Помидор ёки заҳарли маҳсулот?

Ерни ўз ҳолига қўймайдиган, унга ҳеч бўлмаса 2 йилда бир дам бермайдиган, ҳосил олиш мақсадида турли кимёвий моддаларни пуркаб, пул қилаётган, маҳсулотларига эмбрионнинг она қорнида нуқсонли ривожланишига сабаб бўладиган — Е-123, саноат чиқиндиси ҳисобланган Е-102 каби қўшимчалар қўшаётган, экологияга зарар етказаётганлар, сизларга айтар гапим бор.

Аввало маҳсулотингизни бу усулда етиштиришингизнинг ўзи — экологияга зарар. Дориланган маҳсулот табиий бўлмайди, уни еган одам камида ювиб истеъмол қилмаса, заҳарланишгача боради. Ҳурматли тадбиркор, сиз бу билан «помидор» етиштиряпсизми, ёки бирор заҳарли дорими?

Помидорни еб, ўз пулига касал сотиб оладиган-ку, биз одамлармиз, энди поясини нима қиласиз? Илтимос, «бирорта молга тайёр емиш-ку» деманг! Меваси ювиб ейишни талаб қилганда, поя безарар бўлмайди ҳеч қачон! Ҳа, сиз уни қўйларга бермайсиз, ёқиб юборасиз, шундайми? Савоб қиляпман деб ўзингизни овутманг, ҳаводан уларга албатта кимёвий моддалар етиб боради, зараридан бебаҳра қолишмайди. 1ойча бурун қўйимиз болалади. Қўзичоқ бут- бутун лекин, сира бошини кўтара олмасди, холсиз эди. Халқимизда «эмса яшаб кетади» деган гап бор экан, аммо шўрлик онасини эмарга ҳам холи йўқ эди.

Табиатан одамлардан боласини қизғанадиган она қўй бизга мўлтиллаб қараб, бир четда боласига ёрдам беришимизни кутиб турарди. Сўнг ёнига келиб ҳидлаб яна турғизмоқчи бўларди, қўлидан келмагач, одамлардан яна ёрдам сўрарди. Ана, ўз фарзандини ҳожатхонага ташлаб кетаётган, ёки уларни сони кўп деб бесабаб олдираётганлар, сизлар ўрнак олса арзийдиган ҳолат бу! Халқ орасида бирор нарсани тушунмаса, «қўй» деб ҳазиллашишади, лекин мен бугун шу қўйдек бўлишингизни маслаҳат бераман.

Буларни кўрган бувим «Олдин ҳеч бунақасига дуч келмагандим» дедилар. Қизиқ, 80ни қоралаган инсон шунча йил қўй боқиб бунақасини кўрмабдилар-у, лекин 19 ёшлик қиз, яъни мен бунга гувоҳ бўлдим. Бу албатта, сизнинг шарофатингиз билан, ўртоқ фермерлар. Юра олмайдиган қўзичоқли бўлганимдан кейин охирги бир ой ичида яна худди шундай 2 та ҳолатни эшитдим. Демак, аста-секин кўпайиб боряпти… Бувиларимиз шифокор олдига бормасдан, 10-11 талаб соғлом фарзандларини дунёга келтиришганини эшитгандим.

Борган сари одамлар нозиклашиб боряпти деб ўйласам, энди қўйлар ҳам секин аста бу сафни кенгайтирмоқда. Демак, экология бузилмоқда. Бугун сиз сабабли ерни туёқчалари билан тепиб-тепиб, сакраб ўйнаб юрадиган қўзичоқ ерда холсиз чўзилиб ётибди. Сизни деб у онасини эма олмаяпти, одамларнинг қўлига қарашга мажбур.

Ниҳоят, ўз исмини биладиган, чақирсангиз «беээ» деб жавоб қайтарадиган жонзот бугун бу дунёда йўқ. Қўйларга ваъда қилинган жаннатга тезда етиб олишига ёрдам бердингиз, лекин унутманг, сизга жаннат ваъда қилинмаган. Қўзичоқни уволидан қўрқинг! Бировларни заҳарлашни бас қилинг! Е-250 — бу консервант ичак саратони келтириб чиқаради. Лекин ундан колбаса, сосискаларга пушти ранг беришда фойдаланилади. Ўз болангизга ҳам Е-250 солинган колбаса берасизми? Менимча раво кўрмайсиз. Ичакларимизни саратонга йўлиқтириб пушти колбаса еганимиздан кўра, қайнатилган оддий гўшт истеъмол қилсак яхшироқ эмасми? Ёки колбаа маҳсулотларининг таркибида деярли гўшт йўқлигини содда халқ билиб қоладими?

Сўзим охирида сизларга ИНСОНлар деб мурожаат қилмоқчиман. Келинг, бир-биримизни заҳарлашни бас қилайлик! Эҳтимол дориланмаган сабзавот бироз хунукроқ кўринар, зарарли қўшимчаларсиз таомларимиз озгина мазасини ёқотар, асосийси қўзичоқлар ўлмасин, бегуноҳлар яшасин, шунда ҳаётимиз ўз-ўзидан ёрқинлашиб бораверади!

Дилафруз Тўлқунова, УзЖОКУ талабаси