“ОРОЛГА МАДАД” ШИОРИ ОСТИДА ЭКОЛОГИК ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 8 январдаги ПҚ–4099 сонли қарори билан тасдиқланган Оролбўйи минтақаси учун инсон ҳавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” да белгилаб берилган вазифаларнинг ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этишга ҳисса қўшиш, шунингдек, долзарб экологик муаммоларни ҳал қилишга кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратиш мақсадида жорий йилнинг 15 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ва худудий партия ташкилоти вакиллари ҳамда Хоразм вилояти, Бухоро вилояти партия ташкилоти иштирокида “Оролга мадад” шиори остида экологик тадбири ташкил этилди.
Маълумки, зарарли тузларнинг ҳавога кўтарилишини олдини олишнинг энг мақбул йўли қуриган денгиз ҳудудида шўрга чидамли дарахт кўчатлари ва саксовуллар экиб ўрмонзорлар барпо этишдир.
Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш борасида инқилобий ўзгаришлар, мисли кўрилмаган ишлар олиб борилиб, ушбу ишлар Орол бўйининг бугунги қахратон қиш кунлари минглаб ватандошларимиз томонидан давом эттирилмоқда. Бугун нафақат давлат, балки дунё хам жамиятининг бутунги нигоҳи Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган яратувчанлик ишларига қаратилган. Чунки, Орол бўйида бугун олиб борилаётган ушбу ишлар эртага минтақа ҳам жамиятининг барқарор келажагини белгилаб беради.
Ушбу тадбир Орол денгизининг қуриган тубидаги Навоий вилоятидан келиб ишлаётган ишчиларнинг штатида амалга оширилди. Ўрмонзорлар саксовул уруғини териш, манзарали ва мевали дарахт кўчатларини етказиш орқали ушбу ишга ўз ҳиссаларини қўшишга чақириб қоламиз! Барча ҳудудлардан марказий штабга келтирилган саксовул уруғлари ва дарахт кўчатлари марказлашган ҳолда Оролбўйи ҳудудига фаолларимиз орқали етказилади, экилади ва сепилади.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроий қўмитаси Раиси ўринбосари Сангинов Сайдрасул Саидакбарович ўз сўзида — Жонажон Ўзбекистонимиз тараққиётининг янги босқичида Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган яратувчанлик ишларига кўмак сифатида ёрдамга келган барча ватандошларимизга, қола верса партиядошларимизни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлагани, шунингдек кўчатларни ва саксовул уруғларини ўз қўллари билан экиб, бундан ташқари ҳар бир фуқароларимизнинг ҳам бунга ҳисса қўшгаётганлиги тенгсиз фидойилик эканлигини такидлаб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг матбуот хизмати