Фарғона шаҳридаги “Сайқал” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг “Henan GX-Mach environmental Technoloji Co.LTD” компанияси ўртасида 7 млн долларлик тошдан қоғоз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тарихий шартнома имзоланди. Келишувга асосан,“Fergana stone paper company” Хитой –Ўзбекистон қўшма корхонаси таъсис этилди. 2019 йилнинг 25-27 апрель кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган “Бир макон-бир йўл” 2-Халқаро форумида Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев иштирок этиб, Ning Bo Stone Paper Environmental Materials Co., Ltd компанияси директорлар кенгаши раиси Томас Хоу билан учрашган эди. Бу лойиҳа Хитой делегациясининг Фарғона шаҳрига ташрифи чоғида ҳам муҳокама қилинган эди.
Бугунги кунда тарихий жараён устида турибмиз, -дейди “Сайқал” масъулияти чекланган жамияти менежери Темур Акрамов.- Чунки Фарғона шаҳридаМДҲ мамлакатларида ягона бўлган тошдан қоғоз ишлаб чиқариш саноати ташкил этиляпти. Лойиҳанинг 3 млн.593 млн. долларига ускуна ва технологиялар олиб келинади ва бир йилда 9 минг тоннадан зиёд тошдан қоғоз ишлаб чиқарилади.
Бир йилда мамлакатимизга 230 минг тоннадан ортиқ қоғоз маҳсулотлари импорт қилинади. Афсуски, ана шу қоғоз маҳсулотлари янгитдан қайта ишланмайди. Ўзбекистон учун бу лойиҳанинг аҳамиятли томони шундаки, катта миқдордаги валюта ресурслари иқтисод қилинади,
Лойиҳа ташаббускори Абдураҳмон Ниёзовнинг айтишича, қоғоз тайёрлаш жараёнида экологияга ҳеч қандай зарар етмайди, балки оддий тош ёки кальцийдан фойдаланилади. Лекин тош қоғознинг сифати целлюлоза қоғозникидан бутунлай фарқ қилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот экологик тоза. Масалан, одатий қоғоз ишлаб чиқариш жараёнидацеллюлозава катта миқдорда сув керак бўлади. Ана шу сувнинг учдан бир қисми заҳарли моддалар ҳисобланади. Тошдан қоғоз ишлаб чиқаришда эса сув керак бўлмайди. Бундан ташқари, маҳсулот сувда эримайди, ёзувлар узоқ муддат давомида ўчиб кетмайди. Аллергик касалликларни келтириб чиқармайди. Тан нархи ва сифат даражаси оддий қоғозга нисбатан бир неча баробар арзон.
Эслатиб ўтамиз, тошдан қоғоз ишлаб чиқариш индустрияси саноат даражасида фақатгина Хитой ва Тайван давлатларида йўлга қўйилган. Фарғона вилояти маъмурий марказида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида бугунги имзоланган шартнома эса ушбу мамлакатлар қаторига Ўзбекистонни ҳам киритиб қўйди.