Ўзбекистон Давлат табиат музейининг фондидда 350 мингга яқин энтомология коллекцияси сақланмоқда

 

Маълумот учун қайд этиш жоизки, Энтомология-ҳашаротларни ўрганадиган фандир. Ҳашаротларга қизиқиш қадим замонлардан бошланган. Улар дастлаб озуқа маҳсулоти сифатида қабул қилинган бўлса, кейинчалик чорвачилик, деҳқончилик йўналишлари йўлга қўйилгач, зараркунандалар сифатида ўрганила бошланди. Шунда улар орасида фойдали ҳашаротлар ҳам борлиги маълум бўлди. Натижада ипакчилик, асаларичилик каби энтомологиянинг йўналишлари пайдо бўлди. Аммо ҳашаротларни илмий асосда ўрганиш VII асрдан бошланди. Италиялик олим И.Мальпиги (1628-1694) ҳашаротларда тадқиқот  ўтказди. Ҳозирги пайтда дунё бўйича бир миллиондан ортиқ турдаги ҳашаротлар мавжуд.

Шуни алоҳида  қайд этиш жоизки, ҳашаротларнинг мўйловчаси ҳидни ва таъмни қабул қилувчи сезги органи ҳисобланади. Фойдали ҳашаротлар ўсимликларнинг 80 % ни чанглатириради. Асаларилар, қовоқарилар, капалаклар ўсимликларни чанглантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Чунки агар олма, нок ва бошқа мевали дарахтлар чангланмаса мева бермайди. Айрим фойдали ҳашаротлар қуриб қолган ўсимликлар ва ҳайвонлар қолдиқларини истеъмол қилиб, ерни озиқ моддалар билан тўйинтиради. Майда ариларнинг айрим турлари зарарли ҳашаротлар, жумладан, ўсимлик битларини қириб фойда етказади. Пилла қуртлари эса ипак ип олиш учун фойдали ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг чўл ва саҳролардан иборат кенг текисликлар, тоғ даштлар, ўрмонлар, яйловлар, тўқайзорлар, сув ҳавзалари, маданий ландшафтлар-буларнинг барчаси ўзига хос ҳайвонот оламига эга бўлган экотизимларни ташкил этади. Юртимизнинг ушбу ҳудудларида ҳашоратларнинг кўпгина турлари яшайди.

Ўзбекистон Давлат табиат музейининг фондидда 350 мингга яқин энтомология коллекцияси сақланмоқда. Бу коллекция ичида турли даврларда йиғилган капалаклар, ниначилар, арилар, қўнғизлар каби ҳашаротлар мавжуд. Бу коллекция Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида мавжуд бўлган энтомология коллекциялари ўртасида юқори ўринда туради. Музейининг фондида Алексанор капалагининг,  Глауконома капалаги, Кириченко ниначиси, Зарудний тошқоли, Сулаймон тиллақўнғизи каби ноёб Ўзбекистон Қизил Китобига китритилган хашаротлар мавжуд.

Чўл, тўқай ва тоғ этакларидаги қўриқ ерларнинг хўжалик мақсадларида ўзлаштирилиши, заҳарли моддаларни кенг қўлланилиши натижасида ҳашаротларнинг сони кескин камайди. Шуниси аниқки ҳашаротлар ва уларнинг яшаш жойлари муҳофазаси бўйича махсус қонунчилик асосида амалий чора-тадбирлар кўрилиши зарур. Акс ҳолда уларнинг табиатда йўқ бўлиб кетиш хавфини бартараф қилиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бир тури ҳар қандай биологик жамоада фақат ўзига хос ўринга ва унинг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Давлат табиат музейига ташриф буюрувчилар экспозицияга қўйилган энтомология наъмунларини кўришлари  мумкин.

Ўзбекистон Давлт табиат музейи

Илмий-табиатшунослик бўлими бошлиғи Феруза Акрамходжаева,

Фонд  бўлими илмий ходими Шахзода Джалилова