Мўйноқ тумани ҳудудида браконьерлар томонидан қўмита ходимларига ҳужум қилишган эди. Шу муносабат билан Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси воқия аслида қандай бўлганлиги ҳақида расмий маълумот беради.
Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига 2019 йил 4 сентябрь санасида Мўйноқ тумани ҳудудида браконьерлар томонидан ноқонуний ов қилинаётгани ҳақида тезкор маълумот келиб тушди. Ушбу тезкор маълумот асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ҳудудида сув объектларини муҳофаза қилишга ихтисослашган тезкор назорат гуруҳи” аъзолари Торениязов Тлеунияз, Каллибеков Даулетбай ва Калимбетов Азаматлар томонидан 2019 йил 4 сентябрь санасида ноқонуний овни тўхтатиш мақсадида воқея жойига жўнаб кетди.
2019 йил 5 сентябрь санаси тонги соат 06:30 чамасида Мўйноқ тумани “Оқпетки” кўллар системасининг 35 (ўттиз беш) деб номланувчи ҳудудида браконьерлар томонидан УАЗ-469 маркали давлат рақами 80С 401 ЕА бўлган автомобильда ноқонуний ов қилиб келаётгани аниқланди. Тезкор гуруҳ аъзолари браконьерлар келаётган автомобильга тўхташни сўраганига қармасдан улар бўйсунмасдан юришни давом этиб, қочишга уринган.
Шундан сўнг Тезкор гуруҳ томонидан браконьерлар кетаётган УАЗ-469 маркали давлат рақами 80С 401 ЕА бўлган автомобильнинг орқасидан кузатиб келаётганида браконьерлардан бири автомобиль тепасидаги махсус люкдан чиқиб орқасидан кузатиб келаётган Тезкор гуруҳ машинасига ичидаги давлат инспекторлари ҳаётига ҳавф туғдириб, тўғридан-тўғри яқин масофадан ов милтиғидан 10 маротаба қасддан ўқ ўзган.
Натижада Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ҳудудида сув объектларини муҳофаза қилишга ихтисослашган тезкор назорат гуруҳи” аъзолари келаётган автомобиль шикастланиб (радитор ва шиналари тешилган) юришга яроқсиз аҳволга келиб қолган. Бунинг натижасида браконьерлар воқея жойидан қочиб кетиб, Тезкор гуруҳ аъзолари энг яқин аҳоли яшаш жойидан 130 (бир юз ўттиз) километр масофа оралиқда кимсасиз жойда ночор аҳволда қолиб кетган.
Тезкор гуруҳ аъзолари пиёда “Қатинкетган” кўли томон йўлга чиқиб, шулардан Каллибеков Даулетбай ва Калимбетов Азаматлар ярим йўлда қолиб кетиб, Торениязов Тлеунияз 43 километрлар чамаси масофада йўл юриб, артезиан қудуғига яқинлашганда, артезиан қудуқ тарафидан келаётган нотаниш фуқаролар автомобилига чиқиб, алоқага чиқиш учун сигнал чиқадиган жойга етиб бориб, мобиль телефон орқали қўмита раисига воқея ҳақида тезкор маълумот етказган.
Ҳозирги вақтда бешта браконьерлардан учтаси Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмаси шофёри Реймов Бухарбай, “Нурли келажак” МЧЖ иш бошқарувчиси Утебаев Анвар ва вақтинча ишсиз Инятов Маратлар ушланиб, Қораўзак тумани ички ишлар бўлимига вақтинча ушланиб турилибди.
Шунингдек қолган браконьерлардан иккитасининг шахслари ИИБ ҳодимлари томонидан аниқланиб, булар Сейтов Даняр ва Кутекешов Темур эканлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Мўйноқ туман прокуратураси томоиндан 2019 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Юқоридаги ҳолат бўйича Мўйноқ тумани ИИБ ҳодимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.