Лоладошлар оиласининг мазкур вакили Жануби-ғарбий Помир-Олойдаги камёб, йўқолиш арафасида турган гул ҳисобланади.
Адирларда ва тоғларнинг пастки қисмидаги ола жинсли ва соз тупроқли ёнбағирларда, кўпинча пистазорларда ўсади. Туберган лоласи бўйи 10–30 см га етадиган кўп йиллик, пиёзли ўтдир. Пиёзи тухумсимон, диаметри 3–5 см, қобиғи жигарранг ёки қўнғир, ички томони тўрсимон-чалкаш, момиқ тукли. Барглари 3-4 тадан бўлиб, гулига нисбатан узундир. Гуллари якка, йирик, диаметри 6–7 см, қизил, туби қора, оч сариқ, гардишсимон доғли. Чангчи иплари қора, чангдонлари бинафша рангли. Апрель ойида гуллаб, меваси июнь–июль ойларида етилади.
Мазкур лолалар Сурхондарё вилояти Ҳисор тизмасининг Бойсун тоғларида, Сина қишлоғи атрофи ва Тўпаланг дарёси ҳавзасида, Боботоғ ва Кўҳитанг тизмаларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Тожикистонда ҳам учрайди. Лола уруғи ҳамда пиёзидан кўпаяди. Аҳоли томонидан гулларининг кўп миқдорда узиб олиниши ва чорва моллари боқилиши туфайли ўсимлик сони тобора камайиб бормоқда.
ЎзР ФА Ботаника боғида 1955 йилдан буён экиб ўстирилади. Айрим популяциялари Сурхон давлат қўриқхонасида муҳофаза остига олинган. Табиатдан янги ўсиб турган ерларини қидириб топиш лозим.