“Жониворларга меҳр кўрсатиш-соғлом экотизим гаровидир”

Мазкур  шиор остида ўтказилган илк итларнинг онлайн кўргазмаси Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ташаббуси билан “Happy animals” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.

-Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий кўзланган мақсад, инсонларни жониворларга нисбатан бефарқ бўлмаслик, жониворларга меҳр улашиш, ҳар қандай кўринишдаги жониворларга зўравонликдан тийиб туриш ва бундай ҳаракатлар учун жазони кучайтириш йўли билан жониворларни уларга нисбатан шафқатсиз ва нотўғри муносабатда бўлишдан ҳимоя қилиш инсоният бурчилигини тушунтиришдан иборатдир, деди Экологик партия раҳбари Комилжон Тожибоев. -Жониворларга шафқатсиз муносабатда бўлишнинг ижтимоий хавфлилиги, ҳайвонларни вояга етмаган шахслар кўз ўнгида қўпол ва асосланмаган равишда йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказишдан, ҳайвонларга нисбатан муносабатда бўлишнинг умумэътироф этилган инсонпарварлик принципларини қўпол бузишнинг олдини олишдир. Жониворлар хох у уй ҳайвонлари, хох қаровсиз ҳайвонлар бўлсин, барчасига меҳр-мурувват кўрсатиш, уларга озиқ-овқат улашиш, уларга бошпаналар қуриб бериш ҳам ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Мамлакатимизда ўта муҳим масала ҳисобланган одамларнинг ва ҳайвонларнинг ўзаро муносабатлари лозим даражада тартибга солинмаган. Уй ҳайвонларига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш, қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам кўрсатиш борасида мақсадли дастурларнинг йўқлиги, уй ҳайвонларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётган фуқароларни назорат қилиш ва жавобгарликка тортиш даражасининг самарасизлиги бугунги куннинг айни ҳақиқатидир. Ишонамизки, қабул қилинаётган қонун кейинчалик ҳам ишлаб, жониворларга азоб берган шахслар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилади. Албатта қонун қабул қилингач, уни амалга ошириш механизмини ҳам ишлаб чиқиш, жониворларга озор етказган ҳар қандай инсон, у ким бўлишидан қатъий назар жавобгарликка тортилиши зарур. Аммо ҳануз жониворларга нисбатан фуқаролар томонидан ваҳшийликлар содир этилиши давом этмоқда. Мазкур муаммо давлат миқёсида ҳал қилинмас, фарзандларимизни ёшлигидан табиатга, жониворларга меҳрли қилиб тарбияламас эканмиз, биз ўзимиз ўтирган шохга болта уришда давом этаверамиз.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон Экологик партияси маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар туман партия ташкилотлари, “Happy animals” МЧЖ, ҳомийлар, аҳоли ва ОАВ ҳодимлари иштирок этишди.

 Менинг 8 ойлик  немис овчаркаси зотидаги итим  3 ўринни эгаллади. Албатта уни дрессировкаси қийин кечди. Аммо ғолибликни қўлга киритганимиздан хурсандман. Ундан ташқари уйимизда иккита  биз кўчадан топиб олган итлар ҳам яшашади. Мен ўзим “Ҳаёт” хусусий итлар бошпанасининг кўнгиллисиман. Қўлимдан келганича уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Ҳукуматимиздан тезроқ давлат томонидан дайди жониворлар учун  бошпаналар очиш ва  уларни қийноққа солаётган, ўлдираётганларга қатъий чоралар кўришини истар эдим, дейди  кўргазма қатнашчиси Ангелина Латипова

Тадбир давомида ғолиб бўлган жониворлар ҳомийлар томонидан тақдирланиб, уларга уйлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўйламизки, бундай тадбирлар республикамиз бўйлаб ўтказилади. Экологик партиянинг жониворлар муаммосига юз тутганидан эса хурсандмиз. Айнан совуқ қиш кунларийда мамлакатимиз миқёсида уйсиз жониворларга эътибор берилиб,  уларни ҳимоялаш, озиқлантириш бўйича акциялар ўтказлса, бунга  ёшлар жалб қилинса дайди жониворларга нисбатан инсонийлик томон бир қадам ташлаган бўламиз.

Наргис Қосимова