«Ўзкимёсаноат» АЖ таркибига кирувчи корхоналарда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назорати амалга оширилди 

Сўнгги ойларда Давлат экология қўмитасига аҳоли, жамоатчилик ташкилотлари томонидан атроф муҳитга зарарли ташламалар ташлаётган йирик саноат корхоналари фаолияти юзасидан шикоят ва мурожаатлар келиб тушмоқда. 

 Мазкур мурожаатларда, Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарларидаги «MAXAM-CHIRCHIQ»«AMMOFOS-MAXAM» акциядорлик жамиятлари фаолияти натижасида атмосфера хавосига, очиқ сув хавзаларига ташланаётган зарарли моддалар атроф муҳитга, фуқаролар саломатлигига хавф солаётганлиги қайд этилган. 

 Ушбу мурожаатларни ўрганиш мақсадида Давлат экология қўмитасининг томонидан «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг периметри бўйлаб (16 км) атмосфера ҳавосидан 8 та нуқтадан (оралиқ 800 метр, корхона деворидан 15 метр масофада) намуналар олиниб, таҳлил қилинганда атмосфера ҳавоси таркибида аммиак миқдори рухсат этилган меъёрдан – 1,1 – 2,8 маротаба, водород сульфид миқдори – 
4,5 - 7,4 маротаба, углерод оксиди – 1,2 маротаба юқорилиги аниқланди. 

 Юқоридаги ўрганишлар «AMMOFOS-MAXAM» АЖда ҳам ўтказилди, олинган ҳаво намуналари олиниб таҳлил қилинганда, атмосфера ҳавоси таркибида олтингугурт моддаси миқдори рухсат этилган меъёрдан – 2,6 маротаба, азот икки оксиди – 8,8 мартага ортганлиги аниқланди. 

 Давлат экология қўмитаси томонидан «AMMOFOS-MAXAM» АЖ фаолияти юзасидан тайёрланган маълумотлар асосида «Ўзбекистон экологик партияси» томонидан июль ойида жамоатчилик эшитуви ташкил этилиб, мазкур корхона томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинди. 

 Амалга оширилган ўрганишлар натижаларига асосан юқоридаги корхоналарда фаолияти жорий йил 5 августдан 26 август кунига қадар давлат экологик назорати олиб борилди. 

 Хусусан, «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖда олиб борилган текшириш давомида 
29 та асосий ва ёрдамчи цехларидаги атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 
30 та манбаларидан 62 та намуналар олиниб, ҳаво таркибидаги азот оксиди ва аммиак моддалари бўйича, шунингдек 9 та очиқ сув ҳавзаларини ифлослантирувчи манбаларидан 9 та намуналар олиниб, сув таркибидаги нефть маҳсулотлари, мис, темир, нитрат ва нитрит ионлари ҳамда хлорид ингредиентларини аниқлаш бўйича жами 71 та физик-кимёвий таҳлил ишлари ўтказилди. 

 Таҳлил натижаларига кўра, корхонанинг 2 та ишлаб чиқариш цехларида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалардан ташланаётган ташламаларнинг миқдори рухсат этилган меъёридан 1,2 – 8,0 маротаба юқорилиги аниқланди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида ушбу цехлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. 

Шу билан бирга «AMMOFOS-MAXAM» АЖнинг 4 та асосий ишлаб чиқариш цехларидаги атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 15 та манбаларидан намуналар олиниб, ҳаво таркибидаги азот оксиди, аммиак моддалари ва фосфор чангини аниқлаш бўйича жами 36 та таҳлил ишлари ўтказилди. 

Таҳлил натижаларига кўра, корхонанинг 1 та ишлаб чиқариш цехида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалардан ташланаётган ташламаларнинг миқдори рухсат этилган меъёрдан 1,15 — 1,22 маротаба юқорилиги ҳамда ишлаб чиқариш технологик жараёнида қувурлар герметиклигининг бузилиши натижасида ифлослантирувчи моддалар атмосфера ҳавосига ташланаётганлиги аниқланиб, 
мазкур цехдаги ускуналар фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилди. 

Ўзбекистон Республикасининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги ва «Чиқинди тўғрисида»ги қонун талабларини бузганлик учун «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖ, «AMMOFOS-MAXAM» АЖнинг 33 нафар мансабдор ва масъул шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштирилганлиги учун қўшимча равишда 414,4 млн. сўм компенсация тўловлари ҳисобланди. 

Шунингдек, «AMMOFOS-MAXAM» АЖ ҳудудида ноқонуний дарахтлар кесилганлиги аниқланиб, ўсимлик дунёсига етказилган 223 млнсўм зарарни қоплаш белгиланди. 

Текшириш якунлари билан мазкур корхоналарда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида 39 банддан иборат бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ҳамда Давлат экология қўмитаси томонидан қатьий назоратга олинди.