ЧИҚИНДИЛАР КЕЛАЖАК КУШАНДАСИ

Бугун экология хусусида кўп ва хўп гапирилмоқда.  Экологик маданият, аҳолини экологик онгини оширишга бағишланган тадбирлар ўз самарасини бераяптими? Ўқув муассасаларида ёшларга ўтилаётган сабоқлар, оиладаги тарбия фарзандларимизни атроф-муҳитга эътиборлироқ бўлиш билан биргаликда инсон учун хос фазилатлар табиатни асраш, уни ифлослантирмасликка ўргатаяптими? Афсуски, йўқ. Эрталаб қулида чиқинди тўла селофан халта кўтарган ота- боланинг орқасидан кетар эканман, уйнинг орқасидан оқиб ўтадиган каналга яқинлашганда ота боласига бир қараб олдида, қулидаги чиқиндини сувга улоқтирди. Шу заҳотиёқ 7-8 ёшли болакай ҳам отасининг хатти-ҳаракатларини такрорлади.

-Ҳой, уялмайсизми, чиқиндини сувга ташлагани? Ана икки қадам нарида ахлатхона турибдику, деганимча қолдим. У боласининг қўлини ушлаб, илдам олдинга юриб кетди. Афсуски, бундай ҳолатга ҳар биримиз деярли ҳар куни дуч келамиз, Тошкент шаҳрининг аҳоли гавжум Қора-қамиш мавзесидан оқиб ўтадиган “Қичқириқ” канали сувининг йўли ёпилганида аянчли манзарага дуч келасан, киши.  Кун исигани билан соҳилидан одам аримайдиган, ёшу қари  сувнинг салқинига интилиб, ёшлар, болалар чўмиладиган каналнинг таги ахлатга тўла эканлигини кўриб, маданиятсизлигимиздан афсусланиб кетасан баъзида. Болалар чўмиладиган каналнинг  суви  турли хил юқумли касалликлар манбаси эканлигига шубҳа йўқ.

                               Бир кунда 26 миллион килограмм чиқинди

Афсуски бугунги кунда чиқинди муаммоси нафақат Ўзбекистонни балки бутун дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Урбанизация жараёни жадаллашиб, шаҳарлар кенгаяётган, аҳоли сони ўсаётган ва унинг эҳтиёжини қондириш учун миллионлаб турдаги товарлар ишлаб чиқарилаётган бир пайтда чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси энг катта экологик муаммолардан биридир. Статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак,  бир кунда дунё аҳолиси аҳолиси  ўртача умумий ҳажмда бир йилда  300 кг. чиқинди ташлайди. Мазкур рақамни  365 га кўпайтиринг ва бир кунда бир одам ташлайдиган чиқинди миқдорига эга бўласиз —  300/365=0,822 кг. Ушбу рақамни мамлакат аҳолисига кўпайтирсангиз, бир мамлакатнинг чиқариб ташлайдиган чиқинди миқдори чиқади. Ўзбекистон бўйича 0,822х 31 807 000  (1 июль 2016 йил ҳолатига) бир кунда мамлакатимиз аҳолиси 26 млн.145 минг 354 килограмм чиқиндини чиқариб ташлашади. Дунё бўйича бу 5 млрд.754 млн. килограммни ташкил этади ва фақат  унинг 30 фоизигина қайта ишланади, қолгани эса аста-секинлик билан Она сайёрамизни қопламоқда.  Чиқиндилар турли хил қимматбаҳо металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, ерга ўғит бўла оладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат.

Албатта уларнинг ичида  кўплаб хавфли чиқиндилар ҳам мавжуд: батарейкалар ичидаги симоб, флюорисцент лампалардаги  фосфор-карбонатлар ва  маиший эритмалардаги токсик кимёвий моддалар, буёқлар, ёғоч буюмларни  асраш учун ишлатиладиган турли хил кимёвий  қопламалар бунга мисол бўла олади.   Чиқиндиларнинг кўпайишига асосий сабаблардан бири аҳоли эҳтиёжларини қондирадиган буюмларнинг ишлатиладиган муддатининг  қисқалигидир.  Бир марталик  қоғоз ва пластик идишлар, кийимлар, бошқа буюмлардир. Чиқиндиларни қайта ишлаш бугунги кунда замон талабидир. Айниқса бу муаммо саноати ривожланиб бораётган  шаҳарларда долзарбдир.  Айни пайтда йирик шаҳарлар чиқиндиси унинг ташқарисига олиб чиқилиб ташланади. Ривожланган мамлкатларда қайта ишланишга яроқсиз материаллар эса биогаз, биоқувватга айлантирилади. Маҳаллий бошқарув ва ўз-ўзини таъминлаш Сан-Франциско институтининг ходими Д.Мориснинг фикрига кўра, дунёнинг ҳар бир шаҳри йирик металл конига нисбатан, кўпроқ металга эга. Бугунги кун масаласи чиқиндига чиқариб ташланадиган шаҳар металини самарали равишда қайта ишлаш ва қўллашдан иборат. Чиқиндиларни қайта ишлаш  бир неча баробарга электр энергияси ва сувдан фойдаланишни камайтиради. Масалан, алюминийни боксит ўрнига  чиқиндидан ажратиб олиш  электр қувватининг сарфи ва атроф-муҳит ифлосланишини 95 фоизга камайтиради. Макулатурадан қоғоз олиш эса нафақат дарахтлари кесилишидан асрайди, балки электр қувватининг сарфини тўртдан уч қисмга камайтиради. Яъни 1 тонна қоғозни қайта ишлаб чиқаришга уни ёғочдан тайёрлаш учун кетадиган сувнинг ярми сарф бўлади, холос. Шунингдек, кундалик ишлатиладиган буюмлар муддатини узайтириш, селофан халталар ўрнига матодан тикилган халталардан фойдаланиш, бир марталик идишлар қўлланилишини камайтириш ҳам чиқиндилар  ҳажмини камайтирилишига олиб келади. Бундан ташқари янги буюмлар ишлаб чиқарилишига кетадиган қувватнинг қайта ишлаб чиқиш натижасида камайиши бугунги кунда долзарблашиб бораётган иссиқхона эффектининг пайдо бўлиши ҳамда кислотали ёмғирларнинг ёғишини  олдини олишга ёрдам беради.

Чиқинди озон қатламини емиради

Чиқиндилар бевосита озон қатламига салбий таъсир этишини биласизми? Масалан, биз фойдаланадиган аэрозол идишлар (ҳаво тозаловчи, дезодарант ва ҳоказо) таркибида стратосферада озонни емирадиган моддалар мавжуд. Маълумки, озон қатламининг емирилиши одамларда саратон касаллигини келтириб чиқаради.  Чиқиндиларни қайта ишлаш бугунги кунда мазкур муаммони қисман бўлсада ҳал этади. Аммо буни бир ёки иккита одам ҳал қила олмайди. Мазкур масала давлат эътиборида бўлиши лозим. Маҳаллий ва миллий миқёсда қабул қилинган қарор аввало бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган глобал иқлим ўзгаришининг қисман бўлсададини олиш, чиқинди муаммосини ҳал этиш, қўшимча иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради.

Афсуски аҳолининг аксарият қисми қайта ишланган чиқиндидан тайёрланган буюмларни соғлиққа зарар деб билишади. Айнан ана шундай нотўғри стереотипларнинг шаклланиши ҳам чиқиндини қайта ишлашга тўсқинлик қилмоқда. Бу ерда оммавий ахборот воситаларининг роли каттадир. Журналистлар глобал муаммога айланиб бўлган чиқинди масаласини кўтаришлари, уни қайта ишлаш металлни қазиб олиш ёхуд қоғоз тайёрлашдан кўра анчагина арзонга тушиши билан биргаликда, аввало атроф-муҳит тозаланиши, инсон саломатлиги яхшиланиши,табиий ресурсларнинг тежалиши, сайёранинг ўпкаси бўлмиш ўрмонлар кесилишининг олди олинишини тушинтиришлари лозим.  Энг асосийси биз ўз келажагимизни ахлат қутисига ташлаётганимизни унутмаслигимиз лозим.

Хўш, нега чиқинди тобора кўпайиб бормоқда? Бунинг асосий сабабларидан бири фойдаланиш муддати ўта қисқа бўлган буюмларнинг кўплаб ишлаб чиқарилишидир. Атиги 100 йил илгари деҳқонлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларини қадоқсиз, қайта ишловсиз дастурхонга етказиб беришган. Чиқаётган асосий чиқинди органик характерда бўлиб, ем тайёрлаш ва ўғит сифатида ишлатилган. Шаҳарларнинг ўсиши, фаровонлик сари интилиш,  бир маротаба ишлатиладиган буюмларга тезкорлик билан ўтиш, ишлаб чиқаришнинг кенгайиши, кенг миқдорда айнан кимёвий моддалардан ясалган политэлен, пластмасса, шишанинг ишлатилиши  ушбу муаммони тўғдирди. Чиқинди аввало ривожланган ва ривожланаётган давлатларнинг муаммоси эканлиги бежиз эмас. Товарни  сотиш учун уни қадоқлаш аксарият ҳолатларда товар нархини бир неча баробарга оширади. Шунинг аҳоли жон бошига олинаётган даромад ҳам катта роль ўйнайди. Ривожланишдан орқада қолаётган мамлакатлар аҳолисининг даромади паст бўлгани боис сотиб олинган буюмларни тежаб, авайлаб ишлатишга ҳаракат қилишади ва ўз навбатида бу омил ҳам уларни чиқиндига камроқ ташланишига сабаб бўлади. Масалан, ўзбекистонликлар минг сўмдан икки юз сўмини айнан товарнинг қадоғи учун тўлайдилар. Баъзи бир товарларнинг қадоғи бундан-да қиммат. Албатта бу аёлларимиз учун овқат тайёрлашда қулайлик тўғдиради ва органик чиқинди чиқиш миқдорини камайтиради. Аммо уларнинг қадоғи айнан қайта ишланмайдиган чиқинди ҳажмини кўпайтиради. Қадоқ учун ишлатиладиган қоғоз унинг ярмини, қолгани металл, пластик ва шиша ташкил этади. Аммо сўнгги йилларда пластик  еткчи ўринга чиқмоқда. Ҳозир  тозалаш, озиқ-овқат маҳсулотлари, парфюмерия ва бошқа товарларнинг қадоқлари анъанавий қоғоз ва шишадан пластикка ўтмоқда. Пластикни бошқа материаллар билан қўшилган ҳолатида ишлаб чиқариш унинг яроқлилик муддатини узайтиради. Бошқа материаллардан фарқли ўлароқ нур ва бактериялар таъсирида деярли парчаланмайди. Унинг йўқ бўлиб кетиши учун 200 йил керак. Бундан ташқари қадоқдаги хлор бирикмалари атмсферага чиққанида, қуёш нурлари ундан хлор атомларининг ажралиб чиқишига сабаб бўлади. Хлор озон қатламини емирувчи кимёвий моддалардан биридир. Агарда унинг атмосферага чиқиб кетиш миқдори ошса, ерга тушаётган ультрабинафша нурларнинг кўпайиши ўз навбатида тери ва онкологик касалликлар сонини ортишига олиб келиши муқаррар. Айни пайтда биологик жиҳатдан парчаланадиган пластик турини ишлаб чиқариш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Буюк Британия ва Швейцарияда олиб борилган тадқиқотлар натижасида табиий муҳитда парчаланадиган пластик тури кашф этилди. Аммо уни ишлаб чиқариш қиммат бўлгани боис, ҳозирча товар ишлаб чиқарувчиларда унга бўлган талаб кучли эмас.

Чиқинди тури ва парчаланиш муддати:

Озиқ-овқат қолдиқлари 10 кундан 1 ойгача

Газета қоғози 1 ойдан 1 йилгача

Картон қутилар 1 йилгача

Қоғоз 2 йил

Ёғоч 10 йилгача

Темир арматура 10 йилгача

Темир банкалар 10 йилгача

Оёқ кийим 10 йилгача

Бетон, ғишт 100 йилгача

Авто аккумуляторлар 100 йилгача

Фольга 100  йилгача

Консерва қутилари 90 йилгача

Батарейкалар100 йилгача

Резина автобалонлар100 йилгача

Пластик100 йилдан ортиқ

Полиэтилен пакетлар 200 йил

Алюмин идишлар 500 йил

Шиша 1000 йил

Айтиш жоизки сўнгги йилларда  уйда ишлатиладиган товарлардан чиқаётган чиқиндилар ичида инсон ҳаётига нисбатан хавфлиси 45 фоизни ташкил этади. Булар батарейкалар, буёқлар, ёғ ва буёқни эритувчилар, пестицидлар, таркибида фософор бўлган  элементлар, флюорисцент лампалар ва ҳоказо. Ахлатхонага ташланган бундай чиқиндилар ер усти ва ер ости сувларини заҳарлайди, инсон саломатлигига хавф солади.

Эрамиздан 500 йил илгари…

    Тарихга назар ташлар эканмиз, эрамиздан 500 йил илгари Қадимги Юнонистонда кўчага чиқинди ташлаш бўйича биринчи император фармони эълон қилинган. Унга кўра Афина шаҳридан камида 600 метр узоқликда чиқиндихоналар ташкил этиш ва ахлатни фақат ўша ерга ташлаш қайд этилган эди. Аммо бу фармон ўз кучини ўрта асрларда йўқотди. Анкон университетининг профессори, италиялик тарихчи Эрколе Сорининг “Назокатли хонимлар даври” номли китобида қайд этилишича, 19 асргача аҳоли чиқиндини деразаларидан ташқарига улоқтира бошлашди. Лондон, Париж каби йирик шаҳарларнинг кўчалари ахлатга тўлиб кетган. Оддий ҳожатхоналар йўқлиги натижасида одамлар уйларнинг орқалари, зиналарнинг тагларига ҳожатга чиқишган. Қассоблар сўйилган молнинг ичак-чавоқларини, қонини кўчага ташлашган. Ҳайвонларнинг сийдиги терини қайта ишлаш ва оқартириш учун фойдаланилган. Ишлатилган суюқлик яна кўчаларга тўкилган. Оқибатда улар чиқиндига тўлиб, каламушлар ва уларнинг орқасидан турли хил юқумли касалликлар кўпайган. Шаҳарларни чиқиндининг сассиқ ҳиди тутган. Шаҳар кўчаларини  Шаҳар хокимлари  вазиятни бироз юмшатиш мақсадида чиқиндилар учун махсус ўралар қаздира бошладилар. Европанинг шаҳарларида вабо кеза бошлади. Кўмилган чиқиндилар ер ости сувларини ифлослантириши натижасида бошқа юқумли касалликлар ҳам яшин тезлигида тарқала бошлади. Илк маротаба чиқинди ёқадиган печлар Англиянинг Нотингем графлигида 1874 йили қурилди. Тез орада бу тажрибани бошқа мамлакатлар ҳам қўллай бошладилар.  Аммо аксарият шаҳарлар печлардан улардан чиқаетган тутун ҳавони ифлослантирганлиги учун воз кечишди. Айни пайтда дунёнинг кўпгина шаҳарлари қайта ишланмаган  чиқиндиларни кўмишади. 1984 йили  АҚШнинг Чикаго шаҳри хокимияти чиқиндидан ажралиб чиқаётган метан гази  ҳаракатини мониторинг қилиш учун танлов эълон қилди.  Ҳозирда ер остидаги чиқиндихоналардан қувурлар орқали ажралиб чиқаётган метанни ёқилғи учун қўллашади шунингдек махсус печларда у биогазга айлантирилади. Айни пайтна 40 та ана шундай станция АҚШда мавжуд. Биргина Стэйтен Айлэндда жойлашган чиқиндихонадан кунига 5 млн. куб. м газ олиниб, Бруклин газ компаниясига сотилади. Бу миқдордаги газ билан 50 000 та уйни иситиш мумкин. Шунингдек айнан чиқиндини ёқиш орқали ишлаётган электростанцияларни қуриш ишлари тобора авж олаётир. Аммо муаммо бошқа нарсада. Мазкур электростанцияларда ёқилаётган газ таркибида хлор мавжуд.  Улар ҳавога чиқариб ташланганда диоксин, яъни кимёвий бирикмаларга бирикишади. Диоксин жуда ҳам токсик  бўлиб,  тери касалликларини келтириб чиқаради, шунингдек тинсон иммунитетини заифлаштиради. Яна бир муаммо мавжуд. Дунёнинг тезлик билан ўсаётган шаҳарлари чиқиндихона учун тобора жой топишлари муаммо бўлмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳи­собланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Айрим  мамлакатларда чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими йўлга қўйилган. Натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади. Бу жараённинг экомуҳитга ижобий таъсири жуда катта.  Чиқиндиларни қай­та ишлаш энергия ва хомашё­ни сезиларли даражада тежайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳи­собланади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Айрим  мамлакатларда чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими йўлга қўйилган. Натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади. Бу жараённинг экомуҳитга ижобий таъсири жуда катта.  Чиқиндиларни қай­та ишлаш энергия ва хомашё­ни сезиларли даражада тежайди.

Статистик маълумотларга кў­ра, Японияда резина ва кабел буюмларининг 34 фоизи, ши­ша буюмларнинг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини қайта ишлаш эвазига олинар экан. Бу борада Хитой тажрибаси янада ҳайратланарли. Улар алюминий, темир, мис каби металлардан ясалган буюмларнинг 33 фоизини, жун, ипак, чарм-атторлик буюмларининг 34 фоизини турли чиқиндиларни қайта ишлашдан олишади.

Электрон чиқиндилар — янги экологик муаммо

    Фан-техниканинг ривожи экологияга жиддий зарар етказаётган чиқиндининг янги тури электрон чиқиндиларни юзага келтирди. Швейцария 1998 йилда электрон чиқиндиларни оддий ахлатхонага ташлашни тақиқловчи қонун қабул қилинди.

Уяли алоқа телефонлари, компьютерлар, принтерлар, фотоаппаратларнинг русуми янгилангани сари улар кўплаб ахлатга улоқтирилади.  Биргина Хитойда ҳар йили чиқиндихонага 500 000 тонна музлатгичлар, 1,3 млн тонна телевизорлар ва  300 000 тонна компьютерлар ташланади.

АҚШнинг  80%  ва  Европа Иттифоқининг 75% электрон чиқиндилари ривожланаётган мамлакатларга келтирилиб, қайта сотилади. Улардаги токсик моддалар умумий чиқиндихоналарга ташланиши натижасида тупроқ ва сувга  аралашиб, кўпгина тирик организмлар, жумладан инсон танасига ҳам кирариб, касалликлар келтириб чиқаради. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра 2015 йилда Ер юзида 48,9 млн. Тонна электрон чиқинди чиқарилиб, бу  7 млрд. аҳолининг ҳар бирига  салкам 7 килограммдан тўғри келади. Агарда қиёслайдиган бўлсак, мазкур электрон чиқиндилар 11 та Миср эҳромлари баландлиги билан тенг. Электрон чиқиндилар таркибида хавфли бирикмалар мавжуд. Компьютер мониторлари ва телевизорларнинг ҳар бирида 4 кг.ча қурғошин мавжуд. Шунингдек уларда 70 фоизгача симоб ва кадмийдан иборат оғир металлар бор. Қурғошин инсоннинг асаб тизими ва буйракларига салбий таъсир кўрсатса, кадмий ўпкани ишдан чиқаради. Суюқ кристалли мониторлар таркибида симоб бўлган панеллар билан қопланган. Бундан ташқари улардаги хром, литий ва углеводород атроф-муҳитга жиддий зарар етказади.

Муаммо ечими нимада?

Мазкур саволни юртдошларимизга берганимизда турли хил қараш ва жавоблар олдик.

Дармон Ибрагимов, “Махалла” телеканали директори ўринбосари. Мамлакатимизда чиқинди муаммосини ечиш айнан тадбиркорларимиз эътиборини мазкур муаммога қаратишда деб ўйлайман. Чиқиндини қайта ишлайдиган корхоналар сонини кўпайтири билан биргаликда, ривожланган мамлакатлар сингари чиқиндини саралашни аҳолига ўргатиш ва юртдошларимизни бу борадаги маданиятини ошириш зарур.

Наргиза Дўсимбетова, ЎзДЖТУ халқаро  журналистика факультетининг ўқитувчиси. Чиқинди бугун глобал экологик муаммога айланиб бўлди, десак муболаға бўлмайди. Қишлоқ жойларда мазкур муаммо  асосан ҳовли ташқарисида ўра қазиб, унга кўмиш билан ҳал этилса, шаҳарларда у шаҳар ташқарисига олиб кетилади. Юртдошларимизда чиқиндиларни саралашни ўрганишлари лозим. Оддий сабзавотлардан чиқаетган чиқиндилар, нон қоқилари учун алоҳида қутилар қўйиш ва уларни уй ҳайвонларига бериш ота-бобомиздан қолган удум. Бундан ташқари  бошқа чиқиндиларни ажратиш ва уларни алоҳида контейнерларда  қайта ишлаш учун олиб кетиш зарур.

Дилноза Умарова,  уй бекаси. Муаммо тобора юртимизда долзарблашиб бормоқда. Уни бартараф этишнинг бир қанча йўллари мавжуд. Шулардан бири чиқиндини қайта ишловчи корхоналарни кўпайтириш, чунки уларни саралагани билан яна битта ахлатхонага олиб бориб ташлаш бирор бир самара бермайди. Бундан ташқари  айнан кўчага ахлат ташлаганлик учун катта миқдордаги жарималарни жорий этиш ва уларни амалга оширилишини назорат этиб бориш ҳам фойдадан ҳоли эмас.БуниСингапур мисолида ҳам кўриш мумкин.  Чиқинди муаммоси ва аҳолининг бу борадаги хатти-ҳаракати юқори жарималар  орқали ҳал этилди ва ҳозирда у дунёнинг энг тоза мамлакатларидан бири ҳисобланади.

Собит Мамуров, коллеж ўқувчиси. Бувим доимо нонни увол қилма дейдилар. Мен бир неча маротаба уйимиз  яқинидаги чиқиндихонада ётган нон бўлакларини кўрдим. Менимча уларни алоҳида ташлаш ёки сутчиларга бериб юбориш зарур. Бундан ташқари ҳозир кўплаб ташланаётган турли хил эски компьютерлар таркибидан зарур металларни ажратиб олиш мумкин. Бунга ихтисослашган корхоналар очиш лозим.

Маиший чиқиндилар бутун дунёда арзон хомашё ҳи­собланади. Ривожланган мамлакатларда чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишланиши сир эмас.Кщпгина мамлакатларда қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади. Чиқиндиларни қай­та ишлаш энергия ва хомашё­ни сезиларли даражада тежайди. Статистик маълумотларга кў­ра, Японияда резина ва кабел буюмларининг 34 фоизи, ши­ша буюмларнинг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндини қайта ишлаш эвазига олинади. Хитойда алюминий, темир, мис каби металлардан ясалган буюмларнинг 33 фоизини, жун, ипак, чарм-атторлик буюмларининг 34 фоизини турли чиқиндиларни қайта ишлашдан олишади. Айни пайтда юртимизда ҳам қоғоз, металл, пластикни қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. 2002 йилда республикамизда “Чиқиндилар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниб, унинг асосий вазифаси чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ва улардан хўжалик фаолиятида оқилона фойдаланишни таъминлашдан иборатдир. Шунингдек қонунда чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари этиб Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги белгиланган эди. Бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш масалаларидаги айрим ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириш талаб этилади. Жумладан, чиқиндиларни истифода қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларининг ваколатларини янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларини зарарсизлантириш, улардан қайта фойдаланиш, ушбу масалаларда тадбиркорлик фаолияти учун қулай имкониятларни яратиб бериш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этишни кўзда тутувчи нормаларни жорий этиш лозим. Шунингдек амалдаги қонунга чиқитсиз технологиялар жорий этилишини, чиқиндилар қайта ишланишини рағбатлантиришга қаратилган аниқ нормалар киритилиши зарур.

Чиқинди муаммоси ечими ишлаб чиқарувчиларни ўз маҳсулотларини сотув нуқталарида маҳсулотлар қадоқларини қайтариб олишни ва уни қайта ишлашни йўлга қўйиши, чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар сонини кўпайтириш, маиший чиқиндидан қишлоқ жойларда биогаз ишлаб чиқариш ускуналарини ўрнатиш ва бу борада тадбиркорларга имтиёзлар бериш, шунингдек аҳолининг бу борадаги экологик маданиятни ошириш, чиқиндини саралаш ва уларни мақсадли қайта ишлашни йўлга қўйишда кўринади.  Биргина биогазнинг ишлаб чиқариш миқдорини кўпайтириш ҳам атроф-муҳитни ифлосланишдан, ҳамда жойларда аҳолининг газга бўлган эҳтиёжини қондириш муаммосини ҳал этади.

Аҳолининг бу борадаги саводхонлигини ошириш ва маданиятини шакллантиришда ташвиқот ишларини кучайтириш билан биргаликда  жойларда экологик жамоатчи инспекторлар фаолиятини такомиллаштириш зарур. Шунингдек, аҳоли гавжум жойларда ахлат қутиларини кўпайтириш, кўчага  чиқинди ташлаган фуқароларга катта миқдорда жарима кўринишда маъмурий жазо қўллаш ҳам шубҳасиз шаҳар ва қишлоқларимиз тозалигини, сой ва ариқлардан, каналлардан тоза сув оқишини таъминлайди.

Хориж тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак Испанияда машина деразасидан ахлат улоқтирганлик учун 200 евро, сигарет қолдиғини  йўлакка ташлаш 90 евро миқдорда жаримага асос бўлади. Германияда  ахлоқсиз фуқароларни “чиқинди изқуварлари” ушлашади. Кўчаларда ўрнатилган видеокамераларда қайд этилган хатти-ҳаракат  махсус қутига ташланмаган ахлат учун  100 еврогача жарима тўлашга асос бўлади. Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғози, салқи ичимлик шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақични, қолдиқ овқатларни улоқтириш 35 еврони ташкил этса,  эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150дан 600 еврогача жарима тўлашга тўғри келади. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушади.

Чиқиндилар билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Фарзандларимиз учун  ифлос дунёни эмас, балки тоза, ям- яшил келажакни барпо этиш ўз қўлимизда.

 Наргис Қосимова, журналист