Олимлар 13 йилдан бери коалаларнинг қандай сув ичишини аниқлай олмаётган эди. Биргина видео ушбу сирни ошкор қилди (видео)

Австралиянинг Сидней университети қошидаги атроф-муҳит ва ҳаёт ҳақидаги фанлар мактаби биологлари коалалар қандай сув ичишини 13 йил ўрганди. Узоқ вақт улар коалаларга кўп сув керак эмас, деган фикрда эди. Бироқ май ойининг бошида ҳолатга оид янги тафсилотлар маълум бўлди, деб ёзади Independent.

Узоқ йиллик ўрганишлардан сўнг олимлар коалалар ўзига зарур бўлган сув миқдорини эвкалипт баргларидан олади, деган хулосага келган эди. Чунки жониворларнинг сув ҳавзаси ёнида турганини аввал ҳеч ким кўрмаган.

Тадқиқотчилар жониворларнинг питомникларга ўрнатилган махсус ҳавзалардан сув ичаётганини кўрган, бироқ буни норма сифатида қабул қилиб бўлмас эди.

2020 йилнинг майида ёмғир ёғаётган пайтда дарахтни ялаётган коала видеога олинди. Ушбу тасвирлар Ливерпуль шаҳрида қайд этилган.

«Узоқ йиллардан бери биз коалалар кўп сув ичмайди, улар ўзларига керакли сувни эвкалипт баргларидан олади, деб ўйлардик. Бироқ энди биз коалаларнинг сув оқаётган дарахтни ялаётганини кўрдик. Бу видео коалаларнинг ёввойи табиатда қандай сув ичиши ҳақидаги тасаввурларимизни ўзгартириб юборди. Бу жуда қизиқ», — дейди биолог Валентина Мелла.

Олима янги тадқиқот коалалар учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган эвкалипт дарахтларининг кесилишдан сақлаб қолишига ёрдам беради, деб умид қилмоқда.

«Биламизки, коалалар дарахтлардан ўзининг барча эҳтиёжлари, хусусан, озиқланиш, дам олиш, кўздан йироқ бўлиш учун фойдаланади. Бу тадқиқот эса дарахтлар коалаларга сув манбаи сифатида ҳам зарурлигини кўрсатди», — дейди Мелла.

Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz