ҚУЙИ АМУДАРЁ БИОРЕЗЕРВАТИ:ЭКОТУРИЗМ ИМКОНИЯТЛАРИ ЁКИ ЖАМПИҚ ҚАЛЪАГА САЁҲАТ

2-мақола

Қуйи Амударё биорезервати 2011 йилда ташкил этилган бўлиб,  68 минг 717 гектар майдонни эгаллаган, улар Ўзбекистондаги қолган барча тўқайзорларнинг 75 фоизини ва Марказий Осиё тўқайзорларининг 20 фоизини ташкил этади. Мақсади ва вазифаларини амалга ошириш учун биосфера резервати ҳудудида қўриқхона, буфер ва ўтиш зоналари ажратилган.   Қўриқхона зонаси 11568,3 гектардан иборат бўлиб, у қатъий режимдаги муҳофазаланадиган зона ҳисобланади. Ушбу зона табиат объектлари ва комплексларини тўлиқ сақлаб қолиш, илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб бориш учун мўлжалланган. Қўриқхона зонаси ерлари биосфера резерватига доимий фойдаланиш учун берилган. Биосфера резерватининг қўриқхона зонаси ҳудудида, қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат қўриқхоналари режими ўрнатилган.  Тўқайзорлар табиий озуқа захирасига бой бўлгани боис ёввойи ҳайвонларнинг кўплаб турларига макондир. Мутахассислар маълум қилганидек, бугунги кунда биосфера резервати ҳудудида умуртқали жониворларнинг 356 тури, шу жумладан, балиқларнинг 43, судралиб юрувчиларнинг салкам 30, қушларнинг 246, сут эмизувчиларнинг 36 тури рўйхатга олинган бўлса, ўсимликларнинг 419 хили учрайди. Жумладан, сутэмизувчи жониворларнинг энг чиройлиси – хонгули, яъни Бухоро буғуси Марказий Осиё бўйича энг кўп ушбу ҳудудда учрайди. Бу ноёб жониворлар сони 10 йил вақт ичида 2 жуфтдан салкам 800 бошга етди. Медиатур жараёнида биосфера резервати ландшафтларни, тўқайлардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турларини, шу жумладан, кам учрайдиган ва йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларни, биосфера резервати ҳудудига хос бошқа табиат объектларини сақлаб қолиш, қайта тиклаш, экологик ҳолатни яхшилаш, табиат ресурсларидан барқарор фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадлари илгари сурилган.

Буфер зонаси 6731,4 гектардан иборат бўлиб, табиат объектлари ва комплексларини сақлаш, кўпайтириш ва қайта тиклаш учун мўлжалланган. Буфер зонасидаги режим қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилган. Буфер зонаси ерлари ердан фойдаланувчилар, ер эгалари ёки ижарачилар тасарруфида ёки фойдаланишида бўлади.

Ўтиш зонаси 50418,1 гектарни ташкил қилади ва у биосфера резерватидаги табиат объектлари ҳамда комплексларига зарар келтирмайдиган хўжалик ёки бошқа фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган. Ўтиш зонаси ерлари бошқа ердан фойдаланувчилар, ер эгалари ва ижарачилар тасарруфида ёки фойдаланишида бўлади.

Айнан қўриқхонанинг буфер зонасида жойлашган 9-13 асрларга тегишли Жампиқ қалъа, биосфера резерватига кўплаб сайёҳларни жалб этиш учун ажойиб имконият ҳисобланади.

Қоратов тизма тоғларидан 6 км. жануби шарқда жойлашган Жампиқ қалъа Буюк Ипак йўлининг асосий  нуқталаридан бири ҳисобланган. Жиловсиз Амударё бугунга келиб қалъанинг 70 фоизини ювиб кетган бўлсада, ҳозирда сақланиб қолган баланд қалъа деворлари, ички биноларнинг бир қисми бу ерга келган одамни ўтмишга етаклайди. Тарихий манбаларда келтирилишича биринчи қурилишлар бу ерда эрамиздан аввал IV  ва 1 асрларда амалга оширилган, аммо бугун биз кўрган деворлар мелодий IX ва  X асрларда қурилган. Охирги савдогарлар Жампиқ қалъада XIV асрларда қўним топиб, оғир йўлдан ором олишган. Бу ердан топилган тангалар айнан ана шу йилларнинг гувоҳиир. Қалъа бўйлаб сочилиб ётган сопол идишларнинг синиқлари, қалъада ҳаёт қайнаганидан далолат беради. Ўрта асрларда бу порт шаҳарчаси бўлиб, савдоганрлар  узоққа кетадиган юкларини айнан кемаларда Амударё орқали бошқа шаҳарлар ва давлатларга олиб кетишган.

Ҳозирда биосфера резерватида экотуризмга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўриқхона ва қалъага а асосан Хива, Аёзқальа ҳамда Савецкий музейига бораётган маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий сайёҳлар келётган бўлсада, бошқа  хорижий сайёҳларни жалб этиш режалари тузилаётир. Амударёнинг  ўнг  томонида  Қўянчиқ  тепалигида жойлашган  қалъа  ва  қўриқхона  ҳудуди  орасидан  Кўкдарё  канали  оқиб  ўтади.

Яқинда қалъа ёнида юрталар ташкил қилинди. Сайёҳларни жалб қилиш борасида хизмат турлари яхшиланмоқда. Бироқ, Жампиқ қалъага олиб борувчи йўлнинг талабга жавоб бермаслиги, шароитнинг камлиги,  қалъя ичи ва атрофига  чиқинди ташлаш қутиларининг ўрнатилмаганлиги бу ернинг қисман ифлосланишигаолиб келаётир.

—Биосфера резервати ва ёндош ҳудудларда илмий изланишлар олиб боришда Германиянинг GIZ лойиҳаси бизга катта ёрдам бераяпти, — деди биз билан суҳбатни давом эттириб Оқилбек Туреев. — Биорезерват инспекторлари Белоруссия, Туркманистон каби давлатларнинг қўриқхоналарида малака ошириб,  тажриба алмашиб қайтишди.  Лойиҳа доирасида биорезерватнинг  интернетда веб- сайти ҳам яратилиш арафасида.  Шунингдек, биосфера резерватида “Амударё қўйи оқимида ер майдонларидан фойдаланиш борасида экологик тизимли ёндашув ва экотизимларни сақлаш” борасида ЮНЕСКО томонидан “Инсон ва Биосфера” халқаро дастури амалга оширилмоқда. Унга кўра, Амударё давлат биосфера резерватини ЮНЕСКО биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғига киритиш бўйича Германия Ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) томонидан зарур ҳужжатлар ва тавсиялар тайёрланаётир.

Афсуски, ноёб биохилмахилликка эга Қуйи Амударё биосфера резервати ҳақида хорижда ҳам, Ўзбекистонда ҳам жуда кам сонли одамларгина билишади. Айнан медиатурнинг асоси ташкилотчилардан бири бўлган Германия ҳамкорлик ташкилотининг лойиҳа бўйича маслаҳатчиси Муҳаббат Камолованинг фикрига кўра  ЮНЕСКО биосфера резерватлари умумжаҳон тармоғи 122 та мамлакатдаги 686 та биосфера резерватини ўз ичига қамраб олган. ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши учун биорезерват фаолияти муайян талабларга мувофиқлаштирилиши лозим. Шу боис лойиҳа доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Ушбу дастур 2018 йилнинг январь ойидан 2020 йилнинг июнь ойига қадар бўлган даврда амалга оширилади. Лойиҳада ерлардан фойдаланишда экотизимли ёндашувни ишлаб чиқиш ва қўллаш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза этиш, иқлим ўзгариши жараёнларига мослашув бўйича ўзига хос ёндашувлардан фойдаланиш юзасидан минтақавий мулоқотни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тўқайзор ўрмонлар экотизимини сақлаш ва қайта тиклаш жараёнларини режалаштириш ҳамда амалга ошириш каби вазифалар белгиланган.

Бугунги кунда экотуризмдан  биосфера резерватини сақлаб қолиш учун маблағ жалб этишда самарали фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ҳомийлар, мутасадди ташкилотлар, аҳоли бир тан бир жон бўлиб юртимизнинг ноёб, аммо йўқолиб бораётган бурчагини сақлаб қолишга интилмоғимиз лозим.

Наргис ҚОСИМОВА,

Тошкент-Нукус-Тошкент