Канададаги ҳайвонот боғи бамбук етишмаётгани туфайли иккита пандани Хитойга қайтармоқда

Канаданинг Калгари провинциясидаги ҳайвонот боғи бамбук етишмовчилиги сабаб иккита пандани Хитойга белгиланган ижара муддатидан аввал қайтариб юборади. Бу ҳақда CBC News хабар қилган.

Ҳайвонлар 2023 йилга қадар ижарага олинганди. Ҳайвонот боғи ишчилари Эр Шуна ва Да Мао исмли пандаларни боқиш учун бамбук импорт қилишга уринди, бироқ уларнинг ҳаракатлари бесамар кетди.

«Бу жамоа ва бу ердаги ҳайвонлар учун оғир вазият. Бир неча кун давомида бамбуксиз қолишни ўзингиз тасаввур қилиб кўринг» — деган ҳайвонот боғи бош директори Клеман Лантьер.

Янги бамбук панда диетасининг асосий қисми ҳисобланади. Вояга етган панда кунига, тахминан, 40 килограмм бамбук истеъмол қилади.

Пандемия бошлангунига қадар бамбуклар ҳафтасига икки марта Хитойдан олиб келинарди, аммо карантин сабаб авиапарвозлар бекор қилинган. Лантьернинг сўзларига кўра, чекловлар туфайли сифатсиз бамбук харид қилинган, пандалар эса уни ейишни истамаган.

«Уларга айни кунларда берилаётган емиш манзур бўлмаяпти. У жуда ҳам қуруқ», — деган ҳайвонот боғи раҳбари.

Ҳайвонот боғи шу ҳафта охиригача пандаларни уйига юбориш учун рухсат олишни режалаштирган.

🍀 Каналимизга уланинг: https://t.me/ekologuz