Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсатгичларини экологик нормативларга мослигини таъминлаш бугунги куннинг глобал муаммоларидан бири. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши инсон, ўсимлик, ҳайвонот, умуман, жамики тирик мавжудотларга зарарли таъсир кўрсатади.
Жорий йил 27 сентябрь куни дунё шаҳарларидаги ифлосланиш ва ҳаво сифати индексини таҳлил қилувчи The World Air Quality Indexнинг энг йирик онлайн-мониторинг натижаларига кўра, Тошкент ҳавоси ифлос шаҳарлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллагани маълум қилинди.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, ушбу маълумот реал вақт режимида эълон қилинган Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг РМ 2,5 майда дисперс заррачалари билан ифлосланиши тўғрисидаги маълумот вақтинчалик тавсифга эга ва иқлимий ҳамда жуғрофий шароитларга боғлиқ деб таъкидланди.
Худди шу сайтда жорий йилнинг 4 октябрь куни учун эълон қилинган маълумотга кўра атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича Ўзбекистон
34-ўринни эгаллаган.
Бундай маълумотлар вақтинчалик характерга эга бўлиб, мазкур маълумотлар ҳаққонийлигини кузатув пунктларидаги атмосфера ҳавосини автоматлаштирилган ускуналар орқали реал вақтда доимий равишда ўлчовларни амалга ошириш ҳамда уларнинг ўртачасини олиш орқали таъминлаш мумкин. Шу ўринда бир масалага тўхталиб ўтиш зарур. Ҳозирги кунда Гидрометеорология хизмати марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кузатув пунктларини жиҳозлаш лозим. Бу эса давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларини, шунингдек фуқароларни мавжуд ва кутилаётган гидрометеорологик шароитлар, иқлим ўзгариши, табиий муҳитнинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар, хавфли ва табиий гидрометеорологик ҳодисалар юзага келиши тўғрисидаги тезкор маълумотлар билан таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 29-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисида Низомга мувофиқ, атроф муҳитга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатадиган юридик шахслар раҳбарларидан тасарруфидаги объектларда атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқариб ташланишини узлуксиз назорат қилиш воситалари билан жиҳозланган пункт (пост)лар барпо этиш, бундай пункт (пост)ларнинг иши юзасидан назоратни амалга ошириш, бундай пункт (пост)лардан олинган маълумотларни тизимли равишда тақдим этиши белгилаб қўйилган. Бу ўз навбатида йирик ишлаб чиқариш корхоналари атрофида атмосферани ифлосланишини реал вақт тизимида узлуксиз аниқлаб бериш имконини беради.
Аслида ҳозирги кунда бутун дунёда атмосфера ҳавосининг ҳолати қандай, уни муҳофаза қилиш бўйича қандай ишларни амалга ошириш зарур?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилги маълумотларига кўра, йилига 7 миллион киши ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши натижасида вафот этмоқда. Айниқса, Осиё ва Африка қитъаси мамлакатлари бу кўрсаткич бўйича юқори ўринларда туради.
Одамлардаги юрак касалликларининг 25 фоизи, шол касаллигининг 24 фоизи, ўпка касалликлари ва ўпка саратонининг 43 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олиш натижасида келиб чиқмоқда. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши нафақат инсон, балки атроф муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Масалан, мутахассисларнинг томонидан Қайрағоч табиий шароитда 350-400 йил яшаши, шаҳар хиёбонларида 120-220 йил серқатнов йўллар атрофида эса, 40-50 йил яшаши аниқланган. Йирик саноат, металлургия, кимё, кончилик корхоналари атрофида (5 км радиусда) қишлоқ хўжалик ўсимликларнинг ҳосилдорлиги 25-30% га, сифат кўрсатгичлари эса 40-50% га камайиши, автомобиль йўл атрофларида етиштирилган деҳкончилик маҳсулотлари таркибида эса қўрғошин бирикмалари ҳамда айрим кимёвий моддалар рухсат этилган меъёрдан 5-10 баробарга кўпроқ тўпланиши аниқланган.
Шу билан биргаликда, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган иссиқхона газлари глобал исишга сабабчи бўлиб иқлим ўзгаришларини келтириб чиқармоқда. Дунё ҳамжамияти, шу жумладан мутахассислар томонидан бекорга бонг урилмаяпти. Дунё миқёсида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмалар миқдори шу суръатларда кетса, глобал исиш ва иқлим ўзгаришлари натижаси башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Жумладан, жорий йил 23 сентябрь куни ўтказилган Иқлим ўзгаришлари бўйича Саммитда БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш иқлим ўзгаришлари ҳозирги пайтдаги энг асосий масала эканлигини, инсоният бу муаммо билан курашишда мағлуб бўлаётганини, уни ҳал этиш – тарихдаги бурилиш нуқтаси бўлишлигини яна бир бор таъкидлади.
Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи асосий табиий манба бу шамол эрозияси ҳисобланади. Ер юзига атмосферадан йилига ўртача 4,6-8,3 млрд. тонна чанг зарралари тарқалади. Бу чангларнинг асосий ҳосил бўлиш жойлари ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудлардаги чўл ва саҳролар ҳисобланади. Мисол учун, шамол тезлиги 4 м/с дан ортганда ҳаводаги чанг миқдори ўрмонларда 5-20 мкг/м3, даштларда 20-100 мкг/м3, Ўрта Осиёнинг қуруқ саҳро ва чўлларида 100-150 мгк/м3 га етади. Арид минтақасида жойлашган Ўзбекистон Республикасида атмосферага чанг-тўзон чиқарувчи Оролнинг қуриган туби, Қорақум ва Қизилқум саҳролари каби табиий манбалар ҳам мавжуд.
Сўнгги йилларда атмосфера ҳавосини ифлосланишида анропоген таъсирнинг роли кескин ортиб бормоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага ташланаётган ташланмалар миқдорини ортиши сабаб бўлмоқда.
Биргина мисол, 6 йил давомида ишлатилган ўртача автомобиль атмосферага 9 т СО2, 0,9 т СО, 0,25 т NОх и 80 кг углеводород чиқаради.
Республикамизда 99,5 минг турғун ифлослантирувчи манбага эга
3,5 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда 2,816 млн. дан ортиқ кўчма ифлослантирувчи манбалар, яъни автомототранспорт воситалари мавжуд.
2010 йилдан 2018 йилгача атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори қарийб 1,3 баробарга ортган ва 2018 йили 2,442 млн. тоннани ташкил этган. Бундан 65 % ёки 1 млн. 560 минг тоннаси автомототранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келади. Йирик шаҳарларда, мисол учун Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 80%ни ташкил этади.
Дарҳақиқат, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг ортиб боришини Орол денгизи қуриган тубидан кўтарилаётган чанг ва туз заррачалари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши, жойларда қурилиш майдонларида олиб борилаётган жадал ишлар билан изоҳлаш мумкин.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини олдини олиш энг муҳим чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
- Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни, айниқса шаҳар ва автомобил йўллари четида яшил ҳудудларни кенгайтириш. Йирик шаҳарлар атрофида “яшил қалқонлар” ташкил этиш.
- Ёқилғилар сифатини янада яхшилаш ҳамда экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, шу жумладан кенг жамоатчилик учун қулай бўлган велойўлакчалар ташкил этиш.
- Иқтисодиётнинг барча жабҳаларида яшил, экологик тоза, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, технолгик ва маънан жиҳатдан эскирган ишлаб чиқариш корхоналарини реконструкция қилиш.
- Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни амалиётга кенг тадбиқ этиш.
- Янги қурилаётган уйлар ва биноларни энергия ва ресурс тежамкор материаллардан фойдаланиб қурилишини таъминлаш;
- Атмосфера ҳавосига ташланмаларни асосий қисмини чиқарувчи кўчма ифлослантирувчи манбаларга нисбатан, доимий манбаларга қўлланилган иқтисодий механизмларни қўллаш ва буларни тегишли қонун ва қонун ости ҳужжатларида акс эттириш.
Бугунги кунда мазкур масалаларда амалий ишларни барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина мисол сифатида мустақилликнинг 27 йили давомида Оролнинг қуриган тубида 400 минг гектарда ўрмонзор ташкил этилган бўлса, 2018 йил декабрдан 2019 йил апрелга қадар 4 ой давомида 461 минг гектарга саксовул уруғлари сепилди ва кўчатлар экиш учун 1,1 млн. га ариқлар олиниб, эгатлар тайёрланди.
Ҳавонинг ифлосланишига қарши курашнинг энг яхши усулларидан бири шаҳарларни, теварак-атрофни кўкаламзор қилиш: боғу-роғлар, гулзорлар, маданият ва истироҳат боғлари, ҳиёбонлар, дарахтзорлар, ўрмонлар барпо қилиш, корхоналар ва шунга ўхшаш жойлар атрофини кўкаламзорлаштириш. Буларнинг ҳаммаси санитария-гигиена ва эстетик жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳарнинг қурилиш-архитектура комплексига қўшилиб, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишда жуда муҳим роль ўйнайди.
Бу йилги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастурида ҳам атмосфера ҳавосини мусаффолигини таъминлашга қаратилган дастурий вазифалари мавжуд.
Жумладан,
-мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробар камайтириш орқали атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини белгиланган меъёрлар даражасига келтириш ва уларнинг аҳолига салбий таъсирини камайтириш;
-Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларини амалга ошириш йўли билан Оролбўйини экологик жиҳатдан соғломлаштириш ҳамда 1,5 млн. гектар ер майдонини ўрмон билан қоплаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
-шаҳарларни ва аҳоли яшаш пунктларини комплекс режалаштириш ва ривожлантириш, Тошкент, Нукус, Бухоро ва Термиз шаҳарлари атрофида “яшил қалқонлар”ни барпо этиш ҳамда йирик шаҳарларда 2020 йилдан бошлаб бир йилгача дарахтларнинг кесилишига мораторий белгилаш, аҳоли яшаш пунктларида истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш, велосипед йўлакчаларни барпо этиш;
-ўрмонларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш усулларини жорий этишга кўмаклашиш, ўрмонларнинг йўқолиб кетишини тўхтатиш ва уларни тиклаш кўламини ошириш орқали республика ҳудудининг ўрмон билан қопланганлик даражасини 7,6 фоиздан (3,4 млн. гектар)
15 фоизга (7 млн. гектар) етказиш;
-мамлакат энергия балансида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 10 фоизгача етказишда бевосита иштирок этиш;
-экологик тоза транспорт воситалари ишлаб чиқарилиши, аҳолини велосипедлардан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш;
-бунёд этилаётган уйларнинг энергияни, ресурсларни тежайдиган “яшил” қурилиш талаблари бўйича қурилишига эришишдан иборат.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, Она табиатни асраш, экология ва аҳоли саломатлигини сақлаш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳам ҳал этиш ҳамда келажак авлодларнинг мусаффо муҳитда яшаш ҳуқуқини кафолатлаш ишларида фаол иштирок барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Борий АЛИХАНОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.
Хайрилло ГАППОРОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий Кенгаши аъзоси