола тўғилганлиги учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ажратилади.
  • Рас-ал-Хайм амирлигида маржон етиштирувчи фермалар мавжуд.

Наргис Қосимова