АҚШнинг Миссисипи штатида косметолог аёл самолётни уйга айлантирди ҳамда интернетда машҳур бўлиб кетди, деб ёзади The Sun.
Жо Анн Уссери танишининг маслаҳати билан эксплуатациядан чиқарилган Boeing 727 самолётини икки минг долларга сотиб олди. Қайд этилишича, аёлнинг уйи бўрон оқибатида вайрон бўлган эди. Шунинг учун у самолётни турар жойга айлантирди.
Аёл Тоday телешоусига берган интервьюсида самолётни таъмирлаш, сув, электр ўтказиш учун 30 минг доллар сарфлаганини айтган. Қайд этилишича, уйнинг ваннахонаси самолётнинг ҳожатхонасига жойлаштирилган. Багаж ортиладиган бўлмадан эса омборхона сифатида фойдаланилган.
Бундан ташқари, самолёт ичига жакузи, газ плитаси ва идиш ювиш машинаси бўлган тўлақонли ошхона ҳам қурилган. Косметолог парвоз ҳиссини ҳосил қилиш учун самолётнинг тумшуғини кўл устига жойлаштирган.
«Менинг 27 йиллик самолётим дунёдаги энг яхши уй. Унда одамлар уйида бўлишини истайдиган ҳамма нарса бор: телефон, кондиционер ва кир ювиш машинаси», — дейди Жо Анн.
Маълум бўлишича, аёл самолёт ичида тўрт йил яшаган, ҳозирда у сайёҳлар учун очиқ. Уссери тўрт йил давомида турли кўрсатувларда чиқиш қилган, газеталарга интервьюлар берган ҳамда машҳур бўлиб кетган.
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz