Aтроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳар бир давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ишлаб чиқариш жараёнини экологик назорат қилиш тизимини такомиллаштириш, экологик аудит ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиб, хусусий аудиторлик фаолиятини жонлантириш лозимлиги алоҳида таъкидлангани диққатга сазовордир.
Ўзбекистонда экологик аудит ўтказишнинг хуқуқий асослари “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунларнинг айрим нормаларида, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Экологик аудит тўғрисида”ги низомида белгиланган. Лекин, айтиш жоизки, амалдаги ҳуқуқий хужжатлар тарқоқ ҳамда қатор нормалар ҳавола хусусиятга эга эканлиги, соҳани тизимли тартибга солишнинг хуқуқий механизмлари белгиланмаганлиги туфайли мамлакатимизда экологик аудит фаолияти ривожланган давлатлар даражасидан паст кўрсаткичларда қолмоқда. Шунингдек, экологик аудит ўтказган хўжалик юритувчи субъектлар учун рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмаслиги ҳам ушбу тадбирни амалиётда кенг қўллашга тўсқинлик қилмоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотларига қараганда, ҳозирги вақтда республикамизда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи 90 та биринчи ва 947 та иккинчи тоифадаги хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд бўлиб, 2019 йилда улардан атиги 558 таси ваколатли органлар томонидан ифлосланиш манбалари мониторинги билан қамраб олинган.
Ваҳоланки, дунёнинг аксарият давлатларида атроф-муҳит муҳофазаси ва табиатдан оқилона фойдаланишни назоратга олиш мақсадида таъсир этувчи барча хўжалик юритувчи субъектларга экологик назорат институтининг нодавлат, мустақил махсус тури — экологик аудит қўлланилади. Хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Италия, Швеция, Нидерландия каби давлатларда экологик аудиторлик фаолияти алоҳида қонун хужжати билан тартибга солинган. Франция ва Норвегияда эса экологик аудит ишлаб чиқариш хавфсизлигини текшириш ва давлат органларига хавфсизликни таъминлаш, хавфларни ўрганиш бўйича тегишли чора-тадбирларни қабул қилишда ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳамда кўчмас мулкни сотиб олиш мақсадларида жорий этилган.
Бундан ташқари, 1991 йилдан буён кўп мамлакатларда тижорат банклари экологик аудитни бериладиган банк ссудалари бўйича келажакда тўлов қобилиятига эга бўлмайдиган банк мижозларини олдиндан аниқлаш мақсадида фойдаланишни бошлаган. Бу орқали атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонунчиликга риоя қилмаган корхоналарга нисбатан молиявий чоралар кўрилади.
Халқаро амалиётда аудиторлик текширувининг ижобий натижалари корхонанинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини режалаштириш, тежамкор технологияларни танлаш, экологик бошқарув тизимини тўғри ва мақсадли ташкиллаштириш имконини яратади.
Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда, айтиш мумкинки, экологик аудит барча саноати ривожланган мамлакатларда амалда мустаҳкам хуқуқий асосга эга. Ривожланган давлатлар қонунчилигини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, зарурий ҳуқуқий базанинг, хусусан, ихтисослашган яхлит қонуннинг йўқлиги экологик аудит хизматини тизимли жорий этишда муайян муаммоларни келтириб чиқаради.
Ҳозирги кунда депутатлар томонидан тайёрланаётган “Экологик аудит тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда экологик аудит соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятли. Қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2018 йил 3 октябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, экологик аудитни тартибга солишда халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси ваколатли давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари устидан доимий экологик текширувларини кескин қисқартириш, барча корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсири даражаси тўғрисида тўлиқ ва объектив маълумотларга тизимли равишда эга бўлиш ҳамда экологик аудит хизматини ривожлантиришнинг хуқуқий асосларини белгилаб беради.
Ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси концептуал равишда парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди ва ҳозир кенг жамоатчиликнинг тавсиялари, таклифлари инобатга олинган ҳолда иккинчи ўқишга киритиш учун такомиллаштирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, экологик аудит атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар сиёсатининг ажралмас қисми бўлиб, ўзини-ўзи бошқаришининг муҳим элементи ҳисобланади. Экологик аудит институтининг устувор татбиқ этилиши эса табиат мусаффолиги йўлида хизмат қилади.
Ислом ХУШВAҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
масалалари қўмитаси аъзоси
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz