Қуйи Амударё биосфера резерватида Марказий Осиё тўқайларининг 20 фоизи, Ўзбекистондаги барча тўқайзорларнинг 74 фоизини ташкил этади. Бир пайтлар Туркистоннинг асосий қон томирлари ҳисобланмиш Сирдарё ва Амударё бўйларида тўқайлар ястаниб ётиб, улар минглаб қушу-жониворларнинг яшаш макони эди. Ушбу тўқайзорларда охиргиси 1968 йилда ўлдирилган Турон йўлбарси, Хонгул, Ўрта Осиё мушуги, қорақулоқ каби ноёб жониворлар ва қушлар яйраб яшашган. Сўнгги юз йилда биргина Қорақалпоғистонда тўқайзорнинг умумий майдони 90 фоизга қисқарди. Бунинг асосий сабаби эса инсонларнинг бешафқат равишда қишлоқ хўжалиги майдонларини кенгайтириш учун тўқайзорларни кесиш, жониворларни ўлдириш, табиат неъматларини талон тарож қилишда кўринади. Бугунги кунда Қуйи Амударё биосфера резервати ҳудудида тўқай ўсимликларининг 61 тури ҳисобга олинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 августдаги қарорига мувофиқ, “Бадай-тўқай” қўриқхонаси негизида Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ташкил этилгани табиатни асраш, экологик мувозанатни барқарорлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Резерват Беруний ҳамда Амударё туманлари ҳудудида жойлашган бўлиб, жами 68 минг 717 гектарни ташкил этади. Шундан 11568,3 гектари қўриқхона, 6731,4 гектари буфер, 50418,1 гектари оралиқ ҳудуд саналади. Қушларнинг 116, сут эмизувчиларнинг 22 тури рўйхатга олинган. Ҳашаротларнинг эса мингдан зиёд турлари макон тутишган. Бу ерда Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган жонивор ва қушларни табиат қўйнида учратиш мумкин.
Маълумот ўрнида шуни ҳам қайд қилиш жоизки, дунёдаги 120 мамлакатда 669 та биосфера резерватлари ташкил этилган. Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Ўзбекистонда бундай тоифадаги дастлабки муҳофаза қилинадиган ҳудуд ҳисобланади. Дарвоқе, биосфера резервати деганда биологик хилма-хилликни сақлашни ва бир вақтда минтақанинг барқарор иқтисодий ривожланиши тушунилади. Улар айни табиат ресурсларини сақлаб қолиш ва улардан барқарор фойдаланиш учун барпо этилади. Унутмайлик, жониворлар инсон ҳудудида эмас, инсонлар ҳайвон ва қушларнинг ҳудудини тортиб олиб, яшамоқда!
Бугунги кунда резерватда 32 нафар ходим фаолият олиб боради. Албатта бу 68 минг гетарлик биорезерват учун жуда ҳам кам. Биорезерватнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ақилбек Тореевнинг фикрига кўра, инспекторлар бир кунда биорезерват ҳудудини айланиб чиқа олишмайди, барча ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам улгуришмайди. Демак, штатлар сонини кўпайтириш, экоинспекторларни зарур техника- автоулов. кузатув камералари билан таъминлаш лозим. Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг “Амударёнинг куйи оқимида экотизимни сақлаш ва ердан фойдаланишга экотизимли ёндашиш” лойиҳаси доирасида фаолиятни такомиллаштириш, ҳудудни ривожлантириш юзасиданбир қанча ишлар олиб борилаётир. Илмий бўлим мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалари билан ҳамкорликда Бухоро буғуларининг популяцияси, биосфера резервати энтемофаунаси, ҳудуддаги ўсимликларнинг мониторинги бўйича илмий ишлар олиб бормоқда.
БУХОРО БУҒУЛАРИ КЎПАЙДИ, АММО УЛАРГА ҲАМ ЁРДАМ ЗАРУР
1976 йилда Бадай-Тўқай қўриқхонасига учта Бухоро буғуси келтирилиб, 8 гектарлик вольер ҳудуд ташкил қилинган эди. 1978 йилда яна 9 бош келтирилган. 1982 йилда эркин ҳудудга қўйиб юборилган пайтда уларнинг сони 32 бош эди. Мутахассислар томонидан хонгулларнинг эмин-эркин яшашлари, кўпайишлари учун барча зарур чоралар кўрилган. Ҳозирда улар 971 бошни ташкил этади.
Улар бу ерда эмин-эркин яшасаларда, инспекторларнинг айтишича, сўнгги йиллари Амударё суви сатҳининг пасайиши, тўқайзораларга сув чиқмаётгани, ўсимликлар қурияётгани, ҳамда буғуларнинг генофондини сақлаб қолиш учун уларнинг ярмини бошқа қўриқхоналарга кўчириш зарур. Бунга эса маблағ етмаяпти.
Ҳозирда Бухоро буғусини сақлаб қолиш, кўпайтириш, зарар етказмаслик борасида ҳудудда яшовчи аҳоли, фермерлар ўртасида кўплаб тушунтириш ишларини олиб боришга тўғри келмоқда. Қолаверса, бу борада олийҳиммат инсонлар, тадбиркорлар кўмагига эҳтиёж бор.
-Бу ерлар 300-350 бош буғу учун мўлжалланган. Шу боис хонгулларни “Назархон” участкасига кўчиришни бошлашимиз керак, – дейди Қуйи Амударё давлат биосфера резервати директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Ақилбек Тореев. – Устига устак, сув тақчиллиги қўриқхоналар ҳудудида ўсимликлар камайишига сабаб бўлмоқда. Тўқайни насос ёрдамида суғориш зарурати бор. Бунинг учун 2 км.дан электр сими тортиб келиш зарур. Буларнинг барчаси маблағ талаб қилади. Она табиатга, ўз келажагига бефарқ бўлмаган сармоядорлар, табиатсевар инсонларнинг ёрдамига муҳтожмиз.
Ўзбекистонда ноёб, Қизил китобга киритилган Бухоро буғулари сақланадиган Қуйи Амударё биосфера резерватига кўмак зарур. Бир неча йилдан буён Амударё сувиинг сатҳи тушиб кетганлиги боис, қўриқхонага сув чиқмаяпти. Сув чиқариш учун насос ва ва уни ишлатиш учун сим тортиб келиш зарур. Бунга Биорезерват маблағи етмаяпти. Барчамиз бирлашиб, озгинадан пул ташласакда, мамлакатимизда сақланиб қолган, аммо тобора ҳудуди қисқариб бораётган Амударё тўқайзоралари ва унинг ноёб табиатини сақлаб қолган бўлар эдик.
Қуйи Амударё давлат биосфера резервати
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани Олтинсой ОФЙ
Индекс:230226
ИНН:200937497, ОКОНХ: 31100
Ш/хр: 400121860352077950100142001
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилиги
х/р:23402000300100001010
МФО 00014 МББХККМ
Тошкент шаҳри
Наргис ҚОСИМОВА