Глобал углерод лойиҳаси (The Global Carbon Project) жорий йилда атмосферага чиқарилган CО2 гази миқдори ўтган йилга солиштирганда 0,6 фоизга кўпроқ бўлишини маълум қилди.
Рецензия қилинган уч илмий мақола муаллифлари CО2 кўламидаги ўсиш сабаби табиий газ ва нефть эканлигини хулоса қилишди.
Шарқий Англия университети профессори Коррин Ле Квер атмосферадаги CО2 концентрацияси миллионига 410 бўлак даражасига етиши кутилаётганини айтди. Бу эса сўнгги 800 минг йил ичида кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.
Саноат даври бошланганидан бери глобал иқлим бор-йўғи 1 фоизга кўтарилган бўлса-да, 2019 йилда иқлим ўзгариши бир неча кучли тўфон, қурғоқчилик, ўрмон ёнғини ва сув тошқини содир бўлишига ҳисса қўшди.
2019 йилда атмосферага чиқарилган заҳарли газлар кўлами секинроқ суратда ўсди, аммо йил якунида бу кўрсаткич 2015 йилга солиштирганда 4 фоизга юқорироқ бўлади. 2015 йилда Парижда жорий аср охирига қадар глобал исишни, саноатлашувдан олдинги давр билан солиштирганда, Цельсий шкаласи бўйича 2 даража ўсиш билан чеклашга келишиб олган эди. Шу кунгача ўртача ҳарорат деярли 1°C исиб улгурди ва зикр этилган келишувдаги мақсадга эришиш учун жуда оз имконият қоляпти.
Глобал углерод лойиҳаси ҳисоботида ёзилишича, атроф-муҳитни энг кўп ифлослантирувчи ёқилғи кўмир бўлиб, сўнгги икки йил ичида ундан фойдаланиш 10 фоизга қисқарган. Аммо Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар фаолияти ҳамда табиий газдан фойдаланиш кўлами ошгани учун атмосферага чиқариладиган заҳарли газларнинг умумий кўламида катта ўзгариш кузатилмаган.