“Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас… “

Коррупция ҳақида ўрганиш жараёнида “экологик коррупция” деган атамага дуч келдик. Табиийки,экологик коррупция қандай бўлиши мумкин,деган савол туғилади. Ўрганишларимиз шуни тасдиқладики, экология соҳасида ҳам коррупцион ҳолатлар талайгина экан. Келинг бу ҳақида биргаликда фикр алмашамиз.

Биз шаҳарларда янги фавворалар ўрнатиш, истироҳат боғларини барпо этиш мақсадида у ердаги дов-дарахтларни кесамиз. Натижада минглаб қушларга макон бўлган, соясида кўплаб йўловчилар дам оладиган, бизни кислород билан таъминлайдиган табиий ўсимликлар завол топади. Уларнинг ўрнига битта ниҳол қадаш-да “муҳтарам” лойиҳачиларга малол келади.

Бугунги кунда қаттиқ жисм ҳисобланмиш тоғ тошлари ҳам инсонлар томонидан ўзлаштирилди. Айни дам ҳар икки хонадоннинг бирида ана шундай тошлардан фойдаланилади. Уларнинг ўрни эса йирик ковакларга айланмоқда.

  Ҳар йили апрел-май ойларида ҳайвон ва балиқларни овлаш тақиқланади. Сабаби бу даврда улар кўпаяди. Бироқ баъзан инсоннинг нафси ҳакалак отиб, кўнгли ов тусаганда бундай тақиқлар кор қилмайди. Афсуски, Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ҳам овчилар нишонида.

Инсоннинг табиатга бундай салбий таъсирлари талайгина. Табиатга қилинаётган зулм ҳам коррупция шаклларидан биридир.

Биз табиатдан фақат оляпмиз. Олинган ресурслар тикланадими, йўқми бизга қизиқ эмас. Зарафшон дарёсининг Навоий вилоятидан оқиб ўтувчи қисмида тўқайзорлар мавжуд эди. Учтут қишлоғининг дарё томон элтувчи қисмида қалин ўрмон бўлган.  Ўтган замон феълида гапираётганимизнинг сабаби, бу ерлар бугун йўқ. Уларни Ҳазрати инсон “ўзлаштирган”. Ерга бир дона тол ёки терак ёинки жийда ниҳолиги қадашга эринган кимсалар табиий фауна ва флорага бой ҳудудлардаги дов-дарахт ҳамда буталардан ўтин сифатида фойдаланишган. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддасига (Ўсимлик ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш) хилоф ҳаракат қилганини билишмайди ҳам.

Мен кўпинча Коррупцияни тамагирликнинг замонавий атамаси деб тушунаман. Тамагирлик ҳар қандай иллатга элтувчи асосий йўллардан бири. Коррупция эса жиноят кўчасига олиб кирувчи дарвоза. Бунда қонун бузилиши шарт эмас. Инсон ўз-ўзига нисбатан ҳам коррупционер бўлиши мумкин. Мисол учун табиатга қилинган заррача зулм катталашиб бутун инсониятга хавф солиши табиий. Буни сўнгги кунларда бўлиб турган табиий ва техноген ҳолатларда ҳам кўришимиз мумкин. Сардоба фожиасини олайлик. Бундаги иқтисодий коррупция улкан экологик (ҳайвонот ва ўсимлик олами зарарланди, шунингдек, инсонлар бу ҳудудни тарк этишди) муаммога сабаб бўлди. Шундан англаш мумкинки, жамиятдаги ҳар бир тизим узвий боғлиқ. Табиат ҳам худди шундай. Унинг учун оддийгина заррача ҳам  азиз. “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди”, дейишади. Яъни ҳаммм нарсанинг ниҳояси бор. Шунинг учун табиатдан олдикми, унга икки карра нимадир берайлик. Жар ёқасига келгач, ҳаракатга киришсак, кеч қоламиз.

Дилшода Олимова

ЎзЖОКУ талабаси