Кун муаммоси: Коронавирус ҳақида шифокор нима дейди? Юқтирмаслик учун нима қилиш керак?

Хитойда пайдо бўлган ва тез суратларда қўшни давлатларга ҳам тарқалаётган коронавирус ҳаммани ваҳимага солиб қўйди. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, ҳозирда бутун дунёда вирусдан зарарланганлар сони 6000 нафардан ошди. Ўзбекистонда бу вирус аниқланмаган бўлса-да, у ҳақдаги турли маълумотлар, хабарлар аллақачон тарқалиб улгурди.

Огоҳлантириш қуролланиш билан баробар деганларидек, касаллик ҳақида барча зарурий маълумотларга эга бўлсак, унга қарши ишончли ҳимояга эга бўламиз. Вирус қандай юқади ва уни юқтириб олмаслик учун нима қилиш керак? Хабардор.уз шу каби саволлар билан шифокор-инфеционист Mуҳайё Aҳмедовага мурожаат қилди.

• Коронавирус нима?

Коронавирус вируслар гуруҳига кирувчи, ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган, вирусли инфекциядир. У ўзида бир спиралли РНК макромолекулали геномга эга вирус тури ҳисобланади. Вируснинг ташқи томони оқсил мембрана билан қопланган бўлиб, юзасида корона, яъни тожга ўхшаш бўртишлар мавжуд бўлгани сабаб вирус коронавирус деб номланган.

• Қандай юқади?

Вирус кўпинча ҳайвон (қуён, илон, кўршапалак)лар ва қушлар орқали юқади. Уларнинг гўштини яхши пишмаган ҳолатда истеъмол қилиш оқибатида вирус одамга юқади. Ҳайвон танасидан одам танасига тушган вирус ҳужайраларга кириб ўз шакли ва тузилишини ўзгартиради (мутасия) ва атипик пневмония (зотилжам)ни пайдо қилади.

Хитойда кузатилаётган пандемия мана шулар сабаб пайдо бўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда. Шунингдек, вирус касал одам билан мулоқот қилиш вақтида, алиментар (маиший) йўл орқали ҳам юқади.

 • Касалликнинг давоси борми?

Вирус ўз вақтида аниқланса, унинг белгиларинигина баратаф этиш мумкин. Бу одамнинг умумий аҳволини енгиллаштиради ва мавжуд асоратларнинг олдини олади. Лекин бу вирусга қарши даво ҳали топилмаганлиги, вируснинг дори-дармонларга чидамлилиги юқори бўлгани сабабли касалликни тўлиқ йўқотишнинг имкони йўқ.

• Коронавирус сабаб ўлимлар сони ортиб бораётганлигини қандай изоҳлайсиз?

Коронавирус одам организмига тушгандан кейин тезда ривожланиб, юқори ва пастки нафас йўлларини зарарлайди: бронхит ва атипик зотилжамни қўзғатади. Қарабсизки, инсон кучли нафас қисиши сабаб ҳалок бўлади.

• Вирусни юқтирмаслик учун…

Вирусни юқтириб олмаслик учун биринчи навбатда гигиена қоидаларига риоя қилиш керак. Кўчадан келганда, албатта, қўлни яхшилаб совунлаб ювиш зарур.

Хонани тез-тез шамоллатиб туриш, тўғри овқатланиб юриш, ҳимоя ниқобини тақиш зарур. Tанани чиниқтириш, иммунитетни мустаҳкамлаш, ўз вақтида дам олиш керак.

Наргиза Утепова, Aхрор Ҳайруллаев тайёрлади

Tасвирчи: Aкмал Қудратов

манба: https://telegra.ph/Kun-muammosi-Koronavirus-%D2%B3a%D2%9Bida-shifokor-nima-dejdi