Бугунги кунда ҳар бир соҳада энергия тежовчи технологияларни ва муқобил энергия манбаларини жорий этиш жуда муҳим вазифа саналади. Юртимизда айни жараёнларни сифатли ва тез суратларда амалга ошириш мақсадида 2017-йилдан буён БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамкорлигида ва Глобал экологик фонд (ГЕФ) грант кўмагида “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар жой бинолари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси амалиётга тадбиқ этилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини атроф-муҳитга зарар келтирмайдиган яхшиланган ва қулай яшаш шароитлари билан таъминлашдан иборат. Бунинг учун 136,6 миллион доллар маблағ ажратилди.
Лойиҳа доирасида қилинган ишлар кўпчиликка қизиқ бўлса керак. Биз уларга тўхталиб ўтамиз:
— Президент қарори асосида энергия тежамкор ва кам углеродли қишлоқ уй-жойларига талабни ошириш мақсадида субсидияли яшил ипотека кредитлаш схемаси ишлаб чиқилди;
— Ўзбекистоннинг бешта вилоятида бир ва кўп қаватли ЭТ ва КУ арзон қишлоқ уйлари қурилди;
— Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида нолга яқин энергия сарфлайдиган намунавий кўргазмали уй қурилиши ҳам бошлаб юборилди;
— Тошкентда 2019 йилда “Ўзбекистонда энергия тежамкор ечимлар: жорий ҳолат ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди. Тадбир “яшил қурилиш” ва “яшил иқтисодиёт” истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди.
Лойиҳанинг иккинчи компоненти доирасида 2021-йил 9-декабрь куни “Ўзбекистонда энергия тежамкор материаллар ва технологиялар: мамлакатда яшил қурилишни ривожлантириш учун мавжуд бозорни ривожлантириш истиқболлари”мавзусида бир кунлик бизнес-форум бўлиб ўтди.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну ўзининг кириш нутқида кўз ўнгимизда рўй бераётган иқлим ўзгаришлари кузатилаётган бир пайтда, биноларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш масаласи тобора долзарб бўлиб бораётганини, атроф-муҳитга чиқаётган иссиқхона газларининг деярли 30 фоизи қурилиш сектори ҳиссасига тўғри келишини таъкидлади.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан 2021-2023 йиллар даврида ҳудудлардаги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг 1000 га яқин хонадонларида, ҳамда 410 та хусусий ер участкаларида халқаро фонд ва ташкилотлар билан ҳамкорликда қайта тикланадиган энергия манбалари учун ускуналар ўрнатиш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Бизнес-форум лойиҳа натижалари ва унинг истиқболдаги режаларини тақдим этишдан ташқари, янги ёндашув ва ечимларни баҳолаш, энергия самарадорлиги бўйича материаллар ва технологиялар маълумотлар базасини янгилаш, қурилиш материаллари соҳасидаги инновациялар билан танишиш, турли ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари ва энергия тежовчи материаллар ва технологияларни етказиб берувчилар ўртасида билим ва тажриба алмашиш имконини ҳам берди.
Лойиҳа ўзаро боғлиқ бўлган тўртта натижани кўзда тутади:
1. Қишлоқ уй-жойлари учун яшил ипотека механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ва кам углеродли уй-жойларга талабни ошириш;
2. Мустаҳкамланган логистика, энергия тежамкор ва кам углеродли қишлоқ уйлари учун таъминот занжири;
3. Такомиллаштирилган ҳуқуқий ва меъёрий база, энергия тежамкор ва кам углеродли уй-жой қурилиши меъёрлари;
4. Энергия тежамкор ва кам углеродли уй-жойларнинг афзалликлари ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш.
Экологик барқарорлик долзарб бўлган даврда яшил қурилиш, яшил иқтисодиёт жуда муҳим. Бу форумда айтилган фикрлар агар амалда ҳам ўз исботини топса, лойиҳа якунига қадар долзарблигини йўқотмай, эътибор билан иш олиб борилса, кўзланган мақсадга албатта етилади.
Уй-жой қурилишида экологияга эътибор берилса, бу барча учун яхшидир. Келажак авлодга экологик барқарор ва яшил ватан қолдиришдек шарафли вазифада бу каби лойиҳаларнинг ўрни катта. Ўйлаймизки, мутахассисларнинг самарали уринишлари зое кетмайди.
Умуман олганда, бу лойиҳанинг экология учун таъсири катта.
Мукаммал ишланган лойиҳа албатта, ўз самарасини беради деган умиддамиз.
Фотима Чориева